Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Кредит бюроларини рўйхатга олиш ва уларнинг фаолиятини лицензиялаш

Янгиланган сана:  26 Дек 2022, 14:08

1. Лицензия номи:

Кредит бюроси фаолиятини амалга ошириш учун лицензия

2. Лицензияланадиган фаолият турлари:

Кредит бюролари фаолияти

3. Ариза берувчилар тоифаси:

Юридик шахс

4. Лицензияловчи орган:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

5. Ҳужжатларни топшириш тартиби:

а) Аньанавий шаклда, ёзма ариза орқали:

б) Марказий банкнинг расмий веб сайти орқали (www.cbu.uz).

6. Лицензияни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар:

Кредит бюроларини лицензиялаш уларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан бир вақтда амалга оширилади.

Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун Марказий банкка жойлашган ери (почта манзили) кўрсатилган ҳолда ариза берилиб, унга қуйидагилар илова қилинади:

1)       муассислар умумий йиғилишининг кредит бюросини ташкил этиш тўғрисидаги баённомаси;

2)       кредит бюросининг муассис ҳужжатлари;

3)       кредит бюросининг раҳбари ва муассислари ҳақидаги маълумотлар;

4)       кредит ахборотини рухсат этилмаган ҳолда унга киришдан, йўқ қилиб юборишдан, ўзгартиришдан, ундан фойдаланишдан ёки уни ошкор этишдан ҳимоя қилишни таъминловчи дастурий-техникавий комплекснинг параметрлари ва жойлашуви ушбу Низом талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

5)       потенциал қарз олувчининг кредитга лаёқатлилик даражасини баҳолаш бўйича скоринг моделини тавсифловчи маълумот (анкета саволлари, уларнинг баллаш тартиби, ишлатиладиган коэффициентлар ва математик моделлар);

6)       кредит бюросининг устав фонди шакллантирилганлигини тасдиқловчи банк ҳужжати;

7)       давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжати.

7. Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори:

Бепул

8. Лицензия берилганлиги учун давлат божи миқдори:

БҲМнинг 1 баравари

9. Аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддатлари:

30 кун

10. Лицензия талаблари ва шартлари:

1. Кредит бюросининг муассислари таркибида имтиёзли солиқ режимини тақдим қилувчи ва (ёки) молиявий операцияларни амалга оширишда улар ҳақидаги маълумотларни ошкор этмасликни ва тақдим қилмасликни кўзда тутувчи давлатлар ва ҳудудларда (оффшор ҳудудлар) рўйхатга олинган норезидент юридик шахсларнинг бўлмаслиги;

2. Кредит бюроларининг ижро органи раҳбарлари олий иқтисодий маълумотга, беш йилдан кам бўлмаган умумий иш стажига, шу жумладан кредит амалиёти билан боғлиқ уч йиллик иш тажрибасига эга бўлиши ҳамда қуйидаги шахслардан бири бўлмаслиги:

а) амалга оширган ҳаракатлари юридик шахсларнинг банкротликка ёки молиявий аҳволи ёмонлашувига олиб келганлиги тўғрисида далиллар маълум бўлган тақдирда, банкротликка учраган ёки молиявий аҳволи ёмонлашган банклар, кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотлари ва юридик шахсларнинг собиқ раҳбарлари, бошқарув ва кузатув кенгаши аъзолари ҳамда йирик иштирокчилари (устав капиталида 10 фоиз ва ундан кўп миқдорда овоз берувчи акциялар ёхуд улушларга эга бўлган шахслар) бўлган шахслар;

б) суд қарори билан ушбу лавозимда ишлаш ҳуқуқи чекланган шахслар;

3. Кредит ахборотини рухсат этилмаган ҳолда унга киришдан, йўқ қилиб юборишдан, ўзгартиришдан, ундан фойдаланишдан, уни ошкор этишдан ҳимоя қилишни таъминловчи дастурий-техникавий комплекснинг мавжуд бўлиши ҳамда дастурий-техникавий комплекс, дастурий ва техник воситалар, ахборот хавфсизлиги ва муҳофазасини таъминлашга қўйилган талабларга мувофиқ бўлиши;

4. Потенциал қарз олувчининг кредитга лаёқатлилик даражасини баҳолаш бўйича скоринг модели ва дастурий таъминотнинг мавжудлиги.

5. Кредит бюроси ахборот тизимларида қўлланиладиган ахборот хавфсизлиги ва муҳофазасининг лицензияланган ва сертификатланган дастурий-техник воситалари қуйидагиларни таъминлаши керак:

тизим иштирокчилари бўлган кредит ташкилотлари ва бошқа ташкилотларни ҳамда уларнинг ходимларини идентификация ва аутентификация қилишни;

тизимдаги ахборотларнинг махфийлигини;

аутентификацияланган маълумот алмашинувини;

ахборотни шакллантириш, узатиш, фойдаланиш, қайта ишлаш ва сақлаш жараёнларида маълумотларнинг бутлигини;

нормал фойдаланиш шароитида тизимнинг барча ресурсларига авторизациялашган рухсат ёрдамида киришни;

фойдаланувчиларнинг ресурсларга кириш чегараларини белгилашни;

фойдаланувчиларнинг тизимга кириш ва чиқиш бўйича ҳаракатларини ҳамда кириш ҳуқуқларини бузишга уринишларини қайд этишни;

фавқулодда ҳолатларда тизимнинг хавфсизлиги ва узилишларсиз фаолиятини;

ахборот хавфсизлиги бўйича хавфларни аниқлаш ва олдини олишни;

маълумотларни захиралаш ва қайта тиклаш имкониятини.

6. Кредит бюросининг сервер хоналарида:

сервер хонасининг аппаратурасига ҳимоя қилинган алоҳида электр таъминот тармоғи кўзда тутилган;

қўриқлаш, ёнғин сигнализацияси, ёнғин ўчириш тизими, ёритиш ва авария ҳолатида ёритиш тизимлари;

мустаҳкам деворлар, тўсиқлар ва панжаралар;

махсус кодли ёки бошқа турдаги қулфлар билан жиҳозланган мустаҳкам эшиклар;

ташқи кузатувга қарши ҳимоя воситалари;

захира электр таъминот манбаларига уланиши ва совутиш тизимлари мавжуд бўлиши лозим.

7. Кредит бюроси серверларини ташқи таъсирдан ҳимоялаш учун тармоқлараро экранлар (Firewall) ҳамда ахборотни муҳофаза қилувчи лицензияланган техник ва дастурий воситалар ўрнатилиши зарур.

8. Кредит ахборотлари алмашинуви қатнашчиларини аутентификация қилиш ва кредит бюроси ахборот тизимларини пароль ва антивирус билан ҳимоялаш чоралари кўрилиши лозим.

9. Компьютер ва бошқа жиҳозлар ишдан чиққан ҳолларда кредит бюросининг узилишсиз фаолият юритишини таъминлаш мақсадида тизимнинг захира тикланиш режаси ҳамда зарур дастур ва воситалар бўлиши шарт.

10. Кредит бюро серверлари ва компьютерлари электр энергия билан узилишларсиз таъминлаш учун энергия таъминоти қурилмалари ва дизель-генератор бўлиши керак.

11. Кредит бюро тизим иштирокчилари билан ахборот алмашинуви учун банк телекоммуникация тармоғи ёки умумий фойдаланишдаги телекоммуникация (интернет) тармоғидан фойдаланади.

12. Кредит ахбороти алмашинуви жараёнида тизим иштирокчилари ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларидан фойдаланишлари лозим.

13. Кредит бюросининг Марказий банк ва кредит ташкилотлари билан электрон ахборот алмашинуви Марказий банкнинг “Ахборотлаштириш бош маркази” давлат унитар корхонаси билан тузилган шартнома асосида банк телекоммуникация тармоғи орқали амалга оширилади. Бунда қуйидаги хавфсизлик чоралари кўрилиши керак:

а) кредит ахборотлари билан ишлаш учун фақат тегишли рухсатга эга бўлган ходимлар қўйилади;

б) фойдаланувчиларнинг тизимга кириши учун аутентификация қилиш:

логин ва пароль (8 та белгидан кам бўлмаган рақам ва символлар комбинацияси ҳамда пароль ва логинларни муддати тугашига қараб ўзгартириш имконияти бўлиши лозим. Паролнинг амал қилиш муддати бир ойдан ошмаслиги лозим);

аппарат-дастурий воситалар ёрдамида амалга оширилади;

в) кредит бюросининг кредит ахборотлари алмашинувида қатнашувчи ходимларининг серверлар ва компьютерлар телекоммуникация тармоқлари орқали ишлаши учун аппарат-дастурий воситалар билан жиҳозланиши керак;

г) кредит бюросидаги ахборотларни қайта ишлаш, узатиш ва қабул қилиш учун ажратилган серверлар ва компьютерларга умумий локал тармоққа уланган бошқа компьютерлардан кириш имконияти бўлмаслиги керак;

д) кредит бюроси томонидан узатиладиган ва қабул қилинадиган ҳар қандай ахборот электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши ҳамда бажарилган ишлар бўйича маълумот автоматик равишда электрон журналга киритилиши керак. Бунда электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгаси қуйидагиларни амалга ошириши шарт:

электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланиш устидан назоратни таъминлаши;

электрон рақамли имзо калити сертификатини берган электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказига электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланиш режими бузилганлиги ёки бузилиши эҳтимоли борлиги тўғрисида хабар қилиши ва электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туришни ёхуд мазкур сертификатни бекор қилишни талаб қилиши;

ўзи вакил бўлган юридик шахс қайта ташкил этилганда ва тугатилганда, бу ҳақда электрон рақамли имзо калити сертификатини берган электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказига хабар қилиши;

е) электрон рақамли имзо очиқ калитининг фойдаланувчиси электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган ҳолларда электрон рақамли имзонинг ёпиқ калити эгасига хабар беради;

ж) кредит бюросини тизимларда кредит ахборотига тегишли бўлмаган ахборотларнинг узатилиши тақиқланади;

з) кредит бюроси томонидан узатиладиган ва қабул қилинадиган маълумотлар сўнгги янгиланган базали антивирус дастури ёрдамида вируслар мавжудлигини аниқлаш учун текширилиши керак;

и) электрон ахборотлар алмашинувида виртуал тармоқлар VPN тармоқлари асосида ташкил этилган ва ҳимояланган алоқа каналлари қўлланилиши керак.

11. Назорат тартиби:

1. Кредит бюросини инспекциядан (текширувдан) ўтказиш;

2. Ҳисоботларни, шунингдек бошқа ҳужжатларни сўраб олиш ва текшириш, олинган ахборотни тушунтириб беришни талаб қилиш (масофавий назорат).

12. Лицензия беришда келишиладиган органлар

Мавжуд эмас

13. Лицензиянинг амал қилиш муддати:

Чекланмаган

14. Изоҳ:

-





 
USD = 12207.92
-8.09
EUR = 12817.10
+9.84
RUB = 122.79
-0.31
GBP = 14806.99
+47.61
JPY = 81.86
+0.34
CHF = 13289.70
+31.6
CNY = 1671.97
-1.11
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X