Марказий банкда тижорат банкларининг хатарларни таҳлил этиш ва бошқаришга масъул мутахассислари билан биргаликда Ўзбекистон молия тизими барқарорлигига таъсир қилиши мумкин бўлган тизимли хатарлар мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Учрашувда Марказий банк томонидан мамлакат молия тизими барқарорлиги учун ички ва ташқи хатарлар бўйича тақдимот ўтказилди. Бунда Марказий банк ва тижорат банклари вакиллари ўртасида молия тизимидаги заифликлар ва хатарлар, мамлакат молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича қўлланилаётган макропруденциал сиёсат чораларидаги сўнгги ўзгаришлар бўйича фикр алмашилди.
Давра суҳбатида Марказий банк томонидан тижорат банклари орасида доимий ўтказиб келинаётган тизимли хатарларни аниқлаш бўйича сўровнома натижалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, тадбирда иштирок этган банк вакиллари потенциал хатарларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича банкларда амалга оширилаётган ҳамда режалаштирилаётган ишлар бўйича ўз фикрлари ва тажрибалари билан бўлишдилар.
Учрашув сўнггида тижорат банкларининг хатарларни бошқаришга масъул мутахассислари билан биргаликда давра суҳбатларини доимий равишда ўтказиш ҳамда Марказий банк томонидан молиявий барқарорликни таъминлаш юзасидан олиб борилаётган макропруденциал сиёсати борасида фикр алмашиш амалиётини йўлга қўйишга келишиб олинди.