Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банкнинг 2019 йил якунлари бўйича пул-кредит сиёсати кўрсаткичлари тўғрисида дастлабки МАЪЛУМОТЛАРИ

Янгиланган сана:  17 Янв 2020, 09:00
8 Янв 2020

I. 2019 йил учун пул-кредит сиёсати кўрсаткичлари

2019 йилда умумий пул массаси 13,8 фоизга ошиб, 91,3 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, миллий валютадаги пул массаси 14,4 фоизга ортди (62,8 трлн. сўмни ташкил этди). Бунда 2019 йил давомида пул массаси таркибида ижобий ўзгаришлар кузатилди. Хусусан:

миллий валютадаги жами муддатли депозитлар ҳажми 43 фоизга, жумладан, аҳоли омонатлари ҳажми 54 фоизга ошди;

муомаладаги нақд пуллар миқдорининг ўсиш суръати умумий пул массаси ўсишига нисбатан паст бўлиб, 9,4 фоизни ташкил этди. Натижада умумий пул массасидаги нақд пуллар улуши 2019 йил давомида 27,6 фоиздан 26,6 фоизгача пасайди;

аҳоли омонатларининг умумий депозитлардаги улуши 25 фоиздан 31 фоизгача кўпайиб, уларнинг ҳажми 20,6 трлн. сўмга етди.

Умуман олганда, мазкур тенденция аҳолининг банк тизимига бўлган ишончи аста-секинлик билан ортиб бораётганлигидан ҳамда пул-кредит сиёсати чораларининг  иқтисодиётдаги жамғариш фаоллигига ижобий таъсир кўрсатаётганлигидан дарак беради.

Ички ресурслар чекланганлиги ва мамлакатнинг ташқи қарз юки кўрсаткичининг нисбатан пастлиги шароитида йиллар давомида йиғилган “инвестицион чанқоқлик”, шунингдек, долзарб иқтисодий вазифаларни ҳал этиш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш орқали иқтисодиётдаги номутаносибликларни бартараф этиш зарурияти ташқи қарзни ошириш имкониятидан фойдаланишга туртки бўлди.

Бу ўз навбатида, тижорат банкларининг хорижий кредит линияларини жалб қилиш фаоллигининг ошишига ҳамда истеъмол кредитлари бозорининг ривожланишига олиб келди. Натижада иқтисодиётдаги кредит қўйилмалари қолдиғи 50,9 фоизга ошиб 208 трлн. сўмни ташкил этди. Бунда миллий валютадаги кредитлар қолдиғи 48,7 фоизга (шу жумладан, аҳоли учун кредитлар 63,5 фоизга), хорижий валютадаги кредитлар қолдиғи 53,8 фоизга ошди. 

II. Иқтисодиётнинг ташқи мувозанатлашуви ва курс сиёсати

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ташқи иқтисодий операциялар ҳажми ўртача 1,2 бараваргаўсган ҳолда, 2019 йил якуни бўйича тўлов балансининг жорий операциялар ҳисобрақамидаги дефицит 2018 йилга нисбатан 0,8 млрд. долларга пасайиб, 2,8 млрд. долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Импортнинг сезиларли қисми банкларнинг хорижий валютадаги кредитлари (6,2 млрд. долл.) ҳисобидан молиялаштирилгани инобатга олинса, жорий операциялар ҳисобрақамидаги дефицитнинг вужудга келиши валюта бозори ва алмашув курсига жиддий босим ўтказмади.

Олтин валюта захиралари “нейтраллиги”ни таъминлаш ёндашувининг татбиқ этилиши уларнинг ўсиш динамикасини сақлаб қолди. Мазкур захиралар ҳажми йил бошига нисбатан 2,2 млрд. долларга ошиб, 2019 йил якунида 28,6 млрд. долларни ташкил қилди. 

Валюта бозори

2019 йилда ички валюта бозорида ялпи талаб ҳажми 37 фоизга ўсиб, 15,5 млрд. долларни, таклиф ҳажми эса 44 фоизга ўсиб, 11,7 млрд. долларни ташкил этди.

Монетар олтинни сотиб олиш натижасида вужудга келган 36,6 трлн. сўмлик қўшимча ликвидликни стерилизация қилиш мақсадида Марказий банк томонидан 33,6 трлн. сум эквиваленти миқдорида валюта маблағлари ички валюта бозорида сотилди.

Бунда 2019 йилда Марказий банкнинг валюта интервенциялари валюта курсининг фундаментал трендига таъсир қилмаган ҳолда алмашув курсининг бозор шароитлари асосида шаклланиши доирасида амалга оширилди.

Алмашув курси динамикаси

Алмашув курси динамикаси ўзида ички ва ташқи омиллар таъсирини акс эттирган ҳолда валюта бозоридаги талаб ва таклиф жорий нисбатидан келиб чиқиб шаклланди.

2019 йилнинг биринчи ярмида талаб ва таклифнинг бир маромда ошиши ҳамда мақсадли сотув ҳажмига нисбатан камроқ интервенциялар амалга оширилган шароитда валюта биржасида савдо сессияларида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси 2,8 фоизга пасайди.

Ўз навбатида, йилнинг июль ва август ойларида, айрим асосий савдо ҳамкор давлатлар валюталарининг қадрсизланиши туфайли девальвацион кутилмаларнинг ошиши, шунингдек, валютага бўлган талабнинг ортиши ва Марказий банк интервенцияларининг ўсиши таъсирида сўмнинг алмашув курси маълум маънода тўғриланиб, 10,2 фоизга қадрсизланди.

2019 йилнинг кейинги ойларида алмашув курси нисбатан барқарор бўлди, яъни 2019 йил сентябрь-ноябрь ойларида 1,3 фоизга қадрсизланган бўлса, декабрь ойида бироз қадри ошди (0,1 фоизга).

Умуман олганда, 2019 йилда миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси йил бошига нисбатан 13,9 фоизга қадрсизланди (8341 сўм/доллардан 9501 сўм/долларгача).

III. Инфляциянинг 2019 йилдаги омиллари ва прогнози

“Пул-кредит сиёсатининг 2019 йил ва 2020-2021 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”да кўрсатиб ўтилган Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг асосий сценарийсига кўра, 2019 йил учун инфляциянинг прогноз кўрсаткичи 13,5-15,5 фоиз даражасида белгиланган эди. Марказий банк 2019 йил давомида қайта молиялаш ставкасини кўриб чиқиш жараёнида инфляциянинг прогноз даражасини ўзгаришсиз сақлаб қолди.

2019 йил якунларига кўра, инфляция даражаси прогноз коридорининг юқори чегарасида шаклланиб, 15,2 фоизни ташкил этди.

Айни пайтда 2019 йил давомида инфляция динамикаси турли йўналишли хусусият касб этди. Хусусан, йилнинг биринчи ярмида йиллик инфляция даражаси 13-13,5 фоизгача пасайиб, мазкур кўрсаткичда маълум муддат сақланиб тургандан сўнг, йилнинг иккинчи ярмида инфляция динамикаси ўсувчи трендга эга бўлди.

Тартибга солинадиган нархларни эркинлаштирилиши, банкларнинг кредитлаш фаоллигининг ошиши ҳамда давлат харажатларининг ўсиши каби инвестицион ва истеъмол талабини рағбатлантирувчи омиллар, 2019 йилнинг иккинчи яримида нисбатан юқори инфляция даражасини юзага келишига олиб келди.

Хусусан, июль-август ойларидаги тартибга солинадиган нархларнинг ўсиши билан бирга миллий валюта алмашув курси девальвациясининг тезлашиши, ойлик инфляция даражасининг 2019 йил август ойида 2,9 фоизгача ўсишига асосий омил бўлди (2018 йил август ойида – 0,3 фоиз).

2019 йилнинг IV чорагида инфляция ўсиш суръатларининг 2018 йилнинг мос даврига нисбатан маълум даражада секинлашиши кузатилди (0,7 фоиз бандга).

Бунда 2019 йил давомида ун ва нон маҳсулотлари нархларининг ошиши йиллик инфляцияга маълум даражада босим яратди.

Шунингдек, 2019 йилда тартибга солинадиган нархлар ўртача 21,6 фоизга, хусусан, нон – 40 фоизга, газ – 18,8 фоизга, электр энергияси – 18 фоизга ва бензин – 17,6 фоизга ўсди.

Об-ҳаво шароитлари мева-сабзавотлар нархларида ўз аксини топди. Хусусан, мевалар нархи – 21,4 фоизга, картошка – 11,7 фоизга ва гуруч – 5,8 фоизга қимматлашди.

Бундан ташқари, жойларда озуқа-ем захираларининг етишмовчилиги масаласи ҳам гўшт маҳсулотларининг нархига таъсир этди ва уларнинг нархи 23,4 фоизга ошди.

Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш соҳасидаги нархлар ўсишида тезлашиш кузатилди, бунда йўловчи транспорти хизмати – 13 фоизга, таълим хизматлари – 22 фоизга қимматлашди.

2020 йилдан бошлаб инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш доирасида 2021 йилда инфляция даражасини бир хонали сонга, 2023 йилга келиб эса мақсадли кўрсаткич – 5 фоизга пасайтириш бўйича қатъий чоралар кўрилиши назарда тутилмоқда.

2020 йил учун инфляциянинг базавий прогнози 12-13,5 фоиз даражасида белгиланган.

Инфляциянинг прогноз даражасига эришиш мақсади, иқтисодиётга кредит қўйилмалари ўсиш суръатларини 20-25 фоиз атрофида, яъни номинал ялпи ички маҳсулот ўсишининг прогноз қилинаётган даражасида таъминланишини талаб этади.

Шунингдек, солиқ-бюджет сиёсати соҳасида умумий фискал баланс дефицити қисқариши назарда тутилган. Хусусан, умумий фискал баланс дефицитининг 2019 йилдаги ЯИМга нисбатан 4 фоиздан 2020 йилда 2,7 фоизга қисқариши, 2022 йилда 1,5 фоизгача босқичма-босқич пасайиб бориши ва келгуси йилларда ушбу даражада ушлаб турилиши кўзда тутилган.

Бунда лозим даражадаги пул-кредит сиёсати олиб борилиши ва фискал баланс дефицити қисқариши шароитида, хусусий ва хорижий инвестициялар ҳажмининг ошиши иқтисодий ўсиш суръатларини белгиланган прогноз параметрларида ушлаб туришга хизмат қилади.

Келгуси йилда инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига эришиш учун иқтисодиётда реал фоиз ставкаларининг ижобийлигини таъминлаш чоралари кўрилади.

Бундан ташқари, 2020 йилда инфляция даражасини пасайтириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган муҳим таркибий ислоҳотларнинг амалга оширилиши иқтисодиётда номонетар омилларнинг нархлар ўсишига таъсирини минималлаштириш имконини беради. 

USD = 12654.57
-12.43
EUR = 13483.44
+1.95
RUB = 135.26
-0.51
GBP = 15799.23
+26.28
JPY = 82.24
-0.39
CHF = 13860.43
+4.6
CNY = 1748.18
-2.03
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X