ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ
Пресс-релизи
Қайта молиялаш ставкаси ўзгаришсиз қолдирилди
Марказий банк Бошқарувининг 2019 йил 19 октябрдаги қарори билан қайта молиялаш ставкаси йиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.
Мазкур қарорни қабул қилишда иқтисодиётда инфляция ва инфляцион кутилмалар динамикасининг сақланиб қолиши, бир марталик инфляцион шокларнинг юзага келиши шароитида фоиз ставкаларини янада оширишда хорижий валютадаги кредитлар ўсиши ҳамда кредит бозорида сегментациянинг кучайиши борасидаги айрим хавотирларнинг мавжудлиги ва тижорат банклари молиявий барқарорлигини таъминлаш вазифаларини инобатга олиб, эҳтиёткорона ёндашувни қўллаш заруриятидан келиб чиқилди.
Жорий йилнинг дастлабки 7 ойида иқтисодиётда инфляцион жараёнлар базавий прогноз сценарийсига асосан ривожланиб борди. Мазкур сценарийда истеъмол нархларининг йиллик ўсиш прогнози 13,5-15,5 фоиз оралиғида бўлиши назарда тутилган эди.
Лекин, жорий йилнинг III чорагида муқобил сценарийда назарда тутилган алоҳида инфляцион хатарлар вужудга келди ва инфляциянинг тезлашишига сабаб бўлди.