Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банкининг 59-йиллик йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки вакиллари Standard Chartered банки вакиллари билан халқаро резервларни бошқариш ва рақамли молия масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув давомида томонлар рақамли банкинг, финтек ечимлари, рақамли активлар, рақамли кастодиал сақлаш ҳамда трансчегаравий ҳисоб-китоблар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича фикр алмашди. Standard Chartered вакиллари рақамли молиянинг анъанавий банк хизматлари ва янги молиявий технологияларни боғлашдаги роли ортиб бораётганини таъкидлади.
Марказий банк рақамли валюта масаласига алоҳида эътибор қаратди. Марказий банк CBDC соҳасидаги халқаро тажрибани ўрганаётгани ва масъул идоралар билан ҳамкорликда тегишли ёндашувларни баҳолаётганини қайд этди.
Учрашувнинг алоҳида қисми резервларни бошқариш масалаларига бағишланди. Марказий банк Ўзбекистон халқаро резервларни бошқаришда хавфсизлик, ликвидлик ва даромадлиликка устувор аҳамият қаратган ҳолда консерватив ёндашувга амал қилишини таъкидлади. Шу билан бирга, резерв активларини янада диверсификация қилиш ва резервларни бошқариш жараёнларини тўлиқ автоматлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Томонлар резервларни бошқаришдаги глобал тенденциялар, жумладан, резерв портфелларини диверсификация қилиш, кастодиал банклар билан ҳамкорлик, ташқи актив бошқарувчиларни жалб этиш ҳамда турли молия бозорларидаги имкониятлар юзасидан фикр алмашди. Standard Chartered резервларни бошқариш ва инвестицияларни диверсификация қилиш билан боғлиқ йўналишларда техник кўмак кўрсатиш ҳамда ўз экспертизаси билан бўлишишга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда, шунингдек, кастодиал хизматлар, клиринг ечимлари, техник кўмак ва молия бозори инфратузилмаси соҳасидаги келгуси ҳамкорлик каби амалий масалалар кўриб чиқилди. Учрашув якунида томонлар резервларни бошқариш, рақамли молия ва замонавий молиявий технологиялар йўналишларида мулоқотни давом эттириш ҳамда амалий ҳамкорлик имкониятларини ўрганишга тайёрлигини билдирди.