Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Раисининг 2020 йил 22 октябрдаги “Пул-кредит сиёсатининг 2021 йил ва 2022-2023 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналиши” ҳамда асосий ставка бўйича Бошқарув йиғилиши қарори юзасидан ўтказилган матбуот анжуманидаги МАЪРУЗАСИ

Янгиланган сана:  22 Окт 2020, 18:39
22 Окт 2020

Ассалому алайкум, ҳурматли матбуот анжумани иштирокчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари!

 

Бугунги матбуот анжуманимизда сал аввалроқ якунланган Марказий банк бошқаруви йиғилишида кўриб чиқилган 2 та муҳим масала бўйича ахборот бермоқчимиз.

Биринчиси, асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича қароримиз билан сизларни таништириш.

Иккинчи масала, “Пул-кредит сиёсатининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган асосий йўналишлари” тўғрисида маълумот бериш.

Марказий банк бошқарувининг бугунги йиғилиши қарори билан асосий ставка йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди. Мазкур қарор қизғин баҳс-мунозаралар асосида қабул қилинди.

Хабарингиз бор, жорий йил давомида Марказий банк инфляция трендига хавф туғдирмаган ҳолда иқтисодий фаолликни рағбатлантириш мақсадида асосий ставкани 2 маротаба пасайтирди.

Бу ўз навбатида, иқтисодиётда депозитлар ва кредитлар фоиз ставкасининг пасайиши орқали иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш имконини берди.

Жорий йил сентябрь ойида йиллик инфляция даражаси 11,7 фоизни ташкил этди ва биз кутган прогноз даражасидан пастроқ ҳам бўлди. Бироқ, иқтисодиётда айрим инфляцион хатарлар ҳалигача сақланиб қолмоқда.

Карантин чекловлари бекор қилингандан кейин ялпи истеъмол талабининг тикланиб бораётганини кўраяпмиз ва бу иқтисодий ўсиш учун жуда зарур ҳолат. Бироқ, айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида сўнгги ҳафталарда сезиларли ўсиш суръатлари кузатилмоқда.

Хусусан, сентябрь ойининг сўнгги ўн кунлиги ҳамда октябрь ойининг ўтган даврида шакар - 19,9 фоизга, кунгабоқар ёғи - 17,9 фоизга ва ун - 2,6 фоизга қимматлашди.

Барчамиз яхши биламиз, кундалик эҳтиёж учун харид қилинадиган ушбу товарлар нархининг ошиши ҳам инфляция даражасига, ҳам инфляцион кутилмаларга салбий таъсир кўрсатади.

Бугунги кунда Ҳукумат томонидан мазкур товарлар бўйича таклиф омилларини тартибга солиш бўйича тегишли чоралар ишлаб чиқилмоқда.  Хусусан, товарлар бозорида рақобатни ривожлантириш ҳамда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон бозорларидаги нархлари ва маҳаллий нархлар ўртасидаги номутаносибликларни бартараф этиш ечими изланмоқда.

Биз бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирларни инобатга олиб, инфляцияни оширувчи ушбу омилларнинг таъсири қисқа муддатли характерга эга бўлишини ва инфляция даражасининг узоқ муддатли трендига сезиларли таъсир кўрсатмаслигини кутаяпмиз.

2020 йилнинг III чорагида, айниқса карантин чекловлари юмшатилганидан сўнг, иқтисодий фаолликнинг босқичма-босқич тикланишини кузатдик. Хусусан, III чорак якунлари бўйича иқтисодий ўсиш I ярим йилликка нисбатан бироз тезлашиб, 0,4 фоизни ташкил этди.

Сўнгги ойларда иқтисодий фаолликнинг жонланиши билан аҳоли даромадларида ҳам тикланиб бормоқда. Натижада ялпи талаб босқичма-босқич тикланиб, иқтисодий ўсишни рағбатлантирувчи асосий омиллардан бўлмоқда.

Бироқ, иқтисодиётнинг айрим соҳаларида, жумладан саноат ва хизмат кўрсатиш тармоқларида тўлиқ тикланиш кузатилмаётганлиги сабабли иқтисодий ўсишнинг инқироздан олдинги даражасига етиши нисбатан узоқроқ вақт талаб этиши мумкин.

Жорий йилнинг 9 ойлик якунларига қарайдиган бўлсак, январь-сентябрь ойларида саноат тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажми 2,7 фоиз бандга қисқарган бўлса, хизматлар ҳажмининг ўсиш суръати 1,8 фоизгача пасайди.

Қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасида эса, аксинча, ижобий динамика кузатилди, ўсиш суръати 2019 йилнинг мос даврига нисбатан тезлашди ва мутаносиб равишда 3,4 ва
8,6 фоизларни
ташкил этди.

Иқтисодиёт тармоқларида кутилаётган ўсиш тенденцияларини ҳисобга олиб, 2020 йил якуни бўйича ЯИМ ўсиш суръатининг 1-1,5 фоиз атрофида бўлишини кутаяпмиз.

Иқтисодиётда шаклланган пул-кредит шароитларига эътибор қаратсак, реал фоиз ставкаларнинг ижобийлиги таъминланмоқда.

Банклараро пул бозорида депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари Марказий банк фоиз коридори доирасида шаклланиб, сентябрь ойида йиллик 14,8 фоизни ташкил этди.

Таъкидлашим керакки, асосий ставканинг пасайтирилиши билан бир қаторда фоиз ставкаларнинг мақбул даражасини таъминлаш бўйича амалга оширилган чоралар натижасида иқтисодиётдаги фоиз ставкалар бир маромда пасайиб бормоқда. Жумладан, миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалар сентябрь ойида 19,8 фоизгача пасайди.

Жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги банк депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкалар эса сентябрь ойида 17,3 фоизни ва юридик шахсларники бўйича 14,8 фоизни ташкил этди.

Миллий валютанинг алмашув курси ҳам апрель ойидаги тебранишлардан сўнг нисбатан барқарор даражада сақланиб қолмоқда ва жорий тебранишлар ички валюта бозоридаги хорижий валютага бўлган талаб ва таклиф асосида шаклланмоқда.

Энди иқтисодиётда мавжуд айрим хатар ва ноаниқликларга қисқача тўхталиб ўтсам.

Айтиш керакки, пандемиянинг давом этиш муддати, вирусга қарши вакцинанинг яратилиш ва тўлиқ тарқатилиш даври, юзага келиши мумкин бўлган эпидемиологик ҳолатлар бўйича ноаниқликлар даражаси жуда юқори.

Тўғри, бу каби ноаниқликлар билан фақатгина биз тўқнаш келаётганимиз йўқ. Бутун дунё тўқнаш келмоқда. Хорижий иқтисодчи ва экспертлар ҳам ҳозирги ҳолатда бир жўяли макроиқтисодий прогнозни амалга ошираётгани йўқ.

Халқаро валюта фонди ҳам ўзининг жаҳон иқтисодиёти бўйича прогнозларини биргина 2020 йил давомида 3 маротаба янгилади ва ҳар бир прогноз олдингиларидан сезиларли даражада фарқ қилади ва охирги маълумотларга кўра жаҳон иқтисодиётининг қисқариши 4,4 фоиз доирасида кутилмоқда.

Бизнинг асосий савдо ҳамкорларимизда ҳам (Хитойдан ташқари) иқтисодиётнинг пасайиши 2,7-5 фоиз доирасида бўлиши таҳмин қилинмоқда.

Биз, пандемия билан боғлиқ шароитларни инобатга олиб, иқтисодиётда инфляцияни оширувчи хатарларнинг юзага келиш эҳтимоллигини паст даражада баҳолаяпмиз. Бироқ, юқорида айтганимиздек, айрим товарлар таклифидаги ўзгаришлар сабабли қисқа муддатли хатарлар юзага келиши мумкин.

Шунингдек, ишлаб чиқариш занжири ва логистика каналларининг секинроқ тикланиши натижасида нархларнинг ошиши хатари ҳам сақланиб қолмоқда.

Таъкидлаш керакки, юзага келган вақтинчалик инфляцион хатарлар фонида, иқтисодий фаолликни янада рағбатлантириш учун қулай шароитларни яратиш ва ўрта муддатли даврда инфляция даражасини пасайтириб бориш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш вазифаси бугунги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида қолдиришни тақозо этмоқда.

Энди, кун тартибидаги иккинчи масалага тўхталиб ўтсам. Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсатининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган асосий йўналишлари ишлаб чиқилди.

Пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари Марказий банк томонидан келгуси йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар мажмуини ўзида акс эттириб, таркибида ташқи ва ички макроиқтисодий вазиятларнинг ўзгариши шароитида соҳада кўриладиган чоралар, қўлланиладиган тамойил ва инструментларни қамраб олган.

Яъни қисқача айтганда, келгуси 3 йилда биз пул-кредит сиёсати соҳасида нима ишлар қиламиз, инфляцион таргетлаш режимига ўтиш доирасида қандай ўзгаришларни амалга оширамиз, турли хил иқтисодий ривожланиш сценарийларида қандай чоралар кўриб инфляцияни 2023 йилгача 5 фоизлик таргетига туширамиз деган масалаларни ўз ичига олади.

Шу сабабли, асосий йўналишлар, биринчи навбатда, инфляциянинг 2021 йилда 10 фоиздан паст бўлишини таъминлаш ва 2023 йилда 5 фоизлик таргет кўрсаткичига эришиш бўйича вазифаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Барчамизга маълум, 2020 йил мамлакатимиз ва жаҳон иқтисодиёти учун жуда мураккаб йил бўлди. Глобал пандемия таъсирида бошланган инқироз иқтисодиётда талаб ва таклиф тебранишларининг бир пайтда содир бўлишига олиб келганлиги билан олдинги инқирозлардан тубдан фарқ қилди.

Пандемия давом этмоқда ва юқорида таъкидлаганимдек, у билан боғлиқ ноаниқларнинг юқорилиги ҳамда юзага келиши мумкин бўлган хатарларни инобатга олиб Марказий банк келгуси йиллар учун макроиқтисодий ривожланишнинг 3 хил сценарийсини ишлаб чиқди:

1) нисбатан реал воқеликларга асосланган асосий сценарий;

2) тезкор иқтисодий тикланишга асосланган  оптимистик сценарий;

3) ташқи иқтисодий хатарлар кучайишига асосланган хатарли сценарий.

Макроиқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийсида пандемия билан боғлиқ вазиятнинг босқичма-босқич яхшиланиб бориши бўйича кутилмалар, аҳоли ва бизнес вакилларининг ўз фаолиятларини пандемия ва ундан кейинги шароитларга мослашган ҳолда давом эттиришлари асосий шартлардан қилиб олинган.

Бунда ташқи савдо ҳамкорлар иқтисодиётининг бир маромда тикланиб бориши ҳисобига ташқи талаб 2022 йилнинг II ярим йиллиги инқироздан олдинги даражасига етади.

Мазкур сценарий бўйича прогнозларга кўра, мамлакатимизда иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб 2021 йил охирида инқироздан олдинги кўрсаткичларга яқинлашади, 2023 йилнинг I ярим йиллигига келиб эса иқтисодиёт ўзининг потенциал даражасигача тикланади.

Бюджет даромадлари ҳам тикланиб бориб, 2023 йилда йиғма бюджет дефицити 2,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда. Бунда, таркибий ислоҳотлар давом эттирилиб, тартибга солинадиган нархлар эркинлаштирилиши жараёни 2022-2023 йилларда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Асосий сценарийга мувофиқ, пул-кредит сиёсатининг жорий “нисбатан қатъий” шароитлари 2021 йил охирига қадар сақланиб қолади. Айни пайтда, 2022-2023 йилларда тартибга солинадиган нархлар ўзгаришининг инфляция даражасига таъсири ва инфляциянинг прогноз динамикасидан келиб чиқиб пул-кредит сиёсати шароитларига ўзгартириш киритилиши мумкин.

Макроиқтисодий ривожланишнинг тезкор иқтисодий тикланишга асосланган оптимистик сценарийда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг нисбатан тез суръатларда яхшиланиши, келгусида карантин чораларининг жорий этилмаслиги ҳамда жаҳонда вирусга қарши вакцинанинг 2021 йил II ярмидан бошлаб кенг татбиқ этилиши асосий шартлар сифатида инобатга олинган.

Ушбу сценарийда асосий савдо ҳамкорларимизда иқтисодиётнинг бир маромда тикланиши ҳисобига ташқи талабнинг 2021 йил II ярим йиллигида инқироздан олдинги даражасига етиши ва жаҳон иқтисодиётининг тикланиб бориши ҳисобига олтин нархининг пасайиб бориши прогноз қилинмоқда.

Бунда, ички иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб 2021 йил ўрталарида инқироздан олдинги даражага яқинлашиши ва иқтисодиёт 2022 йилнинг охирига бориб ўз потенциали даражасида бўлиши кутилмоқда. Асосий сценарийдан фарқли равишда оптимистик сценарийда транспорт, хизматлар ва туризм соҳаларида ҳам ўсиш суръатлари жонланади.

Иқтисодий фаолликнинг тикланишига мос равишда давлат бюджети даромадлари нисбатан тезкор суръатларда ўсиб боради ва йиғма бюджет тақчиллиги 2022 йилда ЯИМга нисбатан 2 фоизгача қисқаради.

Айни пайтда, тартибга солинадиган нархлар эркинлаштирилиши жараёнининг 2022-2023 йилларда мантиқий якунига етказилиши ва ушбу соҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниши иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидан қилиб олинган.

Оптимистик сценарийда белгиланган шартлар рўй берган тақдирда, пул-кредит сиёсатининг амалдаги “нисбатан қатъий” шароитлари сақланиб қолинади.

Бунда, 2021-2022 йилларда инфляция даражаси асосий сценарийга қараганда бироз пастроқ даражада шаклланади.

Бу эса, ўз навбатида, пул-кредит сиёсати шароитларига жиддий ўзгаришлар киритмасдан инфляциянинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш имконини беради.

Ташқи иқтисодий хатарларнинг кучайишига асосланган мазкур муқобил сценарийда, жаҳонда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашиб бориши ва 2021-2022 йилларда ҳам глобал ёпилишнинг давом этиш эҳтимоллиги назарда тутилган.

Бунда, ташқи савдо ҳамкорларимизда иқтисодиётнинг секин суръатларда тикланиши, ташқи талаб даражасининг фақатгина 2023 йил II чорагига келиб инқироздан олдинги даражасига етиши ва хавфсиз актив сифатида олтин нархида жорий ўсувчи динамиканинг сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.

Хатарли сценарийда ички иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб фақатгина 2022 йилнинг охирига келиб инқироздан олдинги даражасига яқинлашади ва иқтисодиёт ўзининг потенциал даражасига 2023 йил охирига бориб етишади.

Ушбу сценарий бўйича бюджет харажатлари юқорилигича сақланиб қолиши шароитида йиғма бюджет тақчиллиги 2021 йилда ҳам ЯИМга нисбатан 6-7 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Мазкур сценарий бўйича шароитлар юзага келган тақдирда тартибга солинадиган нархлар эркинлаштирилиши жараёни катта эҳтимоллик билан 2023 йилга қолдирилади.

Бунда, шунингдек, талаб омиллари томонидан инфляцияга босим пасаяди, инфляциянинг прогноз траекториясидан пасайиш томонга оғиши пул-кредит шароитларини “бироз юмшатиш” имкониятини яратади.

Таъкидлаш жоизки, макроиқтисодий ривожланишнинг ҳар бир сценарийси бўйича 2021-2023 йиллар учун мўлжалланган пул-кредит шароитлари белгиланади, унинг асосий йўналишлари ишлаб чиқилади ва сценарийларга мос келадиган инструментлар тўпламидан самарали фойдаланилади.

Бунда, учта сценарийлар шароитида ҳам Марказий банкнинг инфляцияни 2023 йил охирига қадар 5 фоизлик таргет даражасигача пасайтириш ҳамда банк ва тўлов тизимлари барқарорлигини таъминлаш бўйича доимий мақсадлари ўзгаришсиз қолади.

Пул-кредит сиёсатининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган асосий йўналишларида, шунингдек, пул-кредит сиёсати соҳасида, хусусан, инфляцион таргетлаш режимини жорий этиш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ҳам атрофлича муҳокама этилган.

Қисқача қилиб айтганда, келгуси йилларда ҳам Марказий банк пул-кредит сиёсати механизмларини инфляцион таргетлаш режими стандартларига мувофиқлаштириш, трансмиссион механизм каналларини янада ривожлантиришга асосий эътиборни қаратади.

Бунда амалга ошириладиган таркибий ислоҳотлар ва макроиқтисодий сиёсат соҳасида кўриладиган чораларни инфляциянинг мақсадли кўрсаткичлари билан уйғунлигини таъминлаш ва молиявий барқарорликни қўллаб-қувватлаш вазифалари Марказий банкнинг диққат марказида бўлади.

USD = 10427.38
+12.52
EUR = 12473.23
+128.5
RUB = 137.48
+0.79
GBP = 13883.01
+49.99
JPY = 100.17
-0.12
CHF = 11533.44
+99.85
CNY = 1586.20
-1.24
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X