Таълим лойиҳасининг мақсади волонтёр талабалар томонидан ёшлар учун молиявий саводхонликни ошириш ва ёшларнинг оқилона молиявий хулқ-атворини шакллантиришга қаратилган таълим тадбирларни ўтказишдан иборат. Ушбу лойиҳа Марказий банк томонидан республика бўйлаб 15 та иқтисодий олий ўқув юртлари билан биргаликда амалга оширилиб, 84 та ноиқтисодий йўналишдаги олий ўқув юртларини қамраб олади.
Жорий йилнинг 28-31 март кунлари волонтёр талабаларни тайёрлаш бўйича ўтказилган тренингларда Марказий банк ходимлари томонидан банк омонатлари ёрдамида жамғармаларни шакллантириш, молиявий мақсадларни белгилаш, фоизларни ҳисоблаш тартиби, рақамли банк хизматларидан самарали фойдаланиш, молиявий хавфсизликни таъминлаш каби молиявий саводхонликка тегишли бир қанча масалалар алоҳида ёритиб ўтилди.
Тренинг давомида талабаларга волонтёрлик фаолиятининг ташкилий асослари, шунингдек тренинглар ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари ва тингловчилар билан ўзаро ишлаш тамойиллари тушунтирилди. Ушбу тадбирнинг интерфаол шаклда ўтказилиши иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиш имконини яратди.
Молиявий саводхонлик бўйича тренерликка тайёрлаш курсида республикамизнинг барча вилоятларидан 300 дан ортиқ талабалар иштирок етишди.
Ёшларнинг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган таълим лойиҳаси жорий йилнинг 4-8 апрель кунлари ноиқтисодий йўналишдаги 84 та олий ўқув юртларида ўтказилиши режалаштирилган.
"Ноиқтисодий йўналишдаги олий ўқув юртларида ёшларнинг молиявий саводхонлигини ошириш" лойиҳаси доирасида волонтёр талабаларни тайёрлаш бўйича тренинглар ўтказилди
Янгиланган сана: 5 Апр 2022, 14:17










