Тадбир давомида кредитларни қайта молиялаштириш бозорини ривожлантириш ва аҳолининг қарз юкини пасайтириш мақсадида Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига киритилиши режалаштирилаётган ўзгартиришлар ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди.
Мазкур ўзгартиришлар қарз юки кўрсаткичи ҳисоб-китобида қайта молиялаштирилаётган кредит бўйича тўловлар инобатга олинмаслиги, қарз олувчиларнинг бошланғич қарзини қайтариш мақсадида уни мақбул шартларда бошқа кредит шартномасини тузишга рағбатлантириш инсофсиз хизмат кўрсатиш амалиёти сифатида кўриб чиқилмаслиги, шунингдек, қайта молиялаштириш натижасида 30 кундан ошмаган муддат учун ҳисобланган фоизлар капитализация қилинган кредитлар шартлари қайта кўриб чиқилган кредитлар сифатида баҳоланмаслигини назарда тутилмоқда.
Тижорат банклари вакиллари қайта молиялаштириладиган кредитлар бўйича таъминот масаласига, шунингдек, шартлари қайта кўриб чиқилган кредитлар билан қайта молиялаштириладиган кредитлар ўртасида аниқ ҳуқуқий фарқлар ўрнатилиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Шу билан бирга, муайян кредитни қайта молиялаштириш операциялари сонини бир маротабагача чеклаш, қайта молиялаштириш натижасида янги кредитни амалдаги кредит шартномасида белгиланганидан кўра каттароқ суммада ажратиш ва банк кредит портфелида қайта молиялаштирилган кредитлар улушини чеклаш каби масалалар муҳокама қилинди.
Марказий банк банклар ўртасида рақобат муҳитини ривожлантириш ва аҳолининг қарз юки кўрсаткичи ҳаддан ташқари ошиб боришининг олдини олиш унинг устувор вазифаларидан бири эканлиги қайд этди ва банклар томонидан билдирилган таклифларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва эҳтимолий таваккалчиликларни инобатга олган ҳолда кўриб чиқишга тайёр эканлиги билдирди.
Қайта молиялаштириш хизматларини онлайн форматда кўрсатиш имкониятига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтказилган учрашув кредитларни қайта молиялаштириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга оид таклифларни ишлаб чиқишда муҳим босқич бўлиб, молиявий хизматлар сифатини оширишга қаратилган кейинги қадамлар учун замин яратди.