Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси юзасидан

Янгиланган сана:  14 Май 2020, 17:32
14 Май 2020

2020 йил 12 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–5992-сонли “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармон билан 2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси, Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ислоҳ қилиш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда стратегияни амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

Мазкур Стратегия Марказий банк ва Молия вазирлиги томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда мамлакат банк тизимининг жорий ҳолатини ўрганиш натижалари бўйича асосий хулосалар ва тавсиялар, шунингдек хорижий давлатларнинг молия секторини трансформация қилиш тажрибаси ҳамда молия соҳасидаги халқаро тенденцияларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди.

Стратегияда банк тизимида ҳозирги кунда сақланиб қолаётган муаммо ва долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан:

банк тизимида давлатнинг юқори даражадаги иштироки натижасида молиявий ва инсон ресурсларидан самарасиз фойдаланилаётганлиги, уларда корпоратив бошқарув ва таваккалчиликларни бошқариш тизимлари тўғри йўлга қўйилмаганлиги;

давлат иштирокидаги банкларнинг устувор дастурлар, соҳалар ва давлат улушига эга корхоналарга бозор ставкаларидан кам бўлган ставкаларда кредитлар ажратувчи анъанавий “тараққиёт банклари” вазифасини бажариши;

кредитлашнинг юқори суръатларда ўсиб бораётганлиги ва бунинг натижасида банкларнинг барқарорлик даражасини ифодаловчи ликвидлилик ва капитал етарлилик кўрсаткичларига салбий таъсир этаётганлиги;

имтиёзли кредитлар улушининг юқори даражада сақланиб қолаётганлиги натижасида молия бозорида нарх сигналларининг нотўғри шаклланиши, шунингдек пул-кредит сиёсатининг трансмиссион механизмларининг ишлашига салбий таъсир кўрсатаётганлиги;

юқори даражадаги долларлашув, шунингдек кредит ва депозитларнинг йирик корхоналар ва иқтисодиётнинг алоҳида соҳаларида жамланганлиги (концентрацияси) натижасида банк тизимининг валюта, кредит ва ликвидлилик хатарларига бардошлилигининг заифлиги;

давлат иштирокидаги банклар бизнес-моделларининг асосан корпоратив мижозларга хизмат кўрсатишга йўналтирилганлиги, нобанк молия ташкилотларининг роли сустлиги, шунингдек инновациялар ва ахборот тизимларининг яхши ривожланмаганлиги сабабли молиявий оммабоплик даражасининг пастлиги тизимда туб ислоҳотларни амалга ошириш заруратини юзага келтирди.

Мазкур Стратегияни ишлаб чиқиш жараёнидаги Жаҳон банки билан ҳамкорлик, хусусан, ислоҳотлар жараёнидаги асосий таваккалчиликлар ва уларни минималлаштиришга қаратилган чораларни ишлаб чиқиш мақсадида бошқа давлатларда амалга оширилган банк тизимидаги ислоҳотларнинг ижобий ва салбий томонларини ўрганишга қатарилди ва натижада муҳим хулосалар шакллантирилди.

Биринчидан, банк тизимида давлат улушининг қисқартирилиши банк тизимини ривожлантиришнинг муҳим омили ҳисобланади.

Иккинчидан, давлат иштирокидаги банкларни хусусийлаштириш жараёни илғор технологик ечимлар ва банк ишининг илғор тажрибаси, шунингдек етарли молиявий имкониятларга эга нуфузли ва сифатли акциядорларга йўл очиши лозим.

Учинчидан, ислоҳотлар муваффақиятининг асосий шартларидан бири бу – банкларни қисман эмас тўлиқ хусусийлаштиришдир.

Тўртинчидан, давлат иштирокидаги банклар ва реал сектор корхоналарини параллел равишда ислоҳ қилиш иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигида муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга давлат иштирокидаги корхоналарни реструктуризация қилиш
ва хусусийлаштириш уларнинг иқтисодий имкониятларини ошириб, банклар фаолиятига давлат аралашувини кескин қисқартиради.

Бешинчидан, ислоҳотлар даврида давлат иштирокидаги корхоналарнинг кредитлашга бўлган талабини чеклаб қўймаслик ҳамда молиявий оммабопликни таъминлаш учун айрим банкларда давлат улушини сақлаб туриш мақсадга мувофиқ.

Стратегия доирасида кейинги беш йилликда банк-молия тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг тўртта устувор йўналишлари белгиланган. Жумладан:

  1. Банк тизимининг самарадорлигини ошириш банкларни иқтисодий ривожланишга ижобий таъсирини кучайтиради. Бунда:

- банк тизимига замонавий ечимларни жорий қилишга, молиявий ва инсон ресурслари самарадорлигини оширишга ижобий таъсир кўрсата оладиган молиявий барқарор ва нуфузли инвесторларни жалб қилиш;

- имтиёзли ва субсидиялашган кредитларни қисқартириш, кредитлашни пул-кредит сиёсати сигналлари асосида фақат бозор шартларида амалга оширишга ўтиш;

- кредит ресурсларидан эркин фойдаланиш имкониятларини ошириш мақсадида банкларнинг давлат маблағларига бўлган қарамлигини пасайтириш;

- банкларнинг самарали инфратузилмасини яратиш, банк фаолиятида замонавий технологик ечимларни кенг жорий этиш назарда тутилади.

  1. Банкларнинг молиявий барқарорлигини ошириш режалаштирилган ислоҳотлар муваффақиятининг ҳамда банк тизимига ишончни сақлаб туришнинг асосий омили ҳисобланади. Ушбу йўналишда хусусан:

- халқаро стандартлар ва илғор тажрибани қўллаган ҳолда банкларда корпоратив бошқарувни такомиллаштириш;

- кредитлашнинг мўтадил даражада ўсишини таъминлаш ва кредит портфели сифатини яхшилаш;

- банк назоратини ва банкларда таваккалчиликларни бошқариш тизимларини ривожлантириш, шу жумладан рискка асосланган назорат тизимини татбиқ этиш ишлари амалга оширилади.

  1. Банк хизматлари оммабоплигини ошириш аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан етарли даражада хизмат кўрсатилмайдиган (паст даромадли жисмоний шахслар, қишлоқ аҳолиси, микрофирма ва кичик корхоналар) қатламнинг базавий банк хизматларига бўлган талабини қондиришни назарда тутади. Молиявий оммабоплик:

- Жаҳон банки билан ҳамкорликда молиявий оммабопликни оширишнинг аниқ йўналишлари ва чора-тадбирларини белгиловчи

Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш;

- давлат иштирокини аҳоли ва кичик бизнес субъектларининг етарлича хизмат кўрсатилмайдиган ва заиф қатламларига йўналтириш;

- мавжуд бўшлиқларни тўлдириш мақсадида молиявий воситачилик экотизимини ривожлантириш ҳисобига таъминланади.

  1. Банк тизимида давлат улушини қисқартириш тизимни тубдан ислоҳ қилишнинг энг муҳим компонентидир. Ушбу мақсадда:

- шаффоф танлов асосида банклардаги давлат улушини нуфузли хорижий инвесторларга сотиш;

- хусусийлаштирилаётган банкларда давлат иштироки ва аралашувидан тўлиқ воз кечиш;

- банк тизимини транформация қилиш ва хусусийлаштириш даврида ҳосил бўладиган иқтисодий бўшлиқларни тўлдириш мақсадида давлат иштирокини учта банкда сақлаб туриш назарда тутилмоқда.

Стратегия доирасида банкларнинг бизнес моделларини ўзгартириш орқали фаолиятларини тижоратлаштириш ва мижозга йўналтирилганлигини ошириш, уларнинг корпоратив бошқарув ва риск-менежмент тизимларини такомиллаштириш, хизматлар сифатини ва кўламини ошириш мақсадида халқаро молия институтлари ва соҳага ихтисослашган консультантларни жалб этган ҳолда давлат иштирокидаги барча банклар фаолияти трансформация қилинади.

Банк тизимини ислоҳ қилиш даврида барча аҳоли қатламларининг молиявий хизматларга бўлган талабини қондириш, банк хизматларининг ҳудудий қамровини таъминлаш ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатини амалга ошириш мақсадида давлат иштироки учта банкда – Миллий банк, Агробанк ва Микрокредитбанкда сақлаб қолинади.

Миллий банк фаолияти устувор равишда стратегик корхоналар ва инвестицион лойиҳаларга бозор шартларида хизмат кўрсатувчи, шунингдек кенг қамровли банк маҳсулотларини тақдим этувчи тизимли аҳамиятга молик банк сифатида белгиланди.

Агробанк ва Микрокредитбанк филиаллари тармоғининг ҳудудий қамровини инобатга олган ҳолда, уларнинг фаолияти аҳоли, кичик бизнес субъектлари ҳамда қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан кредит орқали қўллаб-қувватлашга, ҳудудларда, шу жумладан молиявий хизматлар кўрсатиш қийин бўлган олис туманларда жисмоний шахслар ва кичик тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш орқали барча ҳудудларда банк хизматлари оммабоплигини оширишга йўналтирилади.

Ипотека-банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Асака банк, Алоқабанк, Қишлоқ қурилиш банк ва Туронбанкдаги давлат улушларини босқичма-босқич хусусийлаштириш, бунда биринчи босқичда банклар фаолиятини халқаро молия институтлари кўмагида трансформация қилиш, иккинчи босқичда эса давлат акциялари пакетини стратегик инвесторларга сотиш назарда тутилган.

Мазкур Стратегияни амалга ошириш доирасида Халқ банки ва Азия альянс банк давлат акциялари пакетини хорижий стратегик инвесторларга сотиш режалаштирилган.

Шунга мувофиқ, Халқ банкини хусусийлаштиришга тайёрлаш жараёнида жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларини бошқариш Молия вазирлигига ўтказилади.

Бундан ташқари, Ўзагроэкспортбанк ва Пойтахт банкнинг фаолияти қайта кўриб чиқилади.

Банк тизимини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштиришга тайёрлашда Марказий банкнинг банк тизимининг регулятори сифатидаги ролини кучайтириш орқали лозим даражадаги пруденциал назоратнинг амалга оширилиши молия тизими барқарорлигини таъминлашнинг муҳим компоненти ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан Марказий банк томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда тижорат банклари фаолияти пруденциал назорати механизмлари ва жараёнларининг Базель қўмитасининг Самарали банк назоратининг асосий тамойилларига мувофиқлигини ўрганиш мақсадида баҳолаш ўтказилиб, аниқланган камчилик ва заиф жиҳатларни бартараф этишга қаратилган Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди.

Стратегияни амалга ошириш доирасида мазкур Ҳаракатлар режасида назарда тутилган банкларни тартибга солиш нормалари ва назорат қилиш жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Стратегия доирасида амалга ошириладиган ислоҳотлар натижасида:

- давлат улуши бўлмаган банклар активларининг банк тизими жами активларидаги улушини жорий 16 фоиздан 2025 йил якунига қадар 60 фоизгача ошириш;

банкларнинг хусусий сектор олдидаги мажбуриятларининг умумий мажбуриятлардаги улушини жорий 28 фоиздан 2025 йил якунига 70 фоизгача ошириш;

- давлат улушига эга камида учта банк капиталига 2025 йилга қадар етарли тажриба, билим ва обрўга эга камида учта стратегик хорижий инвесторларни жалб қилиш;

- умумий кредитлаш ҳажмида нобанк кредит ташкилотларининг улушини жорий 0,35 фоиздан 2025 йил якунига қадар 4 фоизгача ошириш;

банклар депозитларининг мажбуриятларига нисбатини жорий 41 фоиздан 2025 йил якунига қадар 50 фоизга ошириш;

банкларнинг хорижий валютадаги мажбуриятларининг жами мажбуриятлардаги улушини жорий 58 фоиздан 2025 йил якунига қадар 40 фоизгача камайтириш режалаштирилган.

Мамлакат банк-молия сектори ривожланиш даражаси ва барқарорлигини баҳолаш мақсадида 2024 йилнинг якунига қадар Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг дастури (FSAP) асосида молиявий сектор ҳолатини баҳолаш назарда тутилмоқда.

pdf 11.8 MB
Президент Фармони 5992
USD = 12620.09
+19.95
EUR = 13599.41
-42.76
RUB = 136.73
+0.81
GBP = 15892.48
-16.46
JPY = 83.33
+0.09
CHF = 13926.38
+8.19
CNY = 1745.42
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X