Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2026 йилнинг январь ойидаги йиғилишлар (жами 6 марта) давомида 27 та масала кўриб чиқилди ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида жами 17 та масала кўриб чиқилди. Жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (4 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (2 та), тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш (3), шунингдек, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (5 та) билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, “BARAKA BIZNES HAMKOR MIKROMOLIYA TASHKILOTI” ва “EFFECTIVE MONEY MIKROMOLIYA TASHKILOTI” масъулияти чекланган жамиятлари ўз аризасига асосан микромолия ташкилотлари реестридан чиқарилди. Бундан ташқари, “IT UNISOFT GROUP” акциядорлик жамиятига тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензия ҳам ўз аризасига мувофиқ бекор қилинди.
Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 10 та масала кўриб чиқилди. Хусусан, Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, банк ва микромолия ташкилотларида ўтказилган инспекция натижалари, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳамда тўлов ташкилотларида белгиланган талабларига риоя этилишига доир масалалар муҳокама қилинди.
Қонунчилик талабларига мувофиқ фаолиятини ташкил этмаганлиги учун 4 та тўлов ташкилотига нисбатан қатъий чоралар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантириш берилди. Шунингдек, корпоратив банк карталарига хизмат кўрсатиш жараёнида қонунчилик талаблари бузилгани, ҳамда инспекциялар давомида аниқланган камчиликлар учун 7 та банк ва 1 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.
Шунингдек, жорий йил январь ойида банк фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар етарли даражада самара бермагани, жумладан, устав капитали қонунчиликда белгиланган энг кам миқдорга етказмагани ва банк фаолиятига оид қатор талаблар бажарилмагани сабабли “YANGI BANK” акциядорлик жамиятининг банк фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензияси бекор қилинди.