Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк фирибгарлик ҳолатларидан эҳтиёт бўлишга чақиради

Янгиланган сана:  18 Дек 2020, 12:01
18 Дек 2020

Ахборот технологиялари кенг қўлланилаётган ҳамда молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларда масофавий хизмат кўрсатиш каналлари кенгайиб бораётган ҳозирги шароитда ишонувчан ҳамда молиявий саводхонлик даражаси етарли бўлмаган фуқароларга нисбатан фирибгарлик ҳаракатлари кузатилмоқда.

Бу каби фирибгарлик ҳолатлари банк картаси эгасининг хабарисиз унинг карта ҳисобварағидан пул маблағини ечиб олиш, пароль ва ПИН-кодларни ўғирлаш ва бошқа ноқонуний фаолият турлари билан боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати фирибгарликнинг қуйидаги белгиларидан огоҳ бўлишга чақиради:

1. Ишонтириш мақсадида ўзини банк, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки бирон савдо ташкилотининг ходими сифатида таништирувчи бегона шахслардан қўнғироқ бўлиши, СМС-хабарнома ёки ижтимоий тармоқлар орқали турли хабарларнинг келиб тушиши;

2. Турли совғалар ғолибига айланиш, сизнинг фойдангизга ҳар қандай маблағларни ўтказиб бериш ёки товар ва хизматларни жозибадор шартларда сотиб олиш каби гўёки жуда фойдали ва кутилмаган имкониятларнинг таклиф этилиши;

3. Ютуқларни кейинчалик банк картасига ўтказиб бериш шарти билан турли хил сўровлар ва лотереяларда иштирок этиш таклиф қилиниши;

4. Ютуқларни қабул қилиш ёки товар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш мақсадида турли мобиль иловаларни ўрнатиш ёки ҳаволалар орқали банк картангиз ёҳуд шахсий маълумотларингизни киритиш тўғрисида таклифлар берилиши;

5. Ҳисобварағингиздаги пул маблағлари йўқолиши мумкинлиги ҳақида қўрқитиш ва тезкор қарор қабул қилишга мажбурловчи руҳий босим ўтказиш ҳолатлари;

6. Ҳисобингизга хатолик билан пул маблағи ўтказиб юборилганлиги ва ушбу маблағларни қайтаришни сўраб қўнғироқ қилиш ҳолатлари.

“Телефон фирибгарлари” ўйлаш учун вақт қолдирмай, турли гаплар билан чалғитиб, карта маълумотларингизни айёрлик билан қўлга киритади ёки ёлғонларига ишонтириб, пул маблағларини уларга ўз хоҳишингиз билан ўтказиб беришга ундайди.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати фирибгарларнинг турли баҳоналар билан банк картангиз маълумотларини (карта рақами, ПИН-код, шунингдек, СМС-код ва бошқа шахсий маълумотлар) билиб олишга уринишларига жавоб бермасликка чақиради.

Шунингдек, банк ходимлари қўнғироқ қилиш, СМС-хабарнома ёки ижтимоий тармоқларда хабар юбориш орқали банк картаси эгасидан унинг картасига тегишли ва бошқа шахсий маълумотларни сўрамаслигини маълум қиламиз.

Фирибгарлар “тузоғи”га тушиб қолишнинг олдини олиш ва маблағларингиз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати қуйидагиларни тавсия қилади:

  • Ўзини банк, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ёки бирон савдо ташкилоти ходими деб таништирган нотаниш фуқаролардан қўнғироқ бўлганда, уларнинг сўзларига ёки кўрсатмаларига амал қилишга шошилманг ва шахсий маълумотларингизни ошкор қилманг. Яхшиси, суҳбатни тугатинг ва қўнғироқ қилувчилар айтган ташкилот билан қайта боғланиб, улар томонидан сизга берилган маълумотларнинг тўғри ёки нотўғри эканига аниқлик киритинг;

  • Ҳар қандай шароитда ҳам банк картангиз тўғрисидаги маълумотларни (карта рақами, ПИН-код, банк картасининг олд қисми расмлари) ҳамда ўз шахсий маълумотларингизни бегона фуқароларга ошкор қилманг ва юборманг;

  • Ўзингизга тегишли бўлган банк картаси маълумотларини ижтимоий тармоқларда эълон қилманг;

  • Махфий маълумотларни киритишингиз, рўйхатдан ўтишингиз керак бўлган сайтларда HTTPS:// префикси мавжудлигини текширинг;

  • Агар ташкилотларнинг сайти ёки саҳифаси ҳақиқийлигига шубҳа қилсангиз, ушбу ташкилот билан боғланинг ва маълумотларга аниқлик киритинг;

  • Имзоланадиган барча ҳужжатларни диққат билан ўқинг, кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини қайта текширинг;

  • Ушбу оддий тавсияларни ёши улуғ қариндошларингиз ва ўсмирларга тушунтириб боринг.

USD = 12794.88
+19.86
EUR = 14021.91
-68.94
RUB = 132.99
-1.61
GBP = 16725.47
-78.79
JPY = 86.25
-0.97
CHF = 14919.40
-64.2
CNY = 1823.02
+2.83
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X