Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Кўп бериладиган саволлар




Нақд пул муомаласи 11

  • Савол: Бугунги кунда республикамизда нечта номиналдаги банкнот ва тангалар муомалада мавжуд?


    Айни пайтда, республикамиз ҳудудида муомалада 1 000, 5 000, 10 000, 50 000 ва 100 000 сўм номиналдаги банкнотлар ва 50, 100, 200 ва 500 сўм номиналдаги тангалар мавжуд.

    “Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг эски намунадаги 50 ва 100 сўмлик тангаларини, шунингдек 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкнотларини айирбошлаш ҳамда муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисида”ги (рўйхат рақами 3014, 2018 йил 19 май) Низомга кўра, қуйидаги қийматдаги яъни:

    2001-2002 йиллар намуналаридаги 50 сўмлик, 2004 ва 2009 йил намуналаридаги 100 сўмлик тангалар ҳамда 1994 йил намунасидаги 50 ва 100 сўмлик банкнотлар 2019 йил 1 июлгача;

    1997 йил намунасидаги 200 сўмлик, 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик банкнотлар 2020 йил 1 июлгача муомалада бўлган.

  • Чакана савдо дўконларида қайтим сифатида харидорларга майда конфет, салфетка, сақич ва бошқа майда маҳсулотларни бериш мумкинми?


    Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасига асосан сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

    Шу сабабли харид қилинган товарлар бўйича қайтим ўрнига сотувчи томонидан кам баҳоли турли товарларнинг қайтарилишидан норози бўлган ҳолларда Истемолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 рақамли “ишонч телефони”га мурожаат қилишингиз мумкин.

    2018 йилнинг июль ойидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан янги намунадаги 50, 100, 200, 500 сўмлик тангалар муомалага чиқарилган.

    Бундан асосий мақсад – аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга нақд пуллар билан ҳисоб-китобларда қулайликлар яратиш, жумладан, харид қилинган товарлар ва хизматлар учун қайтим қайтаришдаги муаммолларни бартараф этиш ҳисобланади.

    Савдо дўконлари, супермаркетлар, умумий овқатланиш корхоналари, дорихоналар, транспорт ва маиший хизмат кўрсатиш корхоналари харидорларга қайтим пулларини тўлиқ беришни таъминлаш мақсадида майда қийматдаги тангаларни олиш юзасидан хизмат кўрсатувчи банк филиалларига мурожаат қилишлари лозим.

    Ўз навбатида, аҳоли билан нақд пулда ҳисоб-китобларни амалга оширувчи хўжалик субъектлари тижорат банклари орқали:

    банкдаги депозит ҳисобварақларидаги маблағлари доирасида майда қийматдаги тангалар билан таъминлаб берилади;

    банкнот кўринишидаги нақд пул маблағларини майда қийматдаги тангаларга алмаштириб олишлари мумкин бўлади.

    Тадбиркорлик субъектлари мурожаатларига асосан банклардан
    50, 100, 200, 500 сўм қийматдаги тангаларни олишда муаммолар юзага келганда Марказий банкнинг (71)200-00-44 рақамли "ишонч телефони"га мурожаат қилишлари мумкин.

  • Миллий валюта – сўмга путур етказмаслик, уни асраб-авайлаш, унга нисбатан эҳтиёткор муносабатда бўлиш учун нималарга эътибор бериш керак?


    Дарҳақикат, бугунги кунда минг афсуски муомалага чиқарилган миллий валютамиз сўм банкнотларга путур етказиш, уларни ғижимлаш, йиртиш, уларни устига турли хил исмлар, телефон рақамлари, суммалар ва бошқа нарсаларни ёзиб қўйиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

    Аввало, қайд этиш лозимки, миллий валютамиз – республикамиз иқтисодий мустақиллигининг рамзларидан бири ҳисобланади. Ўз юртини хурмат қилган ҳар бир фуқаро унинг пул бирлигига ҳам ҳурмат билан қараши ва унинг муомаладаги нуфузига путур етказмаслиги лозим.

  • Йирик номиналдаги банкнотларнинг муомалага киритилиши инфляцияга сабаб бўлмайдими?


    Аҳолига нақд пул орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишда янада қулайликлар яратиш ва банкнот қаторини оптималлаштириш мақсадида йирик номиналдаги банкнот муомалага чиқарилмоқда.

    Янги банкнотни муомалага чиқарилиши:

    нақд пуллар билан ҳисоб-китобларни амалга оширишда қулайликлар яратиш;

    нақд пулларни сақлаш ва ташиш билан боғлиқ харажатларни камайтириш;

    аҳолига банкоматлар орқали хизмат кўрсатишда самарадорликни оширишга имкон беради.

    50 000 ва 100 000 сўм қийматдаги банкнотлар амалдаги мавжуд пул массаси доирасида чиқарилади ҳамда унинг ўсишига таъсир кўрсатмаган ҳолда муомаладаги нақд пуллар таркибини оптималлаштиришга хизмат қилади.

    Муомалага йирик банкнотларнинг чиқарилиши муомаладаги пулларнинг миқдорини ўзгаришига олиб келмайди, яъни пулларни асоссиз равишда кўпайиб кетишига йўл қўйилмайди. Йирик миқдордаги банкнотларни муомалага киритилиши инфляция даражаси ва нархлар барқарорлигига таъсир кўрсатмайди.

  • Банк пластик картасидан нақд пул олинганда банклар фоиз белгилашга ҳақлими?


    Банклар тижорат ташкилоти бўлиб, уларнинг фаолияти даромад, фойда олишга қаратилган.

    Яъни, банкларнинг мижозларга ва аҳолига кўрсатилган хизматлар учун муайян миқдорда даромадга эга бўлишга интилишлари бу бозор иқтисодиётининг қонуни.

    Банклар банкоматларини нақд пул билан таъминлаб боришлари маълум харажатларни юзага келтиради. Жумладан: 

      банкоматларнинг амортизация харажатлари;

    банкларга келиб тушган нақд пулларни санаш, саралаш, ўраб-боғлаш билан боғлиқ харажатлар (касса ходимларининг иш ҳақи, ўраб-боғлаш учун зарур бўладиган бандерол, накладка ва бошқа ашёлар);

    банкоматларга нақд пулларни олиб бориш билан боғлиқ транспорт харажатлари ҳамда банк ходимлари ва қимматликлар дахлсизлигини таъминлаш учун қўриқлаш харажатлари;

    Банкоматларни фойдаланишда электр энергия ва тўлов тизимлари учун харажатлар амалга оширилмоқда.

    Банклар томонидан банкоматларни нақд пуллар билан таъминлаш бўйича ушбу харажатларни қоплаган ҳолда, маълум миқдорда фойда олиш мақсадида комиссион тўловлар белгиланган.

    Ўзбекистон  Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 62-моддасига асосан кредитлар, депозитлар бўйича фоиз ставкалари, банк операцияларига оид воситачилик ҳақи миқдори банк томонидан мустақил белгиланади.

  • Банк карталаридаги маблағларни нақд пул қилиб олиш мумкинми?


    Банклар томонидан аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга нақд пуллар уларнинг депозит ҳисобварақларидаги, шу жумладан, банк карталаридаги мавжуд маблағлари доирасида уларнинг талабига кўра чекловсиз берилади.

    Банк карталаридан нақд маблағлар тўлов терминаллари ва банкоматлар орқали олиш мумкин.

  • Фуқароларнинг даромадлари банк картасига ўтказилиши мажбурийми? Иш ҳақи ва ижтимоий тўловларнинг неча фоизи картага ўтказилиши мумкин?


    Аҳоли даромадлари (иш ҳақи ва ижтимоий тўловлар) банк карталарига фуқароларнинг ёзма аризаси (розилиги) асосида ўтказилади.

    Бунда хизмат кўрсатувчи банк хўжалик юритувчи субъект томонидан тақдим этилган тўлов топшириқномаси ва унга илова қилинган реестр ҳамда унинг электрон кўриниши (фамилия ва суммалар бўйича) асосида маблағларни банк карталарига кирим қилади.

    Шу билан бирга, Ўзбекистон Рспубликаси Меҳнат кодексининг 
    153-моддасига асосан меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. 

  • Миллий валютамиз “сўм” муомалага киритилгунга қадар республикамизда қайси пул бирликлари тўлов воситаси сифатида фойдаланилган?


    Ўзбекистон Республикасининг расмий пул бирлиги сифатида 1993 йил 15 ноябрга қадар фақат СССР давлат банкининг 1961-1992 йилларги ҳамда Россия банкининг 1993 йилдаги банкноталари муомалада бўлган. 1993 йилнинг 15 ноябридан 1994 йилнинг 1 июлига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оралиқ “сўм-купон” миллий пул бирлиги вазифасини бажарган.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил
    30 декабрдаги “Нақд пул муомаласини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 613-сонли қарорига мувофиқ 1994 йил 1 январдан бошлаб собиқ СССР Давлат банкининг 1961-1992 йиллар намунасидаги барча қийматдаги пуллари муомалада бўлиши бутунлай тақиқланди ва ушбу санадан бошлаб “сўм-купон” Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ягона қонуний тўлов воситаси қилиб белгиланди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 16 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида”ги ПФ-870-сонли Фармонига мувофиқ 1994 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида 1000 “сўм-купон”га бир “сўм” нисбати билан миллий валютамиз “сўм” муомалага киритилган.

  • Нақд пуллар қандай ҳолларда тўловга яроқсиз ҳисобланиши тўғрисида батафсил маълумот берсангиз?


    Марказий банкнинг  2018 йил 29 июнда 3028-сон билан давлат рўйхатига олинган “Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир йўриқнома”сида “сўм”нинг тўловга яроқлилик белгиларни аниқлаш қоидалари белгиланган.

    Хўжалик юритувчи субъектлар қуйидаги банкнотларни монеликсиз тўловга қабул қилишлари ва тушум пули сифатида банкларга топширишлари лозим:

    а) ҳар қандай қисмида тешик ёки йиртилишлар, сийқаланишлар, доғлар, қалам, сиёҳ ва фломастер билан ёзилган ёзувлари мавжуд бўлган пуллар;

    б) йиртилган ва елимланган пуллар, агар пулнинг иккала қисми шак-шубҳасиз битта банкнотга тегишли бўлса;

    в) бўёқ моддалари ва кислота тўкилган, табиий ранги ўзгарган, куйган, бўялган ёки чизилган пуллар;

    г) шикастланиш тури ва жойлашишидан қатъи назар, банкнот тўлиқ ҳажмининг 55 фоизидан кам бўлмаган қисми сақланиб қолинган пуллар.

    Шикастланиш туридан қатьи назар (шакли бузилган, пачоқланган, сийқаланган, тешилган, қирқилган, синдирилган, ишқорга солинган, бирор бир металл билан пайвандланган, оловда эритилган, кўкариб ва қорайиб кетган) ўзининг тўла ҳажмини ва олд тарафидаги қиймати тасвирини сақлаб қолган ҳамда ҳақиқийлигига шубҳа туғдирмайдиган металл тангалар тўловга яроқли ҳисобланади. Шикастланган пуллар “эскирган” пуллар тоифасига киритилиб банклар томонидан улар шу қийматдаги тўловга яроқли пулларга алмаштириб берилади.

  • Мижоз банкдаги пул маблағларини тасарруф этишда мустақилми?


    Мижоз банкдаги ҳисобварақда турган ўз пул маблағларини мустақил тасарруф этади.

    Банк мижознинг пул маблағларидан қай тарзда фойдаланишни белгилашга ва назорат қилишга ҳамда унинг пул маблағларини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқларига қонунда ёки банк ҳисобварағи шартномасида назарда тутилмаган бошқа чеклашларни белгилашга ҳақли эмас.

  • Банк кассасидан олинган нақд пуллар орасидан эскирган тоифадаги банкнотлар ва камомад чиққан ҳолатларда нима қилиш лозим?


    Банк кассасидан чиқим касса ҳужжатларига асосан берилган пуллар касса олдидан узоқлашмаган ҳолда барчаси бирма бир қайта саналиши лозим.

    Агар пуллар касса олдидан узоқлашмаган ҳолда қайта саналмаган бўлса, банк кассасидан берилган тўлиқ пул боғламлари орасидан камомад чиқиш эътирозлари   қониқтирилмайди. 

    Банк кассасидан берилган пуллар орасидан эскирган тоифадаги банкноталар чиққан тақдирда банк кассасига қайтарилади ва яроқли банкнотага алмаштирилиб берилади.

USD = 10679.05
-9.05
EUR = 12525.46
-19.16
RUB = 146.66
+0.69
GBP = 14561.95
-68.99
JPY = 97.52
-0.03
CHF = 11573.70
+21.5
CNY = 1651.39
-1.5
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X