Инфляциянинг пасайиш тенденцияси давом этаётган ва иқтисодиётда айрим мувозанатлашув белгилари кузатилаётган бўлса-да, инфляцияни оширувчи айрим хатарларнинг сақланиб қолаётгани жорий қатъий пул-кредит шароитларини давом эттиришни тақозо этмоқда.
Инфляция ва инфляцион кутилмалар
Август ойида умумий инфляция 6,2 фоизгача секинлашиб, пасайиш тенденциясини давом эттирди. Базавий инфляция
5,5 фоиз доирасида шаклланди.
Шу билан бирга, нархлари йиллик 5 фоиздан юқори ошаётган товар ва хизматлар улушининг ортиши иқтисодиётда барқарор хусусиятга эга бўлган нарх босимлари ҳали ҳам сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ҳам пасайишда давом этди. Бунда инфляцион кутилмаларнинг пасайиш динамикаси умумий инфляция секинлашувига нисбатан пастроқ бўлиб, нарх белгилаш жараёнларида маълум даражада инфляцион инерция таъсири давом этмоқда.
Ички талаб ва иқтисодий фаоллик
Чакана савдо, хизматлар соҳаси ва инвестициялар динамикасидаги ижобий тенденциялар истеъмол ҳамда инвестицион талабнинг фаоллигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, сўнгги ойларда ялпи талабнинг айрим таркибий қисмларида барқарорлашув белгилари намоён бўла бошлади.
Хусусан, жорий пул-кредит шароитлари таъсирида иқтисодиётга ажратилаётган кредитларнинг ўсиш суръатлари босқичма-босқич мақбуллашиб бормоқда. Бунда, ижобий реал фоиз ставкалари аҳолининг жамғаришга бўлган мойиллигини қўллаб-қувватламоқда.
Ташқи инфляцион хатарлар
Жаҳон хомашё, озиқ-овқат ва энергия бозорларидаги нархларнинг юқори даражада бўлиши ўрта муддатли истиқболда импорт нархлари ҳамда транспорт ва логистика харажатлари орқали ички инфляцияга босимларни сақлаб қолади.
Ташқи нарх шокларининг ички инфляцияга иккиламчи таъсири кўлами кўп жиҳатдан ички талаб динамикасига ва кўриладиган таркибий чораларга боғлиқ бўлади.
Айрим асосий савдо ҳамкорлар валюталарининг қадрсизланиши фонида сўмнинг реал самарали алмашув курсини йил давомида мустаҳкамланаётганлиги импорт нархлари орқали инфляцион босимларни юмшатувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ички инфляцион хатарлар
Тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш жараёни давом этаётганлиги ишлаб чиқариш харажатлари, хизматлар нархлари иккиламчи инфляцион таъсирларни кучайтириши мумкин.
Мазкур инфляцион хатарларнинг барқарор инфляцион жараёнларга айланишини чеклаш, эҳтимолий иккиламчи таъсирларини юмшатиш ҳамда инфляцион кутилмаларнинг изчил пасайишини таъминлаш учун жорий қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш зарур деб баҳоланмоқда.
Марказий банк инфляция ва инфляцион кутилмалар динамикаси, ички талаб омиллари ҳамда ташқи иқтисодий шароитлардаги ўзгаришларни диққат билан кузатиб боради ва 2027 йил якунига қадар инфляцияни 5 фоизлик таргетга тушириш учун зарур бўлган пул-кредит шароитларини таъминлашда давом этади.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 28 октябрь кунига белгиланган.










