Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

“Мижозларни рақамли идентификация қилиш тартиби тўғрисида”ги низомга шарҳ

Янгиланган сана:  12 Окт 2021, 20:14
12 Окт 2021

Глобаллашув жараёни, ҳаёт тарзининг жадаллашуви, вақт танқислиги ва коронавирус пандемияси масофавий банк хизматлари кўламини кенгайтиришни тақозо этмоқда. Бу ўз навбатида, молиявий ва тўлов хизматлари етказиб берувчиларининг мижозларни рақамли идентификация қилишга бўлган талабини оширмоқда.

Кредит ташкилотлари (банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар) ва тўлов ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларни рақамли идентификация қилиш тартиби ва шартларини белгилаш мақсадида Марказий банк томонидан “Мижозларни рақамли идентификация қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом ишлаб чиқилиб, мутасадди идоралар билан келишилган ҳолда Адлия вазирлигида 2021 йил 30 сентябрда 3322-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Рақамли идентификация мижозлар учун молиявий ва вақт харажатларини қисқартириш, молиявий хизматлар оммабоплигини янада ошириш ҳамда шаффофликни таъминлашга замин яратади.

Мижозларни рақамли идентификация қилиш электрон ҳамёнлар, банк ҳисобварағи, банк картасини очиш ва уларни бошқариш, банк карталари ёки электрон пуллар тизимларидан фойдаланган ҳолда трансчегаравий пул ўтказмаларини амалга ошириш, онлайн-микроқарз хизматларини кўрсатишда қўлланилиши мумкин.

Рақамли идентификация кредит ва тўлов ташкилотлари учун филиаллар тармоғи ва ходимларни оптималлаштириш ҳисобига хизмат кўрсатиш жараёнларида харажатларнинг камайиши, олис ҳудудларга кириб бориш орқали мижозлар аудиторияси кўламини кенгайтириш каби имкониятларни беради.

Рақамли идентификация Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, республикамиз ҳудудида доимий ва вақтинча яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга қўлланилади.

Кредит ва тўлов ташкилотлари мижозларни рақамли идентификация қилишда,

- мижоз томонидан тақдим этилган маълумотларга таянган ҳолда кредит ва тўлов ташкилотининг ходими томонидан мижознинг шахсини текшириш ва идентификация қилиш;

- кредит ва тўлов ташкилотининг ахборот тизимлари томонидан реал вақт режимида инсон омилисиз мижознинг шахсини текшириш ва идентификация қилиш каби усуллардан фойдаланиши мумкин:

Кредит ва тўлов ташкилотлари рақамли идентификацияни амалга ошираётганда қуйидаги талабларга риоя этиши белгиланган:

- жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг эҳтимолий таваккалчилик даражасини ўрганиш, таҳлил этиш, аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, бошқариш, ҳужжатлаштириш ва уни камайтириш чораларини кўриши;

ўз ички қоидаларида мижозларни рақамли идентификация қилиш тартибини белгилаши шарт.

Шу билан бирга, низомда мижозни рақамли идентификация қилиш амалиёти қўлланилиши тақиқланган ҳолатлар ҳам кўзда тутилган, хусусан:

мижоз ва (ёки) мижоз томонидан амалга оширилаётган операция ички назорат қоидаларига мувофиқ юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига кирган тақдирда;

мижоз томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ҳақиқийлигига шубҳа туғилганда;

шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги фотосуратнинг ушбу Низомга мувофиқ олинган фотосурат ва (ёки) видеотасвир ҳамда марказий маълумотлар базасига жойлаштирилган фотосурат билан (агар мавжуд бўлса) мослигига шубҳа мавжуд бўлганда;

мижоздан олинган маълумотлар марказий маълумотлар базасига жойлаштирилган маълумотларга мос келмаганда ёки мос келишини текширишнинг иложи бўлмаганда;

фотосурат ва (ёки) видеотасвир ушбу Низом талабларига мос келмаганда;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш бўйича шубҳалар мавжуд бўлганда.

Таъкидлаш жоизки, кредит ҳамда тўлов ташкилотлари мижозни рақамли идентификация ва рақамли аутентификация қилишнинг сифати учун жавобгар ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Хулоса қилиб айтганда, рақамли идентификация банк ва тўлов хизматларини тақдим этишнинг янги даврини бошлаб беради, айниқса, республиканинг олис ҳудудларидаги мижозлар учун молиявий хизматлар оммабоплигини оширишга имконият яратади. Бунда қабул қилинган мазкур низом соҳага оид муносабатларни тартибга солишда зарур норматив-ҳуқуқий база бўлиб хизмат қилади.

USD = 12640.21
-49.76
EUR = 13559.15
+1.19
RUB = 137.02
-0.18
GBP = 15817.96
+46.87
JPY = 81.22
-0.68
CHF = 13850.77
-28.67
CNY = 1744.13
-7.15
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X