Марказий банк томонидан мамлакатда молиявий саводхонликни ривожлантиришга бағишланган таҳлилий шарҳ тайёрланди. Ушбу ҳужжатда соҳадаги сиёсатни шакллантиришнинг асосий босқичлари тизимлаштирилган, сўнгги йилларда амалга оширилган бир неча муҳим ташаббуслар ва лойиҳалар, шунингдек, аҳолининг молиявий билим ва кўникмаларини ошириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг натижалари акс эттирилган.
2019 йилдан бошлаб Ўзбекистонда молиявий саводхонликни ривожлантириш учун изчил равишда мустаҳкам пойдевор яратилди. Мазкур йўналишнинг стратегик ёндашувларни ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш механизмларини яратиш ва ҳамкорлик тармоғини шакллантиришни ўз ичига олган концептуал, институтсионал ва методологик асосини ичга олган ҳолда илк бор мамлакат миқёсида янги тизим яратилди. Ушбу чора-тадбирлар кенг кўламли таълим ташаббусларини амалга ошириш учун замин яратди.
Ҳамкорлар сонини кенгайтириш билангина бирга, уларнинг институционал хилма-хиллигини таъминлаш борасида ҳам изчил ишлар олиб борилди. Молиявий саводхонликка оид ташаббусларни амалга оширишга давлат органлари, тижорат банклари, таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар ва хусусий компаниялар жалб қилинди. Ҳамкорликнинг бундай кўп томонлама шакли ҳар бир иштирокчига ўз ўрнини топишга ҳамда аҳоли билан ишлашнинг турли восита ва усулларидан фойдаланган ҳолда ташаббуслар ривожига ҳисса қўшишга имкон берди. Бу, ўз навбатида, турли ижтимоий гуруҳларни, жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, аёллар, ёшлар, болалар, меҳнат мигрантлари ва олис ҳудудлар аҳолисини янада кенгроқ қамраб олишни таъминлади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб таълимий ва кўнгилочар шаклларни ўзида жамлаган edutainment ёндашувини шакллантирган ҳолда фаол қўллай бошлади. Натижада фойдаланилган медиалойиҳалар, интерактив платформалар, радио ва теледастурлар аудиторияни анча кенгайтиришга, шунингдек, аҳолининг молиявий саводхонлик масалаларига қизиқиши ва жалб этилишини оширишга имкон берди.