Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Банк карталари билан боғлиқ фирибгарликлардан огоҳ бўлинг!

Янгиланган сана:  2 Ноя 2021, 14:46
2 Ноя 2021

Ижтимоий инжиниринг усулларини қўллаган ҳолда фуқароларнинг ишончига кириш орқали уларнинг пул маблағларини ўзлаштириш, алдов йўли билан банк пластик карталаридаги пул маблағларини бошқариш ҳуқуқини қўлга киритиш, шахсга доир маълумотларни рухсатсиз олиш ва тўлов эвазига тарқатиш каби молиявий фирибгарликлар кўп бор кузатилмоқда.

Масофавий банк хизматлари ва тўлов ташкилотларининг электрон пул ўтказмаларидан фойдаланувчиларга уюштирилаётган кибертаҳдидлар, виртуал фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки барча фуқароларни огоҳлантиради:

Тасдиқловчи кодни ошкор қилманг

Ҳар қандай ҳолатда ҳам СМС-хабар орқали келган бир марталик тасдиқловчи кодни ҳеч кимга ошкор қилманг. Ушбу тасдиқловчи код ёрдамида фирибгарлар хисобингиздаги пул маблағларини рухсатингизсиз ўтказиши ёки мобил иловалар ёрдамида уларни бошқариш ҳуқуқини қўлга киритиши мумкин.

Бегона шахсларга банк карталари ёки банкнинг мобил иловасидаги аккаунтингиз тўғрисидаги маълумотларни берманг

Шуни ёдда тутиш керакки, банк картасига пул ўтказиш учун унинг 16 хонали рақамини билиш етарлидир. Унутманг, банк ходимлари пластик картангизнинг амал қилиш муддати ёки СМС-хабар орқали келган тасдиқловчи кодларни айтишингизни сўрамайди. Сизга телефон орқали мурожаат қилиб, ўзини банк ходими, тўлов ташкилотининг администратори ёки бошқа давлат идораси ходими сифатида таништириб, пластик картангиз бўйича ёки банкнинг мобил иловасидаги аккаунтингиз тўғрисидаги маълумотларни сўраган шахсларга, банк пластик картаси тўғрисидаги конфиденциал ахборотларни ёки шахсий маълумотларингизни берманг. Улар фирибгар бўлиши мумкин. Ҳар қандай ҳолларда ҳам ҳисоб рақамингиздаги ўзгаришлар, шубҳали тўловлар, сизнинг номингизга расмийлаштирилган кредитлар ёки омонатларни сабаб қилиб маълумот олишга уринишларни сезсангиз, хизмат кўрсатувчи банкингизга мурожаат қилиб, аниқлик киритишингиз зарур.

Таклиф этилаётган товар ва хизматларнинг расман сертификатланган ёки лицензияга эга эканлигини текширинг

Турли акциялар, ютуқли лоторея совринлари, брокерлик хизматлари, валюта биржаларида қатнашиб, юқори даромад олиш, чет давлатларида онлайн ўқиш ва юқори даромадли ишларга тез ва осон жойлаштириш, олдиндан сармоя киритиб қисқа муддатда бойиб кетиш, онлайн савдо платформалари орқали товарларни арзон нархларда етказиб бериш каби арзимас хизмат ҳақи эвазига юқори даромад олишга ундовчи ёлғон таклифлари билан фуқароларнинг ишончидан фойдаланиб уларнинг пул маблағларини ўзлаштиришга уриниш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунда фирибгарлар сохта шартнома ва ҳужжатларни тақдим этиб фуқароларни ишонтиришга ҳаракат қилади.

Интернет тармоғидаги веб-саҳифаларнинг расмийлигини текширинг

Шубҳали бўлган веб-саҳифаларда банк картаси тўғрисидаги маълумотларингиз ва СМС-хабари орқали келган тасдиқловчи кодларни киритманг.

Ҳозирги кунда қўриниши жиҳатдан тўлов ташкилотларининг веб-сайтига ўхшаган сохта саҳифалар фирибгарлар томонидан тарқатилмоқда. Сайтга банк картаси тўғрисидаги маълумотлар киритилганда, фирибгарлар ушбу маълумотлар ёрдамида пластик карталарнинг банк мобил иловаларига уланиб, пул маблағларини ўзлаштириши хавфи мавжуд. Сизга таклиф этилган веб-саҳифанинг ҳақиқийлигига шубҳа қилсангиз, тегишли ташкилотнинг интернет тармоғидаги расмий сайти ёки веб-саҳифасининг манзили билан солиштириб кўринг.

Қуйидаги рўйҳатда ташкилотларнинг логотипидан фойдаланган айрим сохта веб-саҳифа манзиллари келтирган:

yandex.uz-gets.space

click.uz-gets.space

click.3ds-uz.net

click.uz-gets.click

click-payment.site

click.uz-pay.xyz

olx.pay

USD = 10760.27
-6.22
EUR = 12186.01
-8.12
RUB = 145.55
-0.05
GBP = 14334.83
+2.48
JPY = 95.09
+0.2
CHF = 11688.32
-22.02
CNY = 1688.18
-1.58
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X