Мазкур қонун лойиҳаси 16 та боб ва 123 та моддадан иборат бўлиб, унда амалдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонуннинг нормалари капитал бозорининг замонавий талаблари асосида тубдан қайта кўриб чиқилди.
Лойиҳа Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, БМТ Тараққиёт дастури, Қимматли қоғозлар комиссиялари бўйича халқаро ташкилот, АҚШ Савдо вазирлиги ҳамда АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.
Лойиҳада қатор муҳим янгиликлар назарда тутилмоқда.
Аввало, капитал бозори воситаларининг турлари кенгайтирилмоқда. Амалдаги 7 та восита билан бир қаторда яна 10 та янги восита жорий этилиб, уларни чиқариш ва муомалага киритиш тартиби белгиланмоқда.
Бугунги кунда республика капитал бозорида 720 та эмитент томонидан 269 триллион сўмлик қимматли қоғозлар чиқарилган. Шунингдек, 2026 йилда капитал бозори орқали 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида қимматли қоғозлар чиқариш ҳисобига қўшимча инвестицияларни жалб қилиш чора-тадбирлари тасдиқланган.
Лойиҳада капитал бозори учун янги молиявий воситаларни жорий этиш ҳам назарда тутилмоқда.
Хусусан, ҳосила молиявий воситалари (деривативлар) — опцион, своп, фючерс, форвард ҳамда нархлар фарқи шартномаси ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмоқда.
Неттинг шартномаси асосида томонлар ўртасида рухсат этилган молиявий битимларни халқаро стандартларга мувофиқ намунавий шартлар асосида тузиш имконияти яратилади. Бунда Халқаро деривативлар ва своплар ассоциацияси (ISDA) стандартларидан фойдаланилади.
Шунингдек, қопланган облигациялар, секюритизацияланган облигациялар ҳамда барқарор ривожланиш облигацияларини чиқариш ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмоқда.
Қопланган облигациялар тижорат банклари томонидан мол-мулк, жумладан ипотека кредитлари билан таъминланган ҳолда чиқарилади.
Секюритизацияланган облигациялар бўйича ипотека кредитлари махсус молия компаниясига ўтказилиб, улар асосида облигациялар чиқарилади. Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси мазкур облигацияларнинг илк эмитенти сифатида иштирок этмоқда.
Барқарор ривожланиш облигациялари доирасида яшил облигациялар қайта тикланувчи энергия, энергия самарадорлиги ва экология соҳаларидаги лойиҳалар учун, ижтимоий облигациялар эса ижтимоий инфратузилма, арзон уй-жой ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги лойиҳалар учун чиқарилади.
Қонун лойиҳаси билан ислом молияси стандартларига мувофиқ сукук қимматли қоғозларини чиқариш ҳам назарда тутилмоқда.
Бунда сукук махсус молия компанияси томонидан чиқарилади, унинг шерикчилик, ижара, савдо ва агентлик сукуки каби турлари белгиланмоқда. Шунингдек, давлат сукукларини Ўзбекистон Республикаси ёки Марказий банк номидан чиқариш имконияти белгиланмоқда.
Лойиҳада хорижий инвесторларни маҳаллий фонд бозорига жалб қилиш ҳамда маҳаллий эмитентларни халқаро капитал бозорларига олиб чиқиш бўйича янги механизмлар ҳам белгиланган.
Жумладан, Ўзбекистон ҳудудида ва унинг ташқарисида қимматли қоғозларни жойлаштириш тартиби регулятор томонидан белгиланади.
Шунингдек, халқаро молия ташкилотларининг республика ҳудудида облигациялар чиқариши қонун даражасида мустаҳкамланмоқда. Айни пайтда Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки миллий валютада маҳаллий фонд бозорида облигациялар чиқаришга қизиқиш билдирмоқда.
Чет эл валютасида чиқариладиган қимматли қоғозлар ҳажмини белгилашда регулятор Марказий банк билан келишган ҳолда қарор қабул қилади.
Бугунги кунда капитал бозорида 82 та лицензияга эга ҳамда 46 та хабардор қилиш тартибида рухсат олган жами 77 та юридик шахс профессионал фаолиятни амалга оширмоқда.
Қонун лойиҳаси билан профессионал иштирокчилар фаолияти ҳам халқаро амалиётга мувофиқ такомиллаштирилмоқда.
Жумладан, кастодиан янги профессионал фаолият тури сифатида жорий этилмоқда. Кастодиан мижозларнинг капитал бозори воситалари ва маблағларини ҳисобга олиш, сақлаш ҳамда уларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқлаш хизматларини кўрсатади.
Шунингдек, рейтинг агентликлари фаолияти тартибга солиниб, уларнинг тўлов қобилияти, активларни бошқариш сифати, қимматли қоғозлар ва ҳосила молиявий воситаларнинг ликвидлиги ҳамда корпоратив бошқарувни баҳолаш ваколатлари белгиланмоқда.
Бундан ташқари, профессионал иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ўзини ўзи тартибга солиш ташкилотларини тузиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш назарда тутилмоқда.
Ҳозирда республикада Инвестиция институтлари миллий уюшмаси фаолият кўрсатмоқда. Уюшмага 28 та ташкилот аъзо бўлиб, 2025 йил давомида 5 та йирик тадбир ўтказилган.
Қонун лойиҳасида капитал бозори инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига биржадан ташқари тузилган рухсат этилган молиявий битимлар ҳисобини юритиш ҳамда хорижий банклар, кастодианлар ва марказий депозитарийларда вакиллик ҳисобварақларини очиш ҳуқуқи берилади.
Пул маблағлари бўйича ҳисоб-китобларни Марказий банк, марказий контрагент ёки Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга ошириш тартиби белгиланмоқда.
Шунингдек, марказий контрагент, рейтинг агентликлари ҳамда облигация эгаларининг вакили институтининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда.
Умуман олганда, қонун лойиҳаси миллий капитал бозорини халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантириш, янги молиявий воситаларни жорий этиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда бозор инфратузилмасини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
“Капитал бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси юзасидан пресс релиз
Янгиланган сана: 30 Июл 2026, 18:56










