Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Савол-жавоб

Янгиланган сана:  20 Июл 2020, 18:04
20 Июл 2020


              Карантин даврида банк хизматлари мижозларига қандай қулайликлар яратилди? Масофавий банк хизматлари етарли даражада ишлаши таъминланмоқдами?

              - Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва банк мижозларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида тижорат банклари томонидан масофавий банк хизматларини такомиллаштиришга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда.

              Ҳозирда мамлакатимизнинг деярли барча тижорат банклари мобиль иловаларида базавий банк хизматларини онлайн равишда, уйда ўтирган ҳолда бажариш имконияти мавжуд.

              Жорий йилнинг февраль ойидан Марказий банк томонидан хўжалик субъектлари учун 24/7 режимида ишловчи тезкор тўловлар тизими йўлга қўйилиб, бугунги кунда ушбу тизимга 31 та банк уланди.

              Халқаро EMV стандартларига мувофиқ, тўловларни амалга ошириш имкониятини берувчи “QR-online” универсал тўлов хизмати тўлиқ ишга туширилди ва ҳозирга келиб 4 100 дан зиёд тадбиркорлик субъектига ана шундай QR-кодлар тақдим этилди.

              Туронбанк ҳамда Миллий банклараро процессинг маркази (Ҳумо тизими) ҳамкорлигида NFC технологияси мавжуд воситалар орқали мобиль телефонлар, планшетлар ва бошқа воситалар ёрдамида (тўлов терминалидан фойдаланмаган ҳолда) янги контактсиз тўлов қабул қилиш “Tap2Phone” инструменти ишлаб чиқилди ва жорий йилнинг май ойидан кенг омма фойдаланиши учун тақдим этилди.

              Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур технология барча тадбиркорлик субъектларига, биринчи навбатда, товар етказиб бериш хизматлари, такси ва бошқа манфаатдор корхоналарга тўлов терминалидан фойдаланмаган ҳолда, нақдсиз тўловларни қабул қилиш имконини беради.

              Шу билан бирга, жисмоний шахсларга банкларнинг мобиль иловалари орқали онлайн микроқарзлар, автокредит ва кредит карталари каби банк хизматларидан фойдаланиш имконияти кенгайтирилди.

              Банклар томонидан электрон тижорат тизимини ривожлантиришга қаратилган мобиль иловаларда савдо майдончалари (маркетплейс) хизмати жорий қилиниб, унда масофадан туриб истеъмол товарлари ва автотранспорт воситаларини онлайн кредит ҳисобига харид қилиш ва маҳсулотларни мижозларга етказиб бериш тизими йўлга қўйилмоқда.

              Шунингдек, карантин даврида банкка келиш имконияти йўқлиги ҳисобга олиниб, мижозларга банк картасини очиш учун масофавий алоқа каналлари (веб-сайт, Call-марказ, телеграм ботлар) орқали онлайн ариза юбориш имконияти яратилди. Натижада мижоз мурожаати асосида банк карталарини унинг уй манзилига бепул етказиб бериш тизими жорий этилди.

              Тижорат банклари томонидан мобиль илова дастурлари орқали жисмоний шахсларга айни вақтда қуйидаги банк операцияларини бажариш имконини берувчи хизматлар таклиф этилмоқда:

              - картадан картага пул ўтказиш операцияларини бажариш;

              - солиқ, коммунал ва бошқа тўловлар (масалан, мобиль алоқа ва интернет хизматлари, давлат хизматлари тўловлари, турли жарималар, хайрия учун маблағларни ўтказиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда турли таомларни етказиб бериш хизматлари учун) тўловларни амалга ошириш;

              - мижоз талабига кўра банк картасини блоклаш ёки блокдан чиқариш;

              - банк карталарига онлайн буюртма бериш;

              - жисмоний шахслар учун микроқарз олиш ва уларни сўндириш;

              - онлайн омонатларни очиш ва маблағларни жойлаштириш;

              - онлайн конверсия амалиётларини бажариш;

              - халқаро банк карта ҳисобварағидан тўловларни амалга ошириш ва маблағлар ҳаракатини мониторинг қилиш;

              - банк инфратузилмалари (филиаллар, айирбошлаш шохобчалари, банкомат ва инфокиосклар) дислокацияси ҳақида маълумот олиш;

              - халқаро пул ўтказмалари тизими орқали келган маблағларни мижознинг хоҳишига кўра, банк ҳисобварағи (омонати) ёки банк картасига киритиш ва бошқалар.

              Ўз навбатида, хўжалик юритувчи субъектларга масофавий тизимлардан фойдаланган ҳолда бир нечта амалиётларни бажариш имконияти яратилган. Хусусан:

              - банк ҳисобварақларидаги маблағларни тасарруф этиш ва тўловларни амалга ошириш (яъни ҳисобварақлар ҳаракатини мониторинг қилиш);

              - валюта маблағларини сотиб олиш (яъни, конвертация) учун буюртманомани электрон шаклда хизмат кўрсатувчи банкка юбориш;

              - ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ўтказиш учун электрон қайднома (ведомость)ни банкка узатиш ва бошқа хизматлардир.

              Бу каби қулайликлар аҳолига банкка ташриф буюрмаган ҳолда, қулай, тезкор ва ишончли тўлов хизматларидан фойдаланиш имконини бермоқда.

USD = 10315.62
+20.29
EUR = 12210.60
+15.78
RUB = 136.28
-1.37
GBP = 13322.62
+151.8
JPY = 98.67
+1.67
CHF = 11315.95
-15.03
CNY = 1524.29
+17.58
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X