Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳ

Янгиланган сана:  15 Май 2020, 10:16
15 Май 2020

2020 йилнинг ўтган даври мобайнида (январь-апрель ойлари) банк тизимида нақд пуллар айланмасидаги ҳолат ва ўзгаришлар мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, жумладан, жорий йилнинг дастлабки чорагидаги юқори ўсиш суъатлари ортидан апрель ойидаги иқтисодий фаолликнинг сустлашиши таъсирида шаклланди.

2020 йилнинг январь-апрель ойларида нақд пул айланмаси ҳажми 105,5 трлн. сўмни ташкил этган ҳолда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 41 фоизга ошди.

Мазкур даврда банк кассаларига нақд пуллар тушуми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39 фоизга кўпайиб, 52,1 трлн. сўмни ташкил қилди.

Расм-1

Коронавирус пандемияси даврида мамлакатимизда эълон қилинган карантин натижасида иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайиши банк кассаларига нақд пул тушумларига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Хусусан, жорий йил апрель ойида (7,9 трлн. сўм) март ойига (13,4 трлн. сўм) нисбатан тушум 41 фоизга камайди.

Нақд пулларнинг банкларга оқимини секинлашувига карантин даврида:

- фуқаролар, йўловчи ташувчи транспорт (маҳаллий, темир йўл ва ҳаво транспорт) воситаларининг ҳаракатланишига доир чекловлар;

- корхоналар, хусусан, чакана савдо (озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналардан ташқари), ноозиқ-овқат бозорлари ва пуллик хизмат кўрсатиш корхоналари фаолиятининг вақтинчалик тўхтатилиши;

- солиқлар, коммунал хизматлар, кредит фоизлари ва бошқа тўловларнинг тўлаш муддатлари узайтирилиши каби омилларни келтириш мумкин.

Расм-2

Банк кассаларига келиб тушган нақд пуллар ҳажми нақд пулга бўлган талаб миқдоридан кўп бўлганлиги сабабли 2020 йилнинг I чорагида 209 млрд. сўмлик нақд пуллар муомаладан қайтган бўлса, аксинча жорий йилнинг апрель ойидаги ҳолат муомалага қўшимча 1 472 млрд. сўм чиқаришни тақозо этди.

Май ойидан бошлаб нақд пул тушумлари қайта тиклана бошлади. Хусусан, нақд пул тушумлари жорий йил апрель ойининг биринчи 10 кунида 2,4 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, май ойининг 10 кунида 700 млрд. сўмга ошиб,  3,1 трлн. сўмга етди.

2020 йилнинг январь-апрель ойларида банк кассалари (шу жумладан, банкоматлар) орқали чиқим қилинган нақд пуллар 53,4 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42 фоизга кўпайди.

Расм-3

Коронавирус пандемияси даврида мамлакатимизда эълон қилинган карантин нақд пулга бўлган талабга ҳам таъсир кўрсатиб, жорий йил апрель ойида банклардан берилган нақд пуллар олдинги ойларга нисбатан сезиларли даражада камайди.

Ушбу камайиш асосан карантин даврида фаолиятини тўхтатган хўжалик субъектларининг иш ҳақи тўловлари учун нақд пулга бўлган талабининг 1,1 трлн. сўмга, шунингдек, халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг камайиши ортидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун йўналтириладиган нақд пуллар ҳажмининг 2,0 трлн. сўмга қисқариши ҳисобига юзага келди.

Расм-4

Натижада жорий йил апрель ойида нақд пулларга бўлган талаб  таркибида пенсия, нафақа ва ижтимоий тўловлар ҳамда банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажмининг улушларда ўсиши кузатилиб, банклар томонидан берилган нақд пулларнинг 56,3 фоизи ушбу мақсадлар учун йўналтирилди.

Расм-5

2020 йилнинг январь-апрель ойларида банк карталарига жами 45,8 трлн. сўмлик маблағлар келиб тушиб, ушбу даврда банк карталаридаги 15,0 трлн. сўмлик маблағлар аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган.

Расм-6

Қайд этиш лозимки, карантин давридаги чекловлар (ноозиқ-овқат товарлар савдоси, туризм, маданий дам олиш, маиший хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти тўхтатилганлиги) сабабли аҳолининг банк карталаридаги маблағлари қолдиғининг сезиларли даражада кўпайиши кузатилди.

Жумладан, банк карталаридаги маблағлар қолдиғи 2020 йил 1 май ҳолатига 6,4 трлн. сўмни ташкил этиб, жорий йил 1 март ҳолатига нисбатан 32,5 фоизга, 1 апрель ҳолатига нисбатан 16,8 фоизга ўсди.

USD = 10414.86
+23.93
EUR = 12344.73
+50.18
RUB = 136.69
+2.35
GBP = 13833.02
+131.54
JPY = 100.29
+0.97
CHF = 11433.59
+47.52
CNY = 1587.44
+13.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X