Жорий йилнинг 19 август куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида “Инфляцион кутилмаларни баҳолаш ва бошқариш: сўров методологияси, эмпирик натижалар ва марказий банклар учун хулосалар” мавзусида очиқ семинар бўлиб ўтди. Семинарда пул-кредит сиёсатига оид замонавий ёндашувларга қизиқиш билдираётган кенг доирадаги мутахассислар иштирок этди.
Асосий маъруза билан Пёрдью университети (АҚШ) қошидаги Митч Дэниэлс бизнес мактабининг молия профессори Майкл Вебер иштирок этди. Унинг илмий фаолияти макроиқтисодиёт, активларни нархлаш, халқаро молия ва уй хўжаликлари молияси йўналишларини қамраб олади. Илмий тадқиқотларида инфляцион кутилмаларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади.
Семинар давомида профессор уй хўжаликлари ва корхоналар инфляцияни қандай қабул қилиши ва ўз прогнозларини қайси сигналлар асосида шакллантиришига бағишланган кўп йиллик эмпирик тадқиқотлар натижаларини тақдим этди. Бунда харидлар жараёнидаги шахсий тажриба, оммавий ахборот воситаларидаги хабарлар ёки расмий статистика каби турли ахборот манбаларининг ўрни кўриб чиқилди. Сўровлар методологиясига алоҳида эътибор қаратилди: ишончли маълумотларни олиш учун саволларни тўғри шакллантириш, сўровларни ишлаб чиқиш жараёнида йўл қўйилиши мумкин бўлган кенг тарқалган хатолардан сақланиш масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, марказий банклар коммуникациясининг амалий жиҳатлари, жумладан, унинг инфляцион кутилмаларни бошқариш ва мустаҳкамлашдаги роли, турли хабар форматларининг самарадорлиги, бир хил хабарнинг коммуникация канали ва ахборот манбасига қараб турлича қабул қилиниши хусусиятлари ёритилди.
Маърузада Ўзбекистонда ўтказилаётган тадқиқотларнинг ўзига хос жиҳатларидан бири турли респондентлар гуруҳларининг инфляцион кутилмаларини ўзаро солиштириш имконияти экани ҳам таъкидланди. Майкл Вебер таъкидлаганидек: “Ўзбекистон шароитида ҳақиқатан ҳам ўзига хос жиҳат шундаки, ўтказилаётган сўровлар уй хўжаликлари, корхоналар ва молия бозори иштирокчиларининг кутилмаларини ягона ёндашув асосида аниқлаш имконини беради, бу эса уларни бир вақтнинг ўзида бевосита солиштириш имконини яратади”.
Семинар нафақат илғор халқаро тажриба билан танишиш учун майдон, балки инфляцион кутилмаларни таҳлил қилиш бўйича мавжуд ёндашувларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштиришга туртки берувчи муҳим платформа ҳам бўлди. Ушбу йўналишнинг самарали пул-кредит сиёсатини амалга оширишдаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мазкур йўналишда етакчи хорижий олимлар ва экспертлар билан ҳамкорликни келгусида ҳам изчил ривожлантириб, илмий-тадқиқот салоҳиятини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишни мақсад қилган.










