2025 йил 22 апрель куни Президент томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1060-сонли Қонуни имзоланди.
Унга асосан кредиторларнинг гаровдаги мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, кредиторлар талабларини суддан ташқари тартибда қондириш тизимини ривожлантириш, мажбуриятларни гаровдаги мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштиришни назарда тутувчи бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, ушбу Қонунда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, “Гаров тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги ҳамда “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунларига ўзгртириш ав қўшимчалар киритилиб, улар қуйидагиларда ўз аксини топган:
-
Кредит қарздорлиги миқдори жуда арзимас бўлганда ундирув гаров мулкига қаратилмаслиги қонунчиликда кўрсатилган бўлсада, унинг миқдори аниқ белгиланмаганлиги сабабли бу норма амалиётда турлича талқин этилиб келинмоқда эди. Шу сабабли, Қонун билан кредит қарздорлиги суммаси гаров қийматининг 15 фоизидан кам бўлса ҳамда кредит тўловини кечиктириш кетма-кет 3 ойдан кам бўлса ундирув гаров мулкига қаратилмаслиги белгиланмоқда;
-
Қонун билан тарафларнинг розилиги мавжуд бўлган ҳолларда, ундирувни гаровдаги мулкка қаратишни суднинг иштирокисиз амалга ошириш мумкинлиги назарда тутилмоқда. Ушбу Қонунга қадар эса кредитдан қарздорликни қоплаш учун гаровдаги мулкни сотишга қарздор ва учинчи шахслар (масалан, турмуш ўртоғи) розилик берган тақдирда ҳам ундирув суд тартибида ҳал этилиши шарт эди.
-
Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга кредитдан қарздорликни ундириш гаров мулкига қаратилганда, мулк аукционга бозор қийматида қўйилиши назарда тутилмоқда. Бу эса банк ва қарздорларнинг ортиқча оворагарчилигини, ундирув муддати асоссиз чўзилишини ва ортиқча суд харажатларини олдини олади.
-
Мажбурий ижро бюроси томонидан қарздорликни гаров ҳисобидан ундириш бўйича ишлар юридик шахсни иқтисодий суд томонидан банкрот деб топилганида ҳамда унга нисбаттан тугатиш ишини юритиш жараёнида ҳам давом эттирилиши назарда тутилмоқда.