Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Банк хизматлари замонавий талабларга мослаштирилмоқда

Янгиланган сана:  12 Мар 2020, 17:18
12 Мар 2020

2020 йил 11 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Марказий банк томонидан банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш борасида қонунчиликдаги ўзгартиришлар, банкларда тўлов тизимлари ва ахборот коммуникация технологиялари (АКТ) инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

f83a25d2c75858994cf92

Тадбирда қайд этилганидек, ҳозирги замон талаби ва халқаро тажрибадан келиб чиқиб банк тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш Марказий банк фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир.

Янги таҳрирда қабул қилинган “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 9-боби айни шу масалаларни қамраб олди. Ушбу қонунда Марказий банк томонидан банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир амалдаги норматив ҳужжатларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан:

  • банк қарз олувчининг ёки гаровга қўювчининг суғурта компанияси ёки баҳоловчини танлаш ҳуқуқини чекламаслиги;

  • банк қарз олувчи томонидан шартномага асосан кредит бўйича қарздорлик суммасини тўлаш мажбурияти тўлиқ бажарилган санадан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмаган ҳолда мазкур қарз бўйича гаровда турган мулкни тақиқдан чиқариш чораларини кўриши;

  • банк томонидан мижознинг банк ҳисобварағи бўйича амалиётлар тўхтатиб қўйилганда, шунингдек, кредитлар бўйича қарздорликларни сўндириш учун мижознинг банк ҳисобварағидан маблағлар ҳисобварақ эгасининг топшириғисиз ҳисобдан чиқарилганда, банк ушбу маблағ ҳисобдан чиқарилган санадан бошлаб кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ҳисобварақ эгасига хабарнома юбориши;

  • кредит шартномасида кредит маблағларини бериш муддати, шартлари ва улардан фойдаланиш тартиби аниқ кўрсатилиши;

  • кредит шартномасида кредит маблағларини бериш мажбуриятини бажармаганлиги ёки ўз вақтида бажармаганлиги учун банк қарз олувчи олдида кредитор сифатида ўз жавобгарлигини акс эттириши;

  • кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар кредит суммаси қарз олувчи томонидан кўрсатилган бошқа ҳисобвараққа ўтказилган ёҳуд қарз олувчига нақд пул кўринишида берилган санадан бошлаб ҳисобланиши;

  • агар кредит шартномасида кредитни сўндириш даврида имтиёзли давр кўзда тутилган бўлса, унда имтиёзли даврнинг бошланиш куни кредит берилган санадан ҳисобланиши;

  • банк қарз олувчига кредит шартномасида назарда тутилган кредитни беришдан бутунлай ёки қисман бош тортган тақдирда, қарз олувчига кредит бериш тўхтатилганлиги ва унинг сабаблари юзасидан ёзма хабарнома юбориши;

  • кредит бўйича молиялаштиришни бошлаш муддатлари ва/ёки фоиз ставкаси ўзгарганда, кредит қисман муддатидан олдин сўндирилиши муносабати билан кредит бўйича тўловларни амалга ошириш саналари ва муддатлари ёки оралиқ кредит тўловларининг миқдорлари ўзгарганда, кредит шартномасига илова қилинган кредитни қайтариш жадвали янгидан расмийлаштирилиши кераклиги тўғрисида қоидалар ишлаб чиқилди ҳамда амалиётга жорий этилди.

Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда бугунги кунда тижорат банкларида ушбу йўналишда бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Банк тизими рақамли технологияларни қўллаш орқали истеъмолчилар учун янги банк маҳсулотларини жорий этиш ва дастурий таъминотлар бўйича замон талабларига етиб олиш учун банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида 2020 йилда Марказий банк томонидан қуйидаги масалаларга, яъни:

  • аҳолининг банк тизимига нисбатан ишончини ошириш;

  • тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган банк хизматлари тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлиги ва уларни ошкор этилишини таъминлаш;

  • банк тизимида мижозларга хизмат кўрсатишдаги тизимли камчиликларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш;

  • аҳолининг молиявий саводхонлик даражасини ва молиявий хизматлар оммабоплигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Банк соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий мақсади – тижорат банкларини мижоз учун ишлашга ўргатишдан иборат. Бинобарин, соҳа учун замонавий кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини мунтазам равишда ошириб бориш борасида кўрилаётган ишлар ҳам изчил давом эттирилади.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 1 ноябрда “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши тўлов тизимлари ва уларнинг таркибий қисмларига бўлган талаблар, тўлов тизимларини назорат қилиш ва кузатиб бориш, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларини лицензиялаш, электрон пул эгаларини идентификациялаш тартиби ҳамда тўлов тизимларида хавфсизлик ва ахборот муҳофазасини таъминлашга доир нормалар билан бойитилдики, бу мамлакатимизда банк хизматларини кўрсатишнинг зарур қонуний платформасини яратди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 сентябрдаги “Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Марказий банк ҳузурида Миллий банклараро процессинг маркази (МБПМ) ташкил қилинди. Ушбу марказ ягона унификацияланган тўлов инфратузилмасини шакллантириш орқали:

  • молиявий технологияларни ривожлантириш, банк хизматларини рақамлаштириш ва чакана банк хизматлари оммабоплигини ошириш учун рақобат муҳитини ривожлантириш;

  • чакана тўлов тизимлари фаолиятининг ишончлилигини ошириш;

  • тижорат банклари томонидан замонавий банк маҳсулотларини амалиётга татбиқ қилиш учун имкониятлар яратмоқда.

“Aнор” тезкор тўловлар тизимининг ишлаб чиқилиши ҳам ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар самарасидир. Мазкур янги тизим юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ўртасида реал вақт режимида банклараро пул ўтказмаларини амалга ошириш имконини беради ва 24/7 вақт давомида (дам олиш ва байрам кунлари ҳам танаффуссиз) ишлайди.

Маълумки, бутун дунёда электрон тўловларни амалга оширишда QR-кодлардан фаол равишда фойдаланилади. Бу амалиёт республикамизга ҳам жадаллик билан кириб келмоқда. Хусусан, харидор ўз банк тўлов картасини смартфондаги иловага боғлайди, савдо тармоқларида харид қилишда ёки хизматлар учун тўловни амалга оширишда банк картасидан фойдаланмай, мазкур илова ёрдамида ҳисоб-китоб қилади. Ҳисоб-китобнинг бундай усули харидор учун ҳам, сотувчи учун ҳам оддий банк пластик картасидан тўловни амалга оширишдан кўра қулайроқ. QR-код қўлланилганда картани қабул қилиш учун терминалдан фойдаланилмайди – унинг ўрнини смартфон босади.

Банкларда масофавий хизмат турларини кенгайтириш, жумладан, банк мобиль илова дастурлари имкониятларини янада ошириш бўйича зарурий чоралар кўрилмоқда.

Марказий банк томонидан 2020 йилда мазкур соҳа ва йўналишда қуйидаги ишлар ижросини таъминлаш режалаштирилмоқда:

  • миллий чакана тўлов тизимлари инфратузилмасини янада кенгайтириш орқали банк карталари орқали кўрсатилаётган хизмат турларини кўпайтириш ҳамда тўлов хизматлари бозорида рақобат муҳитини шакллантириш;

  • тўлов тизимлари субъектларини назорат қилиш механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш;

  • банк мижозларига кўрсатилаётган янги, инновацион ва масофавий хизмат турларини кенгайтириш ишларини янада жадаллаштириш;

  • чакана савдо ва хизмат кўрсатиш пунктларида тўловларни картадан фойдаланмасдан NFC технологияси асосида тўлаш механизмини яратиш;

  • банкларнинг автоматлаштирилган банк тизимларини (АБС) янада такомиллаштириш орқали банк хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш чоралари кўриб борилади.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга Марказий банкнинг мутасадди ходимлари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

USD = 12697.00
+2.04
EUR = 13547.70
+38.99
RUB = 135.05
+0.39
GBP = 15836.97
+11.43
JPY = 82.23
+0.12
CHF = 13966.56
+37.48
CNY = 1753.95
-0.18
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X