Жорий йилнинг 11 февраль куни Ўзбекистон Пул бозори ишчи гуруҳининг навбатдаги ўн иккинчи йиғилиши доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ғазначилик департаменти раҳбари Аксел ван Недервин, шунингдек экспертлар, Оуд Пакат ва Элдор Закировлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ташриф буюрди.
Марказий банк раҳбарияти ҳамда мутахассислари билан ўтказилган учрашувда, сўнгги макроиқтисодий шароитлар, банк тизими ликвидлиги шаклланиши ҳолати, Марказий банкнинг ликвидликни тартибга солишда асосий операциялар ўрни ва уларнинг ҳажми, банклараро пул бозоридаги фаоллик ва фоиз ставкалар шаклланиши масалаларини муҳокама қилдилар. Учрашув якунида иштирокчилар амалдаги ҳамкорлик йўналишларига тўхталиб ўтдилар ва келгусидаги режаларни белгилаб олдилар.
Кун тартиби доирасидаги навбатдаги тадбир тижорат банклари ғазначилари иштирокидаги пул бозори ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш доирасида банк тизими ликвидлигининг жорий ҳолати, банклараро пул бозоридаги фаоллик ва фоиз ставкалар шаклланиши динамикаси муҳокама қилинди.
Пул бозори иштирокчилари салоҳиятини ошириш ва халқаро тажриба алмашиш мақсадида ликвидликни бошқариш ҳамда валюта курси ўзгариши хатарларини хежирлашда валюта свопларидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, фоиз ставкалари ўзгариши шароитида фоиз рискини бошқариш масалалари муҳокама қилинди. Экспертлар томонидан фоиз своплари энг кўп сотиладиган восита ҳисобланган жаҳон деривативлар бозори намунаси тақдим этилди.
Бундан ташқари, 2025 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган ҳамда тижорат банклари балансларидаги рискларни бошқариш, банк маҳсулотларига нарх белгилаш бўйича қарорлар қабул қилиш, шунингдек, виртуал сценарийларда фоиз свопларидан фойдаланиш каби мавзуларни қамраб олган симуляцион тренинг якунлари сарҳисоб қилинди.
Шу билан бирга Марказий банк, тижорат банклари ва экспертлар ўртасида очиқ савол-жавоб ўтказилиб, амалиёт масалалар ҳамда келгусидаги ҳамкорлик мавзулари муҳокама қилинди.