Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 11 декабрдаги «Қимматли қоғозлар Марказий депозитарийси» акциядорлик жамияти фаолиятини трансформация қилиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ жамиятнинг янги ташкилий тузилмаси ҳамда 2026–2027 йилларга мўлжалланган йўл харитаси тасдиқланди.
Мазкур қарорда Қимматли қоғозлар Марказий депозитарийси фаолиятини ривожлантириш, шу жумладан рақамли трансформация жараёнини жадаллаштириш, хорижий ва маҳаллий инвесторларга хизмат кўрсатиш сифатини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ҳамда қимматли қоғозлар бозорида пост-трейдинг хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш вазифалари кўзда тутилган.
Шу муносабат билан жамиятда трансформация масалалари бўйича Лойиҳа офиси ҳамда мазкур йўналишга масъул бўлган бош директорнинг биринчи ўринбосари лавозими ташкил этилди.
Қимматли қоғозлар Марказий депозитарийси Бош директорининг биринчи ўринбосари лавозимига Валиев Санжар Шавкатович тайинланди.
Бунга қадар С. Валиев Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида Халқаро захираларни бошқариш департаменти директори лавозимида ишлаб келган. Хусусан, халқаро захиралар таркибини диверсификация қилиш мақсадида хорижий давлатлар қимматли қоғозларига бирламчи инвестиция киритиш ҳамда захираларни бошқариш амалиётини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштиришда ўз ҳиссасини қўшган. Шунингдек, иш фаолияти давомида хорижий марказий банклар, халқаро молия ташкилотлари ҳамда дунёнинг етакчи банклари билан ҳамкорлик қилиб келган.