Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Сербия Миллий банки ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат икки мамлакат марказий банклари ўртасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ҳамда оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.
Шунингдек, Меморандум доирасида финтех инновациялари, очиқ банкинг (Open Banking), марказий банкларнинг рақамли валюталари (CBDC), тартибга солувчи “регулятор қумдон” механизмлари ҳамда рискларни баҳолаш методологиялари бўйича билим ва амалий тажриба алмашиш кўзда тутилган.
Меморандум марказий банклар ўртасидаги профессионал ва экспертлик мулоқотини мустаҳкамлаш, тегишли йўналишларда икки томонлама ишчи учрашувлар, ўқув тадбирлари ва семинарлар ташкил этиш, шунингдек, илғор тажриба ва замонавий ёндашувларни ўзаро алмашишга кўмаклашишга қаратилган.