Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Бошқаруви 2021 йил 10 июнда ўтказилган йиғилишда асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилди

Янгиланган сана:  10 Июн 2021, 19:31
10 Июн 2021

Мазкур қарор базавий инфляция даражаси пасаювчи трендга ўтган бўлса-да, айрим товар гуруҳлари бўйича нархлар ўсиш суръатларининг юқори даражада сақланиб қолаётганлиги, мамлакатда иқтисодий ва инвестицион фаолликнинг юқори суръатда тикланаётганлиги шароитида йил якунига қадар инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига эришиш ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш вазифалари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар. 2021 йилнинг май ойида йиллик инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этиб, апрель (10,7 фоиз) ойига нисбатан бироз тезлашди. Бунда, озиқ-овқат товарлари гуруҳида нархлар ўсишининг апрель ойидаги 13,6 фоиздан 14,4 фоизгача тезлашиши инфляцияни оширувчи асосий омиллардан бўлди.

Мазкур гуруҳдаги товарлар нархлари ўзгаришига, бир томондан, жаҳон бозорида ўсимлик ёғи, шакар ва гўшт маҳсулотлари нархларининг сезиларли даражада ошиши сабаб бўлган бўлса, иккинчи томондан, қиш-баҳор мавсумида кузатилган ўзгарувчан об-ҳаво шароитларида мева ва сабзавотлар ҳосилининг кечикиши ҳамда аввалги йилларга нисбатан кам бўлиши кутилаётганлиги таъсир кўрсатди. 

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ва хизматлар тарифларининг йиллик ўсиши умумий инфляцияга пасайтирувчи таъсир кўрсатиб, жорий йил май ойида мос равишда 8,2 ва 8,5 фоизни ташкил этди.

Мавсумий омиллар таъсирчанлиги юқори бўлган мева-сабзоватлар ва тартибга солинадиган нархлар чиқариб ташлаб ҳисобланган базавий инфляция даражаси йил бошидан (12,1 фоиз) босқичма-босқич пасайиб келиб, май ойида йиллик 10,9 фоизни ташкил этди ва умумий инфляция суръатлари билан тенглашди. 

Инфляцион кутилмалар ва сезилган инфляция. Инфляцион кутилмалар ва сезилган инфляция кўрсаткичлари март-апрель ойларида айрим асосий озиқ-овқат товарлари нархларининг кескин ўсиши натижасида апрелда ўсувчи трендни намоён этган эди. 

Май ойида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмаларида апрель ойига нисбатан пасайиш кузатилиб, мос равишда 16,4 ва 16,5 фоизни ташкил этган бўлсада, жорий инфляция кўрсаткичларидан сезиларли даражада юқорилигича сақланиб қолмоқда.

Шунингдек, пасайиш тенденцияси сезилган инфляция даражасида ҳам кузатилиб, май ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция 17,2 фоизни ташкил этган бўлса, тадбиркорларнинг сезилган инфляцияси 16,8 фоизгача пасайди. 

Йил охиригача инфляцион кутилмаларнинг пасайиши, биринчи навбатда, асосий озиқ-овқат товарлари нархларининг барқарорлашиши ҳамда иқтисодиётда ялпи истеъмол ва таклифнинг ўзаро мувозанатлашуви билан боғлиқ бўлади. 

Ички иқтисодий шароитлар. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,6 фоизга ўсиш кузатилган бўлса, кўрсатилган хизматлар ҳажми 19,8 фоизга ошди. Умуман олганда, ушбу тармоқлардаги ўсиш суръатларининг биринчи чорак якунларидаги ўсиш суръатларига нисбатан жадаллашиши кузатилди. 

Иқтисодиётда аҳолининг истеъмол фаоллиги ошиб бориши билан савдо ва пуллик хизматлар ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Январь-май ойларида тижорат банклари кассаларига савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар ҳажми 19,6 трлн. сўмни ташкил этиб,  2019-2020 йиллардаги (мос равишда 11 ва 6,1 трлн. сўм) кўрсаткичлардан сезиларли даражада юқори бўлди. 

Йил охиригача иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаолликни қўллаб - қувватловчи асосий омил фискал рағбатлантириш бўлиши кутилмоқда. Бунда, умумий фискаль дефицитнинг ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан юқорироқ прогноз қилинаётганлиги, ижтимоий нафақа, пенсия ва иш ҳақиларнинг оширилиши иқтисодиётда истеъмол талабини сезиларли ўсишига олиб келади.

Ташқи иқтисодий шароитлар. Жорий йилнинг дастлабки беш ойида ташқи иқтисодий шароитлар иқтисодиётимиз учун мўътадил шаклланди.

Асосий савдо-ҳамкор давлатлар (Туркияни ҳисобга олмаганда) миллий валюталари алмашув курсларида йил бошидан бошлаб кескин ўзгаришлар кузатилмади. 

Халқаро валюта жамғармасининг апрель ойида янгиланган прогнозларига кўра асосий савдо ҳамкорлар – Россия, Хитой ва Қозоғистонда ЯИМ ўсиш суръатлари аввалги прогнозларга нисбатан ижобий томонга ўзгартирилган.

Жаҳон хом-ашё бозорларида олтин нархи февраль-март ойларида пасаювчи динамикага эга бўлган бўлса, апрель-май ойларида яна тикланиб, июнь ойида йил бошидаги кўрсаткичларга яқинлашди.

Мис нархи эса йил бошидан бошлаб маълум бир тебранувчанлик билан ўсувчи тенденцияни намойиш этмоқда.

Жорий йилнинг январь-май ойларида экспортдан тушумлар ҳажми (олтин ва газни ҳисобга олмаганда) 3,9 млрд. долларни ташкил этиб, 2020 йил мос давридаги кўрсаткичдан (2,5 млрд. доллар) 1,5 баробарга, 2019 йилдаги кўрсаткичдан (2,8 млрд. доллар) 39 фоизга юқори бўлди.

Мамлакатимизга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 5 ойда 2,6 млрд. долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига (1,8 млрд. доллар) нисбатан 43 фоизга, 2019 йилнинг мос даврига (2 млрд. доллар) нисбатан 30 фоизга ўсди ҳамда аҳолининг истеъмол ва инвестицион фаоллигини қўллаб-қувватловчи омил бўлиб хизмат қилмоқда. 

Ушбу омиллар, ўз навбатида, ички валюта бозорида таклиф ҳажмининг барқарор бўлиши ва миллий валюта курси шаклланишида муҳим рол ўйнади. Йилнинг дастлабки беш ойи давомида сўм алмашув курси 10455-10610 сўм/АҚШ доллари оралиғида тебраниб турди. 

Пул-кредит шароитлари. Пул бозоридаги фоиз ставкалари банк тизимидаги ликвидликнинг ортиши фонида сўнгги икки ойда пасаювчи динамика касб этди. Май ойида пул бозоридаги ўртача тортилган фоиз ставкалар ва Uzonia индекси Марказий банк фоиз коридорининг қуйи чегарасидан ҳам пастга тушиш ҳолатлари кузатилди. 

Бунда пул бозоридаги фоиз ставкаларнинг асосий ставкага нисбатан манфий тавофути юзага келиб, май ойи якунлари бўйича -2 фоизни ташкил этганлиги ликвидликни тартибга солиш бўйича инструментлардан янада фаол фойдаланишни тақозо этди. 

Ушбу мақсадда Марказий банк томонидан ликвидликни жалб қилиш операциялари ҳажмлари оширилди. Хусусан, апрель-май ойларида ўртача ойлик депозит аукционлари ҳажми I чоракдаги кўрсаткичга нисбатан 1,6 баробарга, кунлик овернайт депозитлар ҳажми 1,8 баробарга ва Марказий банк облигациялари ҳажми 3 баробарга ошди.

Иқтисодиётнинг тикланиб бориши билан кредитларга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Жорий йилнинг дастлабки 5 ойида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 64,2 трлн. сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,8 фоизга, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 8,2 фоизга кўп бўлди.

2021 йилнинг 5 ойи давомида иқтисодий фаолликнинг жонланиши ва хўжалик юритувчи субъектлар молиявий ҳолатининг пандемиягача бўлган давр даражасига етиб бораётганлиги шароитида кредитларнинг қайтувчанлик даражаси ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан (56 фоиз) сезиларли даражада (70 фоизгача) ошди. 

Май ойида жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалар 19,4 фоизни, юридик шахсларники бўйича эса 15,8 фоизни ташкил этди. 

Депозитлар бўйича фоиз ставкаларнинг жорий инфляция ва инфляцион кутилмалар даражасидан юқори шаклланаётганлиги ҳамда алмашув курсининг нисбатан барқарор тенденцияси шароитларида, миллий валютадаги муддатли депозитлар ҳажмининг сезиларли ошиши кузатилди. Хусусан, январь-май ойларида миллий валютадаги жами муддатли депозитлар 19,6 фоизга ошган бўлса, жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари 27,4 фоизга ошди. 

Ноаниқликлар ва хатарлар. Умуман олганда, инфляцияни оширувчи ва пасайтирувчи омиллар таҳлили охирги ойларда инфляцияни оширувчи омиллар вазнининг нисбатан юқори бўлаётганлигини кўрсатиб, инфляцион жараёнларни жиловлашга қаратилган тизимли чораларни жадаллаштиришни талаб этмоқда.

Бу, биринчи навбатда, йил якунлари бўйича иқтисодиётни кредитлаш ҳажмлари ўсиш суръатларининг ЯИМ номинал ҳажми ўсиши билан мувофиқлигини таъминлаш, пул бозоридаги (2-3%) реал фоиз ставкалари даражасининг ижобийлигини сақлаб қолишни тақозо этади.

Келгуси ойларда фискаль рағбатлантиришлар ҳажмининг ошиши, истеъмол ва инвестицион талаб ҳажми ўсиш суръатларига нисбатан ялпи таклиф ўзгаришининг номутаносиб бўлиши маълум бир инфляцион босимларни келтириб чиқариши мумкин. 

Шунингдек, кейинги ойларда таркибий жиҳатдан инфляцион омиллар, асосан, жаҳон бозорларидаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари динамикаси, мевалар таклифи, автомобиль ёнилғиси ва қурилиш моллари бозорларидаги тенденциялар билан боғлиқ бўлади.

Ўз ўрнида, жаҳон бозорларида асосий озиқ-овқат маҳсулотлар (қунгабоқар ёғи, шакар ва бошқалар) жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойлари учун фьючерс шартномалари нархлари жорий ҳолатдаги нархлардан бирмунча пасаётганлиги кузатилмоқда.

Жорий йил бошидан бери кузатилаётган ўзгарувчан об-ҳаво шароитлари (дала ва яйловларда сув ресурсларининг камлиги) чорва озуқаси нархларига ва такрорий сабзавот экинларини экиш жараёнига таъсир кўрсатиб, гўшт маҳсулотлари ва сабзавотлар нархларига оширувчи босим кўрсатиши мумкин.  

Юқоридаги омиллар таъсирини минималлаштиришда, биринчи навбатда, истеъмол бозорларида рақобатни рағбатлантириш, бозорлар ва савдо тармоқлари кўламини кенгайтириш, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда етиштириш имкониятларининг оширилиши ва ушбу маҳсулотларни етиштириш учун зарурий ер майдонларини ҳамда сув ресурслари ажратилиши ўзининг ижобий самарасини беради. 

Бугунги кунда шаклланган ва келгусида кутилаётган иқтисодий вазиятларда Марказий банк асосий ставкасининг жорий даражаси инфляциянинг 2021 йил учун прогноз кўрсаткичларига эришишда мақбул пул-кредит шароитларини таъминлаш учун етарли ҳисобланади. 

Марказий банк ташқи ва ички шароитлар таъсирида инфляция омиллари ва хатарлари моҳиятини синчковлик билан ўрганишни давом эттиради.

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2021 йил 22 июлга белгиланган. Йиғилиш якунлари бўйича пресс-релиз эълон қилинади.

USD = 12620.09
+19.95
EUR = 13599.41
-42.76
RUB = 136.73
+0.81
GBP = 15892.48
-16.46
JPY = 83.33
+0.09
CHF = 13926.38
+8.19
CNY = 1745.42
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X