Бугун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан илк бор “Пул-кредит сиёсати мулоқоти – 2026” халқаро форуми ташкил этилди. Мазкур форум “Глобал ноаниқлик ва рақамлаштириш тўлқини шароитида пул-кредит сиёсати” мавзусига бағишланди.
Форумда глобал иқтисодиётда юз бераётган ўзгаришлар марказий банклар фаолиятига янги талабларни қўяётганини, ноаниқликлар эса вақтинчалик ҳолат эмас, балки пул-кредит сиёсатини юритишнинг доимий муҳитига айланиб бораётганини таъкидланди.
Шунингдек, форум расмий баёнотлар майдони эмас, балки марказий банклар, халқаро молия институтлари ва академик доиралар ўртасида долзарб масалалар юзасидан очиқ ва мазмунли мулоқот учун самарали платформа бўлиши қайд этилди.
Форум доирасидаги панель муҳокамасида Халқаро валюта жамғармаси, марказий банклар раҳбарлари ҳамда етакчи хорижий университетлар олимлари иштирок этди.
Панель муҳокамаларида Ўзбекистоннинг инфляцион таргетлаш режимига ўтиш жараёни ва эришилган натижалар ҳақида ҳам сўз юритилди. Қайд этилишича, мамлакатда инфляция даражаси 2018 йилдаги қарийб 20 фоиздан 2026 йил май ойи ҳолатига 5,5 фоизгача пасайди. Базавий инфляция эса 5,7 фоиз атрофида шаклланди.
Шу билан бирга, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари сезиларли даражада пасайиб, ўртача 20 фоиздан тахминан 10 фоизга тушди. Долларлашув даражасининг қисқариши ҳам макроиқтисодий барқарорликка бўлган ишончнинг муҳим кўрсаткичларидан бири сифатида қайд этилди. Жумладан, банк тизимида хорижий валютадаги депозитлар улуши қарийб 50 фоиздан 20 фоиз атрофига, кредитлар бўйича долларизация даражаси эса 54 фоиздан 37 фоизгача камайди.
Айни пайтда инфляцион кутилмаларни 5 фоизлик инфляция мақсадигача пасайтириш бўйича ишлар давом эттирилиши, бу жараёнда эҳтиёткор ва изчил пул-кредит сиёсати муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Форум доирасида рақамлаштириш шароитида Пул-кредит сиёсатининг янги йўналишлари, сунъий интеллект технологиялари, юқори частотали маълумотлардан иқтисодий таҳлил ва прогнозлашда фойдаланиш, шунингдек, марказий банклар олдида турган янги чақириқлар атрофлича муҳокама қилинди.
Форум якунида мазкур мулоқот платформасини доимий анъанага айлантириш режалаштирилаётганини билдирилди.
Таъкидланганидек, глобал ноаниқлик, технологик тараққиёт ва пул-кредит сиёсатининг истиқболи билан боғлиқ масалалар бўйича самарали ечимларга эришиш халқаро ҳамкорлик, тажриба алмашиш ва доимий мулоқотни талаб этади.