2026 йил 6–10 июль кунлари Ўзбекистон Марказий банкида молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида рискка асосланган назорат тизимини жорий этиш масалаларига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Семинар-тренинг Осиё тараққиёт банки кўмагида жалб этилган халқаро эксперт Арменуи Мкртчян иштирокида ташкил этилди. Семинар давомида мазкур йўналишдаги халқаро тажриба, илғор ёндашувлар ҳамда амалий тавсиялар юзасидан фикр алмашилди.
Машғулотлар давомида молиявий хизматлар бозорида рискка асосланган назорат тизимини шакллантириш билан боғлиқ ёндашувлар муҳокама қилинди. Шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги хавфларни баҳолаш, уларни аниқлаш бўйича амалий масалалар кўриб чиқилди.
Мазкур семинар-тренинг халқаро тажрибани ўрганиш, билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш ҳамда рискка асосланган назорат тизимини жорий этишга доир қўлланмаларни ишлаб чиқиш учун муҳим амалий асос бўлиб хизмат қилди. Молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида рискка асосланган назорат тизимини тўлиқ жорий этиш мақсадида мазкур халқаро эксперт билан ҳамкорлик келгуси йилларда ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.