Марказий банк махсус стипендияси иқтисодиёт, банк иши, молия, юриспруденция ва ахборот технологиялари соҳалари бўйича таълим олаётган, юқори академик кўрсаткичларга, илмий тадқиқот ва ижодий салоҳиятга, шунингдек, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Марказий банк тизими учун малакали ва истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида жорий этилади.
Мазкур дастур ҳар йили ўтказилиб, унда республикамиздаги етакчи олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар иштирок этиши мумкин. Танловда иштирок этиш ҳуқуқи бакалавриат ҳамда магистратуранинг сўнгги босқичи кундузги бўлимида таҳсил олаётган талабаларга берилади.
Стипендия шартлари ва имкониятлари
Марказий банк стипендияси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Стипендиатлар танлов асосида саралаб олинади ва улар Марказий банкнинг тегишли бўлинмаларида ҳафтасига 15 соатдан ошмаган тарзда амалиёт ўташ имкониятига эга бўладилар. Бу жараён талабаларга банк тизими билан яқиндан танишиш, назарий билимларини амалий тажриба билан бойитиш имконини беради.
Талабгорлар учун асосий талаблар:
– сўнгги ўқув йили якунига кўра юқори рейтинг кўрсаткичига эга бўлиши;
– давлат тилини мукаммал даражада эгаллаган бўлиши;
– рус ва инглиз тилларини камида B2 даражасида билиши;
– қуйидаги таълим йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича таҳсил олаётган бўлиши: Иқтисодиёт (60410100), Макроиқтисодиёт (70410103), Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар (60411100), Статистика (60410700), Молия ва молиявий технологиялар (60410500), Банк иши (60410600), Банк иши (70410601), Бухгалтерия ҳисоби (60410200), Сунъий интеллект (60610500), Дастурий инжиниринг (60610400), Ахборот хавфсизлиги (60610200), Ахборот тизимлари ва технологиялари (60610100), Юриспруденция (70420100), Юриспруденция (60420100), Дизайн: медиадизайн (60210400), Филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили (60230100), Таржима назарияси ва амалиёти (тиллар бўйича) (60230200) ёки тегишли йўналишдаги бошқа номдаги мутахассисликлар.
Устунлик бериладиган мезонлар:
– ACCA ва бошқа халқаро даражадаги молиявий сертификатларга эга бўлиш;
– Big Data (катта маълумотлар) билан ишлаш кўникмасига эга бўлиш;
– IELTS сертификатида 7.0 ёки ундан юқори балл;
– иқтисодиёт, молия ёки ахборот технологиялари йўналишидаги халқаро ёки республика миқёсидаги олимпиадаларда ғолиб ёки совриндор бўлиш.
Танловни ўтказиш тартиби:
Юқоридаги талабларга тўлиқ мос келувчи талабалар https://t.me/cbu_official_bot манзилига ариза топширадилар. (Аризалар Марказий аппарат ёки тегишли ҳудудий бош бошқармани танлаш орқали 11-сентябрга қадар қабул қилинади.)
– тест синовлари масофавий шаклда 15-сентябр куни соат 10:00 да қуйидаги ҳавола ёрдамида ўтказилади:
иқтисодиёт, банк иши, молия ва статистика мутахассисликлари учун (макроиқтисодиёт ҳамда мантиқий фикрлашга оид саволлар);
юриспруденция, ахборот технологиялари ва бошқа йўналишлар бўйича (мантиқий фикрлаш ҳамда соҳага оид саволлар).
– тест синовидан муваффақиятли ўтган номзодларнинг хорижий тилларни билиш даражаси 16-сентябр куни соат 11:00 да Google Meet дастури ёрдамида ўтказиладиган суҳбат натижалари орқали баҳоланади;
– энг муносиб деб топилган номзодлар 18-сентябр куни соат 10:00 да ташкил этиладиган Эксперт гуруҳининг суҳбатига таклиф этиладилар. (Ҳудудларда ҳудудий Эксперт гуруҳи фаолияти йўлга қўйилади.)
Маълумот учун телефон рақами:
(71) 212-60-91










