Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш мақсадида Республика махсус комиссияси тавсиясига асосан аҳолига иш ҳақи ва пенсия тўловларини устувор равишда банк карталари орқали амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар, банклар, Молия вазирлиги қошидаги ғазначилик ҳудудий бўлинмалари ҳамда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, унинг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда бу борада барча ташкилий ишлар бошлаб юборилган. Унга кўра:
Пенсия тўловларини амалга ошириш,
-дастлабки босқичда, яъни жорий йилнинг май ойидан бошлаб, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида истиқомат қилувчи аҳолининг пенсия тўловлари банк карталари орқали амалга оширилади;
-кейинги ойлардан бошлаб, ушбу чора-тадбирлар босқичма-босқич қолган ҳудудларда давом эттирилади.
Бунда пенсионерлар томонидан банк карталарини очиш ва унга эга бўлиш учун Халқ банки бўлимларига бориб юришлари талаб этилмайди.
Бунинг учун:
-Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан фуқаролар тўғрисидаги керакли маълумотлар карта очиш учун Халқ банки бўлинмаларига электрон шаклда юборилади ва банк томонидан уларга карта очилади;
-сўнгра ойлик пенсия тўловлари Пенсия жамғармаси бўлинмалари томонидан шакллантириладиган қайдномалар асосида фуқаронинг картасига ўтказилади.
-Халқ банкининг масъул ходимлари томонидан ушбу карталар уларнинг эгаларига барча санитар қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда яшаш манзиллари бўйича етказиб берилади;
-Халқ банки ходимлари томонидан пенсионерларга ўзларининг банк карталари етказиб берилган вақтда уни расмийлаштириш учун фуқародан фақатгина ариза ва уни банк картасини қабул қилиб олганлиги тўғрисида имзо сўралади.
Шу ўринда, тўловларни амалга ошириш учун республиканинг барча ҳудудларида тегишли инфратузилма мавжудлигини қайд этамиз.
Халқ банки банкоматларидан маблағларни нақдлаштириш бепул амалга ошириш мумкин бўлса-да, саломатлик нуқтаи назаридан ва айниқса, бугунги кунда тўловларни банк карталари орқали амалга оширишингизни тавсия этамиз.
Айни пайтдаги вазиятни, шунингдек, нақд пулдан кўра банк карталаридан фойдаланиш хавфсизроқ эканлигини ва унга дезинфекцион ишлов бериш мумкинлигини инобатга олган ҳолда, фуқароларимиздан ариза ва имзо олиш жараёнида банк ходимларига нисбатан турли эътироз ва шикоятлар билдирмасликларини ИЛТИМОС ҚИЛАМИЗ!
Ойлик иш ҳақларини тўлаш бўйича:
-барча турдаги корхона ва ташкилотлар, шу жумладан, бюджет ташкилотлари ходимларининг ойлик иш ҳақлари ҳам босқичма-босқич тўлиқ банк карталари орқали амалга оширилади;
-корхона ва ташкилотлар раҳбарлари банк картаcи очилмаган, яъни ойлик иш ҳақини нақд пул шаклида олиб келган ходимларга хизмат кўрсатувчи банк билан биргаликда тез фурсатларда банк карталари очиб бериш чораларини кўришлари (корхона номидан тегишли ариза ва ходимларнинг паспорт нусхаларини электрон шаклда банкларга тақдим этишлари) лозим бўлади;
-очилган банк карталари хизмат кўрсатувчи банк томонидан тегишли корхона ва ташкилотларга барча санитар қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда етказиб берилади;
-корхона ва ташкилотлар ишчи ходимлари ўз карталарини банкларга ташриф буюрмаган ҳолда, бевосита ўзлари ишлайдиган корхона ва ташкилотлардан олишлари мумкин бўлади.
Республикамизнинг барча фуқороларига яна бир бор шуни таъкидлаб ўтамизки, банк карталарини расмийлаштириш учун банкларга ташриф буюришингиз умуман талаб этилмайди.
Банк карталари сизларнинг иштирокингизсиз очилади ва хизмат кўрсатувчи банкнинг масъул ходимлари томонидан санитар қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда, нафақадаги фуқароларга яшаш манзиллари бўйича корхона ва ташкилотлар ишчи ходимлариники эса, корхона ва ташкилотларнинг юридик манзили бўйича етказиб берилади.