Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Ёшлар учун ҳамда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилаётган кредитлар: шартлар, имтиёз ва тартиблар

Янгиланган сана:  19 Май 2021, 15:55

  • Оилавий тадбиркорликни қандай бошлаш мумкин?
  • Қайси соҳаларга имтиёзли кредитлар ажратилади?
  • Ёшлар учун имтиёзли кредит олишнинг шартлари нималардан иборат?

Марказий банкка келиб тушаётган мурожаатлар ва ижтимоий тармоқлардаги саволларни инобатда олиб, “Ижтимоий тармоқдан савол” лойиҳасининг навбатдаги мавзуси оилавий тадбиркорлик ва ёшлар учун ажратилаётган кредитларга бағишланди.

Саволларга Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш департаменти директори Актам САЙФУЛЛАЕВ жавоб берди.


Тадбиркорлик бошламоқчи бўлган ёшлар учун қандай имтиёзлар мавжуд, улар имтиёзли кредитдан фойдаланишлари учун қандай талабларга жавоб бериши керак?

 

 – Бугунги кунда тадбиркорликни бошлаш истагидаги ёшлар Президентнинг 13 октябрдаги ПҚ-4862-сонли қарори билан Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида имтиёзли кредит маблағларидан фойдаланишлари мумкин. Бундай кредитлар Марказий банкнинг асосий ставкасида, яъни ҳозирда 14 фоизда 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга ажратилади.

Оддийроқ айтганда, ёшлар дастлабки 3 йил давомида фақат кредит фоизини, 4-йилдан бошлаб эса кредит бўйича ҳам асосий қарз, ҳам фоиз тўловини тўлашади. Бунда, албатта, ҳар бир лойиҳанинг натижадорлиги, пул тушумлари ва бошқа жиҳатларини инобатга олган ҳолда муддат белгиланади. Кимнингдир лойиҳасига 3 йил, кимгадир 5 йил етарли бўлиши мумкин.

Ушбу дастур доирасида кредит олиш истагини билдирган ёшлар, даставвал, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотлари курсларини муваффақиятли тамомлаши, уларнинг махсус сертификатини олиши талаб этилади.

Ёшлар микрокредитлар олган ҳолда тадбиркорлик бошлашлари ҳам мумкин. Бунда микрокредитлар жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача таъминотсиз ажратилади;

Агар ёш тадбиркор микрофирма ва кичик корхона таъсис этган бўлса, учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари асосида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваригача микрокредит олиши мумкин.

Шунингдек, ёшлар ўз тадбиркорлик фаолиятини амалиётга тадбиқ этишлари учун бошқа дастурлар (24.10.2020 й. ПҚ-4498-сон ва 27.03.2021 й. ПҚ-5041-сон қарорларга асосан), жумладан, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш, Ҳунармандчиликни ривожлантириш ва Бандликка кўмаклашиш дастурлари доирасида ҳам имтиёзли кредит олиш имкониятига эгалар.


Ҳозирда давлатимиз томонидан оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Айтинг-чи, оилавий тадбиркорликни  ривожлантириш дастурлари доирасида кредит ажратишнинг асосий шартлари нималардан иборат?

  – Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилиш ва тадбиркорлик субъектларига турли хилдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, ҳунармандчилик, косибчилик, умуман олганда, амалдаги қонунчилик билан тақиқланмаган кичик ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш борасидаги тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш мақсадларига ажратилади.

Одатда мазкур дастурлар доирасида имтиёзли кредитлар Марказий банкнинг асосий ставкасида 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади.

Шу билан бирга, айрим турдаги фаолиятни ташкил этиш учун тадбиркорнинг бизнес-режаси, даромадлилик даражаси ва кредитларни қайтариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда кредитлар ажратилади.

Хусусан:

-  боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш лойиҳалари учун ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида ёшларнинг бизнес лойиҳаларига 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга;

- чорвачилик, яъни қорамол, қўй ва эчки сотиб олиш учун 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ажратилиши мумкин.

Бунда кредит бўйича имтиёзли давр ва кредитни қайтариш муддати юзасидан банк филиали, сектор раҳбарлари ва туман (шаҳар) Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказларининг асослантирилган ва натижадорлиги аниқ ҳисоб-китоб қилинган ҳолдаги хулосаси бўлиши зарур.

Шунингдек, кредитлар оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва тадбиркорлик фаолиятларининг узлуксизлигини таъминлаш, яъни ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш учун зарур айланма маблағларни шакллантиришга 18 ой муддатгача револьвер тарзида ҳам берилиши мумкин.


– Ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушган саволлар орасида “банк менга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит ажратмаяпти, аризамни рад этяпти”, деган мазмундагиси ҳам бор. Кимларга ва қандай мақсад билан кредитлар ажратиш рад этилади?  

 

– Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратилмасдан, рад этилишининг қатор омиллари белгиланган. Хусусан:

илгари олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;

савдо-воситачиликни амалга ошириш;

умумий овқатланиш ташкилотларининг айланма маблағларини шакллантириш;

ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) мақсадлари учун ишлатилмайдиган шахсий мулкни (мебель, уяли телефон, маиший техника ва бошқалар) сотиб олиш;

енгил автотранспорт воситалари (ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда иштирок этувчи кичик мототранспорт воситалари бундан мустасно), жумладан, йўловчи ташувчи автомобиллар сотиб олиш;

маъмурий харажатларни тўлаш, жумладан, хизмат автомобиллари таъминоти;

бино ва иншоотлар сотиб олиш ва қуриш учун ажратилмайди.

Бироқ оилавий тадбиркорликни ривожлантинриш дастурлари доирасида айрим ҳолларда бино ва иншоотлар сотиб олиш ва қуриш мақсадларига истисно тарзида кредитлар берилиши мумкин.

Жумладан:

Ўзбекистон Республикаси Президентиинг 2019 йил 28 ноябрдаги ПҚ-4539-сон қарорига мувофиқ, “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, “уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй-музейи ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун;

Шунингдек, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш дастури бўйича дала дўкони, уруғлик, минерал ўғит ва кўчат дўконлари ташкил қилиш бўйича кўзланган мақсадлар ҳамда енгил конструкцияли бино ва иншоотлар қуриш учун кредитлар ажратилиши кўзда тутилган.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит олиш истагида бўлган фуқаролар эътибор қаратишлари ва билиб олишларини истардик:

Қарз олувчиларга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилган кредит маблағлари бўйича мавжуд қарздорлик тўлиқ сўндирилмагунга қадар, шунингдек, аввал ажратилган кредитлардан мақсадсиз фойдаланган жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектларига ушбу дастурлар орқали янги кредит маблағлари олишга рухсат берилмайди.


 – Ижтимоий тармоқ орқали яна шундай савол келиб тушган: мен оилавий тадбиркорлик дастури доирасида кредит олмоқчиман? Чекка ҳудудда истиқомат қилганим сабабли менга нақд пулдан фойдаланиш қулай. Ушбу дастурлар доирасида кредитни нақд пул шаклида олишим мумкинми?



 – Ўзбекистон Республикаси Президентиинг 2021 йил 27 мартдаги ПҚ-5041-сонли қарорида Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар нақд пулда берилиши кўзда тутилган.

Жумладан, қарз олувчи – жисмоний шахсларнинг молиялаштирилаётган лойиҳаларининг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб, кредит ҳисобига олинадиган товарни пул ўтказиш йўли билан сотиб олиш имконияти бўлмаганда микрокредитнинг 5 млн. сўмгача қисми нақд пулда берилиши мумкин. Фақат нақд пулдаги кредитлар туман (шаҳар)лар марказларининг бу ҳақидаги хулосасига асосан, масалан, касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хомашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олишлари учун ажратилади.

Шу билан бирга, ўз кучи билан иссиқхона ташкил этиш, таъмирлаш, қуриш ва бошқа турдаги кичик ҳажмли ишларни бажариш кўникмасига эга бўлган қарз олувчиларга ушбу мақсадларни амалга оширишлари учун кредитнинг бир қисми керакли хом-ашё ва маҳсулотлар учун нақд шаклда ажратилади. Бунда ишлар бажарилгандан сўнг етказиб берувчиларнинг ҳисобрақамига маблағ ўтказиб берилиши ва меҳнат ҳақи билан боғлиқ қисми нақд пул кўринишида берилиши мумкин. 


– “Яқинда тадбиркорлар аризаларини банкка бормасдан интернет орқали осонгина йўллаш имконини берувчи платформа ишга туширилганини эшитдим. Ушбу платформага қандай уланиш ва аризаларни қандай юбориш мумкин?”


 – 2021 йил 1 апрелдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит аризалари Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ижтимоий дастурлари ягона электрон платформаси www.oilakredit.uz орқали қабул қилинмоқда.

Ушбу платформа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 мартдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ижтимоий дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5041-сонли қарорига асосан ташкил этилди.

Бундан кўзланган мақсад, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштиришда шаффоф механизмни яратиш, фуқароларга кредит ажратилишида ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, қарор қабул қилиш тизимининг ҳар бир босқичини назорат қилиш, секторлар ва тижорат банкларининг дастурдаги фаолиятини баҳолаш ҳамда фуқароларнинг тадбиркорлик кўникмаларини оширишдан иборат.

Янги механизм орқали келиб тушаётган аризалар Оилавий тадбиркорлик марказлари (ҳокимнинг биринчи ўринбосари, сектор раҳбари ва МФЙ раиси) томонидан жойига чиққан ҳолда қарз олувчининг амалга оширадиган фаолият тури учун шароити, имконияти ҳамда етарли билим ва тажрибаси беш кун давомида ўрганиб чиқилади.

Фуқаролар эътибор қаратишларини сўрар эдик. Ариза юборилгандан сўнг беш иш кунида туман(шаҳар) марказлари томонидан кўриб чиқилади, фақат электрон платформа орқали белгиланган муддат келгандан сўнг. Сабаби, ҳозирда платформа орқали бир кунда 5 мингдан ортиқ аризалар келиб тушмоқда. Улар имкон қадар тезкор кўриб чиқилиб, Оилавий тадбиркорлик марказларига тақдим этилади ва сўнгра жойига чиққан ҳолда ўрганилади.

Оилавий тадбиркорлик марказлари томонидан ижобий хулоса берилган аризалар бир иш кунида масъул банк томонидан скоринг тизими орқали текширилади ва скоринг натижаларига кўра молиялаштирилади.

Тадбиркорлар ўз аризалари ҳолатидан, қай босқичда эканлигидан хабардор бўлиб туришлари учун ҳар бир босқич натижаси мурожаатчига СМС-хабарнома шаклида юборилади.


 Ижобий хулоса олган тадбиркорга кредитлар қачон берилади? 


 Кредитлар қарз олувчи, яъни тадбиркор мустақил танлаган маҳсулот етказиб берувчи (иш бажарувчи) ташкилот томонидан шартнома асосида келишилган нархда маҳсулотлар етказиб берилгандан  (иш бажарилганидан) ва тадбиркор ундан қаноатланиш ҳосил қилганидан сўнг ажратилади. Бунда тегишли банк вакили томонидан ўтказилган мониторинг натижасига кўра қарз олувчининг тўлов топшириқномаларига мувофиқ нақд пулсиз шаклда таъминотчига пул ўтказиб берилади.

Бундан ташқари, мазкур платформа доирасида фуқароларнинг тадбиркорлик кўникмаларини оширишга қаратилган муваффақиятли “Бизнес йўналиш”лар, дастурга доир маълумотлар, таъминотчи корхоналар бўйича маълумотлар, видео лавҳалар, интерактив савол-жавоблар каби қўшимча қулайликлар яратилган ва бу борадаги ишлар янада такомиллаштирилиб борилмоқда.

Мавжуд ресурслардан келиб чиққан ҳолда кредит бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилингандан сўнг Электрон платформада қайд этилган муддатда қарз олувчи ва тижорат банки ўртасида кредит шартномаси тузилади.

Ҳозирда “oilakredit.uz” домени тест режимида ишламоқда. Жорий йил апрель-май ойлари давомида мазкур платформа орқали аризалар бериш, маълумотлар базасидан фойдаланиш юзасидан ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида тушунтириш ва ўқитиш ишлари амалга оширилмоқда. 


– Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредит олувчи учун таъминотчилар белгиланишидан мақсад нима?


 – Дастурлар доирасида кредитлар ажратишда таъминотчиларни белгилаш амалиёти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 июндаги 02/1-944-сонли кўрсатма хати асосида бекор қилинган.

Унга кўра, фақат наслли чорва моллари (қорамол, қўй, эчки) етказиб берувчилар рўйхати уларнинг етарлича имкониятлари мавжудлиги инобатга олинган ҳолда тасдиқланиши белгилаб қўйилган.

Бошқа турдаги маҳсулот ва хизматлар учун кредит маблағлари қарз олувчилар томонидан эркин тарзда, тузилган шартномаларга асосан маҳсулот етказиб  берувчи (хuзмат кўрсатувчи)лар ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши мумкин.

Дастурлар доирасида чорва молларини етказиб берувчи таъминотчилар рўйхати белгиланишидан кўзланган асосий мақсад – бу етказиб бериладиган маҳсулот нархлари сунъий ўсишининг олдини олиш орқали нарх мақбуллигини таъминлашдан иборат.

Ушбу чоралар истеъмол маҳсулотлари, яъни гўшт ва сут маҳсулотларининг асоссиз ошиб кетишининг олдини олишга, қарз олувчилар ва таъминотчилар томонидан имтиёзли маблағларни нақдлаштиришни чеклашга қаратилган.

Ҳалол таъминотчиларни танлаш ва уларнинг маҳсулотлари нархи мақбуллигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2019 йил 2 майда ўтказилган 16-сон (2019 йил 4 майдаги 9929-хх-сон) йиғилиш баёни, Вазирлар Маҳкамасининг 1-сон мажлис баёни (2019 йил 2 апрелдаги 02-02/1-944-сон) билан ҳокимликлар зиммасига юклатилган. Бу борада ҳудудий ҳокимликлар томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 


– Банк тадбиркор учун кредит ажратаётганда, албатта, маблағнинг самарали сарфланиши ва келгусида ўз вақтида қайтарилишига ҳам эътибор қаратиши зарур. Кредитларнинг мақсадли йўналтирилиши бўйича қандай чора-тадбирлар белгиланган?


 –Берилган савол ўринли. Кредитларнинг мақсадли фойдаланилишини таъминлаш чоралари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ПҚ–3777-сонли қарори билан кўзда тутилган.

Хусусан, мазкур қарор билан Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш туман ва шаҳар марказлари зиммаларига ҳар ойда камида бир марта тадбиркорликни янги ташкил қилган оилаларга бориб, фаолияти давомида юзага келаётган муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш ва ажратилган имтиёзли кредитлардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш вазифалари юклатилган.

Шу билан бирга, кредитларнинг мақсадли фойдаланилишини таъминлаш учун кредит олувчи танлаган маҳсулот етказиб берувчи (иш бажарувчи) ташкилот томонидан маҳсулотлар етказиб берилгандан (иш бажарилганидан) сўнг кредит маблағлари таъминотчига ажратиб берилиши белгилаб қўйилган.

Яна бир нарсани таъкидлаш зарурки, ўтган йиллардаги тажриба ва таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, фуқаро ўзини ўзи банд қилиш лойиҳаси учун, айтайлик тикувчилик учун 3-10 млн. сўм, қуёнчилик ва асаларичилик учун 8 млн. сўм етарли бўлса-да, олиш мумкин-ку деган мазмунда иш тутиб максимал сумма 30-36 млн сўмга ариза бермоқда. Бу эса айрим фуқаролар дастур доирасида кредит олишдан олдин аниқ ҳисоб-китоб қилмасдан, амалга оширишни мўлжаллаган фаолияти учун зарур суммани асослантирмасдан, кредит олишга уринишаётганидан далолат беради.

Шу сабабли дастур координаторлари томонидан ҳудудий Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказларига кредит ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва самарали ишлатилишини таъминлаш мақсадида лойиҳаларни чуқур таҳлил қилган ҳолда зарур миқдорда кредитлар ажратилиши ва керагидан ортиқча кредит ажратилишига йўл қўйилмаслиги юзасидан қатъий чораларни кўриш борасида кўрсатма берилган.


Кредитларнинг мақсадли фойдаланилиши бўйича мониторинг қандай олиб борилиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?


 – “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган фуқароларга ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилишини мониторинг қилиш масъулияти тижорат банклари билан бирга мос равишда туман (шаҳар) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда сектор раҳбарлари, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини раислари зиммасига юклатилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4231-сонли қарорида сектор раҳбарлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ўзлари раҳбарлик қилаётган ҳудудларга ажратилган имтиёзли кредитларнинг мақсадли ишлатилиши таъминланишида ва кредитларнинг белгиланган муддатда қайтарилишига масъул эканлиги белгиланган ҳамда бу борада тижорат банкларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш вазифаси юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 мартдаги ПҚ-5041-сонли қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда сектор раҳбарлари Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари бўйича кредитларнинг белгиланган муддатларда қайтарилиши таъминланишида ваколатли банкларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиши белгиланган.

 

 




 
USD = 10777.04
+19.47
EUR = 12140.34
+66.04
RUB = 142.21
-2.13
GBP = 14350.71
+6.57
JPY = 94.56
+1.31
CHF = 11631.99
+109.31
CNY = 1686.60
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X