Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 2026 йилнинг I ярим йиллиги учун Ўзбекистоннинг тўлов баланси, халқаро инвеститсиявий мавқеи ҳамда ташқи қарзи бўйича шарҳ тайёрланди.
Мазкур шарҳда мамлакат ташқи секторидаги асосий ўзгаришлар, экспорт ва импорт динамикаси, халқаро пул ўтказмалари, инвестиция оқимлари, халқаро захиралар, халқаро инвеститсиявий мавқе ҳамда ташқи қарз кўрсаткичлари таҳлил қилинган. Нашр Халқаро валюта жамғармасининг тўлов баланси қўлланмаси асосида тайёрланган.
2026 йилнинг I ярим йиллигида Ўзбекистон ташқи секторида аввалги даврларда шаклланган ижобий тенденциялар давом этди. Хусусан, олтинсиз товарлар ва хизматлар экспорти ҳамда мамлакатга кириб келган халқаро пул ўтказмалари ҳажми ўсди. Шунингдек, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш кўлами юқори даражада сақланиб қолди.
Ҳисобот даврида жами экспорт ҳажми 15,4 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,6 фоизга камайди. Бунда олтин экспортининг қисқариши асосий омил бўлди. Шу билан бирга, олтинсиз товарлар экспорти 27 фоизга, хизматлар экспорти эса 45 фоизга ошди.
Жами импорт ҳажми 24 фоизга ўсиб, 28,8 млрд долларга етди. Импортнинг юқори ҳажмда шаклланишига инвеститсиявий фаоллик ва ички истеъмол талабининг юқори даражада сақланиб қолиши шароитида машина ва ускуналар, транспорт воситалари, кимёвий ва минерал маҳсулотлар ҳамда озиқ-овқат товарлари импортининг ўсиши таъсир кўрсатди.
Натижада савдо баланси 13,4 млрд доллар манфий сальдо билан шаклланди. Мазкур тақчиллик бирламчи ва иккиламчи даромадлар ҳисобидаги мос равишда 1,9 млрд доллар ва 5,3 млрд долларлик ижобий сальдолар ҳисобига қисман қопланди.
Умуман олганда, 2026 йилнинг I ярим йиллигида жорий операциялар ҳисоби қарийб 6,2 млрд доллар манфий сальдо билан шаклланди.
Жорий операциялар ҳисобидаги тақчиллик, асосан, тўғридан-тўғри, портфель ва бошқа инвестициялар бўйича операциялар ҳамда бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилди.
Хусусан, ҳисобот даврида мамлакатга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф кирими 2,3 млрд долларни, портфель инвестицияларининг соф жалб қилиниши эса қарийб 2 млрд долларни ташкил этди. Бошқа инвестициялар компоненти бўйича қарийб 1,5 млрд доллар миқдорида соф кирим қайд этилди. 2026 йил I ярим йиллиги якунига кўра, молиявий ҳисоб 7,5 млрд доллар манфий сальдо билан шаклланди.
Тўлов балансида акс этган операциялар ва нооператсион ўзгаришлар таъсирида Ўзбекистоннинг соф халқаро инвеститсиявий мавқеи йил бошига нисбатан 34 фоизга қисқариб, 2026 йил 1 июль ҳолатига 13,3 млрд долларни ташкил этди.
Ҳисобот даврида резидентларнинг ташқи активлари қолдиғи йил бошига нисбатан 1,1 млрд долларга ёки 1 фоизга камайди. Бунда жаҳон бозорида олтин нархининг пасайиши ҳисобига халқаро захиралар қолдиғи 2,5 млрд долларга қисқарган бўлса, тўғридан-тўғри ва бошқа инвестициялар бўйича активлар қолдиғи 1,4 млрд долларга ошди. Шу билан бирга, резидентларнинг ташқи мажбуриятлари қолдиғи 5,8 млрд долларга ёки 5 фоизга кўпайди.
2026 йил 1 июль ҳолатига мамлакатнинг жами ташқи активлари 127,4 млрд долларни, ташқи мажбуриятлари эса 114,1 млрд долларни ташкил этди. Халқаро захира активлари қолдиғи 63,8 млрд доллар даражасида шаклланди.
2026 йил I ярим йиллиги якунига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 84,1 млрд долларни ташкил этди. Унинг таркибида давлат ташқи қарзи 41,7 млрд долларни, корпоратив ташқи қарз эса 42,4 млрд долларни ташкил қилди.
Корпоратив ташқи қарз таркибида хусусий сектор, жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат кафолатисиз жалб қилинган ташқи қарзлар акс эттирилади. Бундай қарзлар бўйича давлат мажбурияти мавжуд эмас, улар бўйича тўловлар тегишли хўжалик субъектлари ҳамда банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Шарҳда қайд этилишича, Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистоннинг ташқи қарз юкини паст даражада, асосан имтиёзли шартларда жалб қилинган деб баҳолаган.
Асосий жадваллар билан танишинг
Изоҳ: Нашр Халқаро валюта жамғармасининг «Тўлов баланси ва халқаро инвеститсиявий мавқе бўйича қўлланма»сининг олтинчи нашри ҳамда «Ташқи қарз статистикаси бўйича қўлланма»га мувофиқ тайёрланган.










