Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Кўп бериладиган саволлар




Тўлов тизимлари 26

  • Тўлов топшириқномаларини тақдим этилган санада ижрога қаратиш учун ҳам валюталаштириш санаси кўрсатилиши шартми?


    Ҳа, шарт. 3229-сон билан давлат рўйхатига олинган низомнинг 2-иловасида тўлов топшириқномаси шакли келтирилган бўлиб, банкка тақдим этиладиган тўлов топшириқномалари ушбу шаклга мос бўлиши лозим. Агар тўловни дарҳол амалга ошириш лозим бўлса, тўлов топшириқномасининг “Валюталаштириш санаси” графасида ҳам операция куни (банк иш куни) санаси кўрсатилади, яъни “Ҳужжат санаси” ва “Валюталаштириш санаси” графасида бир хил сана кўрсатилади.

  • Тўлов топшириқномасидаги “Ҳужжат санаси” ва “Валюталаштириш санаси” графаларидаги саналар нимани англатади?


    “Ҳужжат санаси” графасидаги сана – бу мижоз томонидан тўлов топшириқномасини ўзига хизмат кўрсатувчи банкка тақдим этиш санасидир. Ушбу сана тўлов топшириқномасини банкка тақдим қилиш санаси билан бир хил бўлиши керак. Операция куни, яъни тўловларни амалга ошириш вақти тугаганидан сўнг, лекин шу календарь кунда тақдим этилган тўлов топшириқномаси банк томонидан ижрога қабул қилиниб, кейинги операция кунида (банк иш кунида) ижрога қаратилади.

    “Валюталаштириш санаси” графасидаги сана – бу мижоз томонидан ўзига хизмат кўрсатувчи банкка тақдим этилган тўлов топшириқномасини ижро қилиш (тўловни амалга ошириш) санасидир. Ушбу сана “Ҳужжат санаси” графасидаги санадан кўпи билан 10 кунга фарқланиши мумкин, яъни ҳужжат тақдим этилган санадан бошлаб ҳисоблаганда “Валюталаштириш санаси” графасида ўнинчи кун кўрсатилиши мумкин. Валюталаштириш санаси операция куни ҳисобланмайдиган, яъни банк ишламайдиган кунга тўғри келиб қолса, тўлов топшириқномаси валюталаштириш санаси сифатида кўрсатилган санадан кейинги биринчи операция кунида (банк иш кунида) ижро этилади.

  • Дебиторлик-кредиторлик қарзларини солиштириш далолатномаси етказиб берилган товарлар (бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар) бўйича расмийлаштирилган далолатноманининг тўлов талабномасига илова қилинса, бу маблағлар тўловчининг рухсатисиз (акцептсиз)


    Йўқ, асос бўлмайди. 3229-сон билан давлат рўйхатига олинган низомнинг 56-бандида акцептсиз тўлов талабномалари асосида маблағларни тўловчининг розилигисиз (акцептсиз) ҳисобдан чиқариш мумкин бўлган ҳоллар келтирилган.

  • Тўлов талабномаларини тўғридан-тўғри тўловчининг банкига тақдим этиш мумкинми?


    Ҳа, мумкин. 3229-сон билан давлат рўйхатига олинган низомнинг 45-бандига кўра, тўлов талабномалари маблағларни олувчининг (ундирувчи) банкига ёки тўловчининг (қарздорнинг) банкига тақдим этилиши мумкин. Маблағларни олувчининг банки мижози тақдим этган тўлов талабномаларини маблағларни тўловчининг банкига юборади.

  • Электрон пуллардан фойдаланиш қулайлиги нимада?


    Электрон пулларнинг афзалликлари қўйидагилар:

    бошқа тўлов воситаларига нисбатан арзонлиги;

    ҳисоб-китобларни қулай ва тезкор усулда ўтказиш;

    банк ҳисобварағини очмасдан тўловларни амалга ошириш;

    ликвидлилик даражасининг юқорилиги;

    таваккалчилик даражасининг пастлиги, хавфсизликнинг таъминланиши.

    Шу билан бирга, идентификация қилинмаган электрон ҳамённинг эгаси базавий ҳисоблаш миқдори доирасида операцияларни амалга ошириш имкониятига эга.

    Идентификация қилинган электрон электрон ҳамён эгаси томонидан амалга оширилган битта операциянинг энг кўп суммаси юз базавий ҳисоблаш миқдорига тенг бўлган суммадан ошмаслиги лозим.

  • Мен банк картамдан тўлов ташкилотларидан бирининг мобил иловаси орқали адашиб ўзимга тегишли бўлмаган бошқа телефон рақамига тўловни амалга оширдим, энди пулимни банк картамга қайтаришнинг иложи борми?


    Банклар ва/ёки тўлов ташкилотларининг мобил иловалари орқали ҳар қандай хизмат учун тўловни амалга оширишдан олдин тўлов учун асос бўлган маълумотларнинг тўғрилигини тасдиқлаш сўралади. Тўловчининг хатоси туфайли амалга оширилган нотўғри тўлов бўйича жавобгарлик тўловчи зиммасида қолади ва пул маблағларини тўғри телефон рақамига ўтказиш масаласига аниқлиқ киритиш учун тўловни қабул қилувчига, яъни уяли алоқа операторига мурожаат қилишингиз мумкин.

  • Халқаро тўлов тизимларининг банк (валюта) карталаридаги пул маблағи банкомат орқали нақдлаштирилганда банк қанча комиссия ушлаб қолади?


    Қонун ҳужжатларида банк операцияларига оид воситачилик ҳақи миқдори банк томонидан мустақил белгиланиши кўрсатилган. Тарифлар, шу жумладан, халқаро тўлов тизимларининг банк (валюта) картасидан банкоматлар орқали пул маблағларини олишда банкнинг воситачилик ҳақи миқдори мижоз ва эмитент банк, шунингдек, халқаро тўлов тизимлари ўртасида тузилган шартнома билан белгиланади. Комиссия миқдорини аниқлаштириш учун банкка мурожаат қилиш керак.

  • Мен қандай қилиб HUMO тўлов тизимининг банк картасидан Uzcard тўлов тизимининг банк картасига (ёки аксинча) пул ўтказмаларини амалга оширишим мумкин?


    Жисмоний шахслар HUMO ва Uzcard тўлов тизимларининг банк карталари ўртасида пул ўтказмаларини қуйидагилар орқали амалга оширишлари мумкин:

    1) банк ва/ёки тўлов ташкилотининг веб-сайти;

    2) банк ва/ёки тўлов ташкилотининг мобил иловаси;

    3) тўлов ташкилотининг USSD-сўровлари;

    4) тўлов ташкилотининг телеграм боти.

    Шуни таъкидлаш жоизки, барча банклар ва/ёки тўлов ташкилотлари бундай хизматларни таклиф этмайди. Бундан ташқари банк карталарига пул маблағларини бевосита банкларга ташриф буюриб ҳам ўтказиш мумкин (банк-эмитент ва карта реквизитлари бўлса).

  • Ўзини банк ходими деб таништирган нотаниш одамдан карта реквизитлари сўралган шубҳали электрон хат олдим. Нима қилишим керак?


    Агар ўзини банк ходими деб таништирган шубҳали шахсдан электрон хатни олсангиз, ушбу хатда келтирилган бирон бир ҳаволани босманг. Махфий маълумотларингиз фирибгарлар қўлига тушиб қолишидан огоҳ бўлинг! Дарҳол шубҳали хатни банкингиз электрон манзилига юборишингиз керак. Эсингизда бўлсин, банклар ўз мижозларига сизнинг картангиз рақами ва смс-хабарнома орқали келган кодни сўраб электрон почтага хабарларини юбормайдилар.

  • Оилавий картанинг афзалликлари нимада?


    Оилавий карталар қатор афзалликларга эга:
    1. Боғланган оилавий карталар ўртасида пул ўтказмалари учун комиссия йўқ;
    2. Оилавий карта эгаси СМС хабарномасини улаши ва уланган оилавий карталар билан амалга ошириладиган барча операциялар тўғрисида хабардор бўлиши мумкин.

  • Халқаро тўлов тизимларининг банк карталаридаги (валюта карталаридаги) CVV коди нима?


    CVV (CVC) код – банк картасининг махфий рақами бўлиб, интернет орқали тўловларни амалга оширишда ишлатилади. Ўз навбатида, мазкур кодни очиқ манбаларда кўрсатиш тавсия этилмайди.

  • Чет эл валютасидаги карталарни хорижда ишлатиш бўйича чекловлар борми?


    Ҳеч қандай чекловлар йўқ. Банк картасидан фойдаланиш тартиби мижоз ва банк ўртасидаги шартномага асосан белгиланади.

  • Банкоматдан нақд пул олиш учун банклар устама ҳақ оладилар. Нима учун?


    Банклар – тижорат ташкилоти ҳисобланиб, банк операцияларига оид воситачилик ҳақи миқдорини мустақил белгилайдилар. Ўз навбатида, нақд пул маблағларини олишдаги воситачилик хақи банкоматлар сотиб олиш ва уларга хизмат кўрсатиш, жойларни ижарага олиш билан боғлиқ ва бошқа харажатларни қоплашга сарфланади. Шу билан бирга, картадаги пул маблағларини эмитент банкда ҳам нақдлаштиришингиз мумкин.

  • Агар банк картасининг амал қилиш муддати тугаган бўлса, нима қилиш керак?


    Банк картасининг амал қилиш муддатини техник жиҳатдан узайтириш имкони йўқ. Шу сабабли янги банк картасини эмиссия қилиш учун банкка ариза беришингиз керак, бу масофадан туриб хизмат кўрсатиш каналлари (расмий веб-сайтлар, мобил иловалар ва бошқалар) орқали амалга оширилиши мумкин. Шуни эсда тутиш керакки, барча банклар ҳам мазкур хизматларни таклиф қилмайдилар, шунинг учун банк-эмитент билан боғланиш лозим.

  • Банк картаси ҳисобварағининг қўчирмасида мен амалга оширмаган транзакция акс эттирилган бўлса, нима қилиш керак?


    Бундай ҳолларда сиз банк картангизни блокировка қилишингиз керак. Бунинг учун эмитент банкни хабардор қилиш зарур. Шунингдек, банкларнинг мобил иловаси ёрдамида карталарни блокировка қилиш имконияти мавжуд.

  • Агар сотувчи банк картадаги маблағни икки марта ечиб олган бўлса, тўловни бекор қилиш мумкинми?


    HUMO тўлов тизимининг банк карталаридан нотўғри пул ечилганда, агар терминалнинг кунлик тушуми онлайн инкассация (сверка итогов) қилинмаган бўлса, мазкур тўловни пул ечилган терминал орқали бекор қилиш мумкин. Шунингдек, HUMO ва Uzcard тўлов тизимларининг банк карталари орқали нотўғри ечилган пул маблағлари банк эквайер томонидан савдо ва хизмат кўрсатиш субъекти аризаси асосида мижознинг банк картасига қайтарилади.

  • Эмитент банк бўлмаган банк орқали банк карта ҳисобрақамини тўлдириш мумкинми?


    Ҳа, исталган банкдан банк карта ҳисоб рақамини тўлдириш мумкин (банк-эмитент ва карта реквизитлари бўлса). Шунингдек, Сиз банк картаси ҳисоб рақамини тўлдириш учун Cash-in функцияси бор банкоматлардан фойдаланишингиз ҳам мумкин.

  • Йўқолган картам банк томонидан блоклангангандан кейин топилди. Нима қилиш керак?


    Бундай ҳолларда банкка шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат билан мурожаат қилишингиз ва картани блокдан чиқариш учун ариза беришингиз керак.

  • Банк картаси йўқолиб қолса, нима қилиш керак?


    Бундай ҳолда эмитент-банкка банк картасининг йўқолганлиги тўғрисида хабар берилиши керак. Банк мижозни лозим даражада текширгандан (идентификациядан) сўнг банк картаси блокировка қилинади. Кейинчалик йўқолган банк картасини ўрнига янги банк картасини очиш учун банкка ариза юборишингиз (қолдиришингиз) керак. Шунингдек, банк мобил илова дастурлари орқали банк картасини блокировка қилиш (блокдан чиқариш) мумкин.

  • Банк картасини мобил телефон орқали қандай бошқариш мумкин?


    Банк картасини мобил телефонга бириктириш учун Сиз СМС-хабарнома хизматини улашингиз керак. Кейин банк ёки тўлов ташкилотининг мобил иловасини ўрнатган ҳолда банк картангизни мобил телефонингиз орқали бошқаришингиз мумкин.

  • Қандай қилиб СМС-хабарномани банк картасига улашим мумкин?


    Uzcard тўлов тизимининг банк картасига СМС-хабарномани эмитент банкда ёки банкоматда, HUMO тўлов тизимининг банк картасига эса эмитент банкда ёки айрим банкларнинг мобил иловалари орқали улаш мумкин. СМС-хабарнома хизмати орқали алоқа операторларидан қабул қилинадиган хабарлар пуллик ҳисобланади.

  • Банк картаси ПИН-кодини қандай ўзгартириш мумкин?


    Миллий тўлов тизимининг банк карталари пин-кодини савдо терминали, банкомат ёки банк орқали ўзгартириш мумкин.

  • Банк картасини очиш учун масофадан буюртма бериш мумкинми?


    Мижоз банк картасини очиш учун банк веб-сайти ва банкнинг мобил иловаси орқали масофадан буюртма бериши мумкин. Банк билан мижоз ўртасидаги икки томонлама алоқа механизми шартномада ёки банк веб-сайтида кўрсатилади. Таъкидлаш жоизки, айни пайтда бундай хизматни ҳамма банклар ҳам кўрсатмайди.

  • Банкомат билан техник муаммолар юзага келиб, карта банкомат ичида қолиб кетса, нима қилиш керак?


    Агар банкомат банк картасини қайтармаса, зудлик билан банкомат тегишли бўлган банкка қўнғироқ қилиш ва банк картасини блоклашни сўраш лозим (шунда фирибгарлар банк картасидан пул ечолмайдилар). Банк ходими банк картасини блоклаганини тасдиқлаганидан кейин кетиш мумкин.

    Банкоматдан банк картасини чиқариб олиш учун кўрсатилган телефон рақами орқали хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилиниши ва қисқача тафсилот тушунтирилиши керак.

  • СМС хабарнома нима ва у нима учун қўлланилади?


    СМС хабарнома бу хизмат тури бўлиб, ушбу хизмат орқали банк картаси эгасининг мобил телефонига СМС хабари юборилиб, банк картаси орқали амалга оширилган амалиётлар тўғрисида хабардор қилинади ва огоҳлантирилади.

    Мазкур хизматни банк картаси очилган банкда ёки инфокиоск/банкомат ёрдамида активлаштириш мумкин.  

    СМС хабарнома орқали ҳар доим ҳисоб рақамдаги амалиётларни кузатиб бориш мумкин. Мазкур хизматни ёқиш пуллик хизмат бўлиб, ушбу хизмат орқали банк картангиз орқали амалиётлар тўғрисида маълумот олинади.

    СМС хабарнома хизматидан фойдаланганда махфий кодни бошқа шахсларга маълум қилинмаслиги керак. Махфий кодни учинчи шахсларга хабардор қилишингиз улар томонидан ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ишлатишга имконият яратади.

    Банк ходимлари ҳар қандай ҳолатда ҳам сиздан махфий кодни сўраб, қўнғироқ қилмаслигини билиб олинг. Фирибгарлар ишончингиздан фойдаланишига йўл қўйманг!

  • Банк ҳисобварағи шартномасини бекор қилиш тартиби қандай?


    “Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида”ги Йўриқнома (рўйхат рақами 1948, 2009 йил 27 апрель) асосан, банк ҳисобварағи шартномаси ҳисобварақ эгасининг аризасига ёки банкнинг талабига кўра бекор қилинади.

    Банкнинг талабига кўра банк ҳисобварағи шартномаси суд орқали қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

    1) мижознинг ҳисобварағида сақланаётган пул маблағлари суммаси банк қоидаларида ёки шартномада кўзда тутилган энг кам миқдордан оз бўлса, агар бундай сумма банк томонидан бу ҳақда мижозни огоҳлантирган кундан бошлаб бир ойда тикланмаса;

    2) банк ҳисобварағи шартномасида бошқа муддат назарда тутилган бўлмаса, ушбу ҳисобварақ бўйича бир йил давомида операциялар амалга оширилмаган бўлса.

    Ҳисобварақдаги пул маблағларининг қолдиғи мижознинг тегишли ёзма аризаси олингандан кейин кечи билан етти кун ичида мижозга берилади ёки унинг кўрсатмасига мувофиқ бошқа ҳисобвараққа ўтказилади.

    Банк ҳисобварағи шартномасининг бекор қилиниши мижознинг ҳисобварағини ёпиш учун асос бўлади.

    Рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар давлат реестридан чиқарилган кундан эътиборан банк ҳисобварағи шартномаси бекор қилинади.

USD = 12662.01
+21.8
EUR = 13593.93
+34.78
RUB = 137.65
+0.63
GBP = 15849.04
+31.08
JPY = 80.81
-0.41
CHF = 13885.31
+34.54
CNY = 1747.30
+3.17
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X