Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан жорий йилнинг сентябрь ойидаги йиғилишларида (6 марта) 21 та масала кўрилди ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 14 та масала, шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (7 та), банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (2 та), чет эл банкининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонасини аккредитация қилиш (1 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (1 та), тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқишга доир (3 та) масалалар кўрилди.
Шу билан бирга, Кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 7 та масала – Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, тижорат банклари томонидан кредит ахбороти тўғрисидаги маълумотларнинг тақдим этилиши, шунингдек, тижорат банклари ва микромолия ташкилотида ўтказилган ўрганиш ва текширишлар натижаси ҳам муҳокама қилинди.
Марказий банк томонидан ўтказилган ўрганиш ва текшириш натижаларида аниқланган қоидабузарликлар учун 2 та банкка нисбатан жарима санкцияси қўлланилди ҳамда барча тижорат банклари Кредит ахборотининг давлат реестрига кредит ахбороти тўғрисидаги маълумотларни кечикиб ёки нотўғри тақдим қилганлиги сабабли чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Бундан ташқари, «UNITED PAYMENT SOLUTION» АЖ тўлов ташкилоти фаолиятни лицензия олинган кундан эътиборан бир йил давомида амалга оширмаганлиги сабабли ушбу жамиятнинг тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинди.
Шунингдек, Банк назорати қўмитаси қарори билан барча тўлов ташкилотларига қонунчиликда савдоси ва хизмат кўрсатилиши тақиқланган хизматлар (қимор ўйинлар) учун тўловлар қабул қилинишининг олдини олиш бўйича зарурий чоралар кўриш вазифаси юклатилганлигига қарамасдан, «Мароқанд» АЖ тўлов ташкилоти томонидан тақиқланган хизматлар (қимор ўйинлар) учун тўловларни амалга оширишга йўл қўйиб келганлиги сабабли, мазкур ташкилотнинг электрон шаклдаги тўловларга ишлов бериш ва тўлов воситаларидан фойдаланилган ҳолда пул маблағларини жисмоний шахсларга ўтказиш учун зарур ахборотни банкка бериш ҳамда банк ҳисобварағидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш ва амалга ошириш хизматлари 6 ой муддатга чекланди.