Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
243

5 сўм (2020 йил 1 мартга қадар муомалада бўлган)

1994

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг
1994 йил намунасидаги  5 сўм қийматидаги банкнотаси

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 1994 йил намунасидаги қиймати 5 сўм бўлган банкноти 142x69 мм ўлчамдаги оқ қоғозда тайёрланган. Банкнотнинг ўнг томонидаги кенг оқ сатҳда Ўзбекистон Республикаси Герби шакли туширилган локал сув белгиси бор. Банкнотнинг чап томонида унинг бутун эни бўйлаб ҳимоя ипи прессланган бўлиб, унда оқ тусдаги "ЎЗБЕКИСТОН” сўзи кетма-кет такрорланиб, уларнинг бирида ҳарфлар тўғри, иккинчисида эса қия жойлашган.

Банкнотнинг олд томони асосан кўк ва қизғиш-қўнғир рангда, орқа томони эса кўк, яшил ва бинафша рангларда. Банкнотнинг марказий қисмида Бухоро шаҳридаги "МИНОРАИ КАЛОН" ёдгорлигининг меьморий лавҳаси тасвири устида кўк рангда Ўзбекистон Республикаси Герби жойлашган. Унинг иккала томонида геометрик шаклдаги безаклар ичида кўк-оқ рангдаги иккита "СЕМУРҒ" қуши тасвирланган. Герб остидаги меъморий лавҳа тасвири устида тўқ кўк сояли оқ рангда нақшинкор "5" рақами жойлашган бўлиб, унинг остида тўқ кўк сояли оқ рангда "БЕШ СЎМ" сўзлари бор. Рақамлар орасининг ўртасида жойлашган сарғиш рамкада "ЎЗБЕКИСТОН СЎМИ РЕСПУБЛИКА ҲУДУДИДА ҲАММА ТЎЛОВЛАР УЧУН ЎЗ ҚИЙМАТИ БЎЙИЧА ҚАБУЛ ҚИЛИНИШИ ШАРТ" деган матн кўк рангда ёзилган. Банкнот ўнг тарафининг қуйи қисмида нақш тасвирланган бўлиб, унинг ўртасидаги яшил безак фонида оч жигарранг ҳошияли оқ рангда "5" рақами бор. Безак устида банкнот чиқарилган йилни билдирувчи оч жигарранг тусдаги "1994" рақамлари ёзилган.

Асосий рамканинг икки четидаги қизғиш-кўк рангли икки чизиқ орасида кўк-қизғиш рангда "ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ" деган узлуксиз микроматн жойлаштирилган бўлиб, уни лупа ёрдамида ўқиш мумкин. Банкнот марказининг қуйи қисмидаги кўк-зангори рангли геометрик фон остида, "МИНОРАИ КАЛОН" лавҳасининг ён томонларида иккита "5" рақами бўлиб, улар яширин босма усулида босилган ва қуёш нури ёки чироққа тутиб қаралганида кўринади. Банкнот чап томонидаги рамканинг юқори қисмида ҳамда ўнг томонидаги рамканинг пастки қисмида қора рангда ёзилган лотин алифбосидаги икки ҳарфли серия ва етти рақамдан иборат номер мавжуд.

Банкнотнинг орқа томонида Тошкент шаҳрининг Миллий боғига Алишер Навоийга бағишлаб ўрнатилган меъморий-ҳайкалтарошлик композицияси тасвирланган. Ёдгорлик кўк рангда бўлиб, унинг ўртасида бинафша рангга ўтувчи оч зангори тусдаги осмон фони акс эттирилган. Расмнинг пастки бурчакларидаги рамка ичида зангори тусли иккита нақш жойлашган бўлиб, уларнинг ўртасида оқ рангдаги кўк ҳошияли "5" рақамлари бор. Рақамлар ўртасида сарғиш рангдаги рамка ичида "ЎЗБЕКИСТОН СЎМИНИ ҚАЛБАКИЛАШТИРИШ ҚОНУНГА МУВОФИҚ ТАЪҚИБ ҚИЛИНАДИ" деган матн икки қаторга жойлаштирилган.

Банкнотнинг ўртасида нусха кўчиришга қарши "X" шаклидаги белги бор. Банкнотнинг олд томони марказида ультрабинафша нурлар таьсирида "5" рақами, марказий рамкада оч сарғиш ва тўқ яшил рангларда банкнотнинг серияси ва номери, орқа томоннинг марказида эса, оч сарғиш рангда тасвирланган деталлар ҳамда зангори ва яшил толалар ёришиб кўринади.


USD = 10315.62
+20.29
EUR = 12210.60
+15.78
RUB = 136.28
-1.37
GBP = 13322.62
+151.8
JPY = 98.67
+1.67
CHF = 11315.95
-15.03
CNY = 1524.29
+17.58
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X