Халқаро валюта жамғармаси техник кўмаги доирасида мамлакатимиз монетар ва фискал сиёсат масалалари билан шуғулланувчи вазирлик ва идоралар мутаҳасислари учун “Макроиқтисодий дастурлаш” мавзусида ўқув курси бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 28 октябридан 5 ноябргача Марказий банкда Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) Бирлашган Вена институти (Австрия) билан ҳамкорликда Марказий банк, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитаси ёш мутахасислари учун “Макроиқтисодий дастурлаш” мавзусида ўқув курси ташкил этилди.
Мазкур ўқув курсининг аҳамияти шундаки, ХВЖ томонидан бундай юқори савиядаги ўқув курси мамлакатимизда биринчи марта ташкил этилиб, ХВЖ ўқув марказларида ҳар йили ташкиллаштириладиган ҳамда қатнашувчилар сони чекланганлиги боис республикамиз вазирлик ва ташкилотларидан чекланган миқдордаги (одатда 2-3 нафар) мутахассислар таклиф қилинадиган ўқув курсларидан фарқли равишда, унда бир вақтнинг ўзида 40 дан ортиқ ёш мутахассисларнинг билим ва малакаларини ошириш имкони яратилди.
Мазкур ўқув курсининг яна бир муҳим жиҳати унинг доирасида асосий эътибор ёш мутахассисларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг амалдаги босқичида муҳим аҳамият касб этаётган макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш ҳамда миллий иқтисодиёт ривожланиш сценарийларини ишлаб чиқиш борасидаги салоҳиятларини кучайтиришга қаратилди.
Хусусан ўқув курси доирасида:
- иқтисодиётдаги жорий ҳолатни ва жараёнларни таҳлил қилиш, иқтисодиётда мавжуд бўлган номутаносибликларни аниқлаш, монетар ва фискал сиёсат чора-тадбирларининг макроиқтисодий барқарорликка таъсирини баҳолаш;
- турли иқтисодий тармоқлар (реал сектор, солиқ-бюджет, пул-кредит, ташқи савдо сектори) ўртасидаги боғлиқликларни ҳисобга олган ҳолда иқтисодий ривожланиш сценарийларини ишлаб чиқиш, қисқа ва ўрта муддатли истиқбол учун макроиқтисодий кўрсаткичларни прогнозлаштириш;
- мамлакатнинг ташқи иқтисодий операциялари ҳолатини таҳлил қилиш, тўлов балансидаги заиф томонларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, тўлов балансини прогнозлаштириш ва бошқа мавзулар қамраб олинди.
Ўқув курси якуни бўйича вазирлик ва идораларнинг 40 дан ортиқ мутахасисларига ХВЖ Бирлашган Вена институтининг сертификатлари топширилди.
Ўз навбатида, келгусида ҳам бу каби ўқув курсларини Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорликда доимий равишда ташкил этиб бориш кўзда тутилмоқда.