Маълумки, 1997 йил намунасидаги 200 сўмлик, 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик банкнотлар 2020 йил 1 июлдан қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотди (Адлия вазирлигида 2018 йил 19 майда 3014-сон билан рўйхатга олинган низомга асосан).
Республикамизда коронавирус пандемияси муносабати билан эълон қилинган карантин шароитида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида истисно тариқасида тижорат банкларининг барча бўлинмалари (жумладан, банк хизматлари офислари, мини-банклар кассалари ва бошқа банкдан ташқари операцион кассалар) томонидан 2020 йил 1 сентябрга қадар эски намунадаги 200 сўмлик ва 500 сўмлик банкнотларни қабул қилиш ҳамда муомаладаги банкнотлар ва тангаларга монеликсиз алмаштириб бериш юзасидан хабар берилган эди.
Шу муносабат билан, эски намунадаги 200 сўм ва 500 сўм қийматидаги банкнотларингиз мавжуд бўлса, уларни жорий йил 29 августга қадар (август ойининг охирги банк иш куни) тижорат банкларининг барча бўлимлари кассаларида, 2020 йил 1 сентябрдан кейин Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармалари Ҳисоб-китоб касса марказларида белгиланган тартибда муомаладаги пул белгиларига алмаштириб олишингиз мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.