Жорий йилнинг 14-июль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари Н. Фазилов томонидан жисмоний шахслар ҳамда юридик шахслар вакилларининг шахсий қабули бўлиб ўтди. Қабулнинг асосий мақсади — фуқаролар мурожаатлари билан бевосита ишлаш, уларни қийнаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ҳамда ҳар бир масала юзасидан амалий ечим топишдан иборат бўлди.
Қабул давомида мурожаат эгалари томонидан банк хизматлари сифати, кредит олиш ва уни қайта кўриб чиқиш масалалари, тўлов тизимлари фаолияти, ҳисоб-рақамлар билан боғлиқ муаммолар ҳамда банк соҳасига оид бошқа долзарб масалалар бўйича мурожаат ва таклифлар билдирилди.
Ҳар бир мурожаат алоҳида эътибор билан тингланиб, масаланинг мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда тегишли мутасадди бўлинмалар раҳбарларига аниқ ва манзилли топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, қонунчилик доирасида жойнинг ўзида ҳал этилиши мумкин бўлган мурожаатлар бўйича фуқароларга батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қўшимча ўрганиш ва таҳлилни талаб этадиган масалалар эса алоҳида назоратга олиниб, уларни қонунчиликда белгиланган муддатларда тўлиқ ҳал этиш юзасидан масъул ходимларга тегишли вазифалар юклатилди.