Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк бошқарувининг 2022 йил 8 сентябрдаги йиғилишида асосий ставка йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди

Янгиланган сана:  8 Сен 2022, 13:48
8 Сен 2022

Июль-август ойларида нархларнинг йиллик ўсиш суръатларини мўътадиллашиши кузатилиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичлардан баланд шаклланди. Шунингдек, иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар май ойида кузатилган юқори даражасига нисбатан пасайишига қармасдан, ҳамон 14-15 фоизни ташкил этмоқда.

Келгуси ойларда иқтисодий фаолликнинг янада ортиши ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида мавсумий пул тушумларининг кўпайиши ҳисобига ялпи талабнинг ўсиши, энергия таъминоти ва ички бозорда айрим маҳсулотлар таклифи билан боғлиқ инфляцион хатарлар сақланиб қолмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида сақлаб қолиш бўйича қарор қабул қилинди. Бу, ўз навбатида, миллий валютадаги активлар жозибадорлигини сақлаб қолиб, жамғариш ва кредит каналлари орқали монетар омиллар таъсирини юмшатишга хизмат қилади.

Ички иқтисодий шароитлар. Рағбатлантирувчи фискал сиёсат, ташқи савдо операциялари ҳажмининг сезиларли ўсиши ва иқтисодиётга йўналтирилган кредит қўйилмалари ҳажмининг ортиб бориши фонида иқтисодий фаолликдаги барқарорлик сақланиб қолмоқда.

Хусусан, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари ўртасида август ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, иқтисодий фаоллик индекси ўтган ойларга нисбатан юқори даражада шаклланиб 55 бирликни ташкил этди.

2022 йилнинг январь-август ойларида банклар томонидан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга, хусусан, уй хўжаликларига 50 фоизга кўп кредитлар ажратилди.

Нафақа ва иш ҳақиларнинг оширилиши ҳамда трансчегарвий пул ўтказмалари ҳажмлари ўсиши, ўз навбатида, савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш соҳасида пул тушумлари ҳажмини ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробарга ўсишига омил бўлди.

Ташқи иқтисодий шароитлардаги мавжуд ноаниқликлар мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, глобал логистика хизматлари нархлари ошиши давом этаётган бўлса-да, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши секинлашмоқда ва айрим турлари бўйича пасаймоқда.

Жорий йилнинг январь-август ойларида ташқи савдо операциялари бўйича экспорт тушумларида ҳам, импорт учун тўловларда ҳам ўсувчи тенденциялар кузатилди. Экспорт тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37 фоизга, импорт тўловлари эса 27 фоизга ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 2,1 баробарга ошди.

Ташқи иқтисодий алоқаларда кузатилаётган ушбу вазият, ички валюта бозорини мувозанатлаштириб, миллий валюта алмашув курси барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар. Истеъмол бозорларида талаб ва таклифга таъсир кўрсатувчи ички ва ташқи иқтисодий омиллар ҳисобига нархларга бўлган босим юқорилигича қолмоқда. Август ойида йиллик инфляция суръати 12,3 фоизни ташкил этди.

Йиллик инфляция таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 16,3 фоизга ошган бўлса, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар мос равишда 10,9 ва 7,1 фоизга қимматлашди.

Август ойи натижаларига кўра, аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари 15,3 фоизгача, тадбиркорларнинг кутилмалари – 14,1 фоизгача пасайган бўлса-да, жорий инфляция суръатларига нисбатан юқорилигича қолмоқда.

Шунингдек, жорий йил давомида шаклланган базавий инфляциянинг ўсувчи тренди ҳам иқтисодиётда инфляцион хатарлар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Йиллик базавий инфляция августда 12,4 фоизни ташкил этиб, унинг умумий инфляциядаги ҳиссаси 9,4 фоиз бандгача ошди.

Пул-кредит шароитлари. Жорий йилнинг июнь-июль ойларида асосий ставканинг 2 фоиз бандга пасайтирилиши ва йиллик инфляциянинг сезиларли ўзгаришсиз прогнозлар доирасида сақланиб қолаётганлиги ҳисобига иқтисодиётда “нисбатан қатъий” пул-кредит шароитлари юзага келмоқда.

Банклараро пул бозорида ўртача тортилган фоиз ставкалари августда 14,6 фоизгача пасайди ва UZONIA индекси кичик тебранишлар билан тўлиқ фоиз коридори доирасида шаклланди.

Асосий ставка пасайтирилиши таъсирида миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаларида ҳам бироз пасайиш кузатилиб, июль ойида жисмоний шахсларники бўйича 20,8 фоизга ва юридик шахсларники – 17,2 фоизга тенг бўлди.

Депозитлар бозоридаги ижобий реал фоиз ставкаларнинг сақланиб қолаётганлиги миллий валютадаги муддатли депозитларининг ҳажмининг жорий йилнинг ўтган 8 ойида сезиларли даражада ўсишига (25,3 фоиз) таъсир кўрсатди.

Миллий валютадаги кредитлар фоиз ставкаларидаги пасайиш динамикаси август ойида ҳам сақланиб қолди.

Хатарлар ва ноаниқликлар. Ички иқтисодий шароитларда нархлар ва ялпи ички талабнинг шаклланиши билан боғлиқ бир қатор хатарлар сақланиб қолмоқда.

Ўтган йилларда амалга оширилган ва жорий йилда давом этаётган фискал рағбатлантиришларнинг ички нархларга оширувчи таъсирлари давом этмоқда. Хусусан, фундаментал омиллар ҳисобига базавий инфляция ўсувчи динамикани ҳосил қилиб, унинг умумий инфляциядаги ҳиссаси ошиб бормоқда.

Маҳсулотлар таклифи билан боғлиқ логистик муаммоларнинг сақланиб қолаётганлиги ва асосий импорт маҳсулотлари нархларини юқори  шаклланаётганлиги (йилнинг қолган қисмида асосан ноозиқ-овқат товарлари бўйича) келгуси ойларда ҳам истеъмол бозорларидаги нархларга оширувчи таъсир кўрсатиши мумкин. 

Шу билан биргаликда, куз ойларида иқтисодий фаолликни янада жонланиши ва қишлоқ хўжалиги соҳасида даромадларнинг мавсумий ошиши ички истеъмол бозорида йил сўнггигача қўшимча талабни шакллантириб боради. Куз-қиш мавсумида айрим ёқилғи-энергетика маҳсулотлари ва иситиш воситаларига бўлган талабнинг ортиши, ташиш ва етказиб бериш хизматлари нархларининг ўсиши бўйича ҳам хавотирларни юзага келтиради.

Глобал иқтисодиётдаги ўзгарувчан вазият, халқаро молия бозорларида шароитларнинг қатъийлаштирилиши ва инфляцион жараёнлар натижасида юзага келаётган ноаниқликлар, макроиқтисодий прогнозлар ва баҳолашларни амалга оширишни мураккаблаштирмоқда.

Жаҳонда ва савдо ҳамкорларда иқтисодий ўсиш бўйича кутилмалар аввалги прогнозларга нисбатан ёмонлашган, шунингдек асосий хомашё товарлари нархларининг ҳам пасайиб бориш тренди кузатилмоқда. Бу, ўз навбатида, келгусида ташқи талаб ҳажмига таъсир кўрсатиши мумкин.

Мавжуд инфляцион жараёнлар, пул-кредит шароитлари, импорт инфляцияси таъсирининг сақланиб қолаётганлиги ва юқори ноаниқликлар шароитида йил якуни бўйича инфляция даражасининг 12-14 фоизлик прогноз коридорининг қуйи чегарасига яқин даражада шаклланиши борасидаги охирги прогнозлар ўзгаришсиз қолдирилди.

Ташқи ва ички иқтисодий шароитлар таъсирида юзага келадиган инфляцион омиллар ва хатарлар синчковлик билан ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриб борилади.

Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2022 йил 20 октябрь кунига белгиланган.

USD = 12620.09
+19.95
EUR = 13599.41
-42.76
RUB = 136.73
+0.81
GBP = 15892.48
-16.46
JPY = 83.33
+0.09
CHF = 13926.38
+8.19
CNY = 1745.42
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X