Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев томонидан жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг шахсий қабули ўтказилди. Қабул давомида фуқаролар ва тадбиркорларнинг банк тизими фаолиятига оид оғзаки мурожаатлари тегишли тижорат банклари раҳбарлари иштирокида алоҳида-алоҳида тингланди.
Марказий банк раиси ўринбосари банклар зиммасидаги устувор вазифаларга — жисмоний ва юридик шахсларни молиявий қўллаб-қувватлаш, уларга қулайликлар яратиш, сифатли ва юқори даражадаги банк хизматларини кўрсатиш, шунингдек мурожаатларни амалдаги қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида ўз вақтида кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратди.
Қабул давомида кўтарилган масалалар орасида имтиёзли кредит бўйича ҳисобланаётган фоиз ва пенияларни тўхтатиш, гаровга қўйилган мол-мулк ва суд жараёнларига оид ҳужжатларни олишда амалий ёрдам сўровлари каби мурожаатлар бўлди. Ҳар бир мурожаат юзасидан тегишли тижорат банкларига аниқ топшириқлар берилиб, уларни амалдаги қонунчиликка мувофиқ кўриб чиқиш ва натижалари юзасидан белгиланган муддатда Марказий банкка ахборот бериш вазифаси юклатилди.
Шахсий қабуллар банк тизимида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлар мурожаатларини қонун ҳужжатлари талаблари асосида ўз вақтида ва сифатли ҳал этиш мақсадида мунтазам асосда давом эттирилади.










