Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Бошқарувининг 2021 йил 21 октябрдаги йиғилишида “Пул-кредит сиёсатининг 2022 йил ва 2023-2024 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”нинг дастлабки концептуал лойиҳаси маъқулланди

Янгиланган сана:  3 Ноя 2021, 14:22
3 Ноя 2021

Пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларида Марказий банкнинг ўрта муддатли макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари ва келгуси йилларда пул-кредит соҳасида амалга ошириладиган ишлар, ташқи ва ички иқтисодий шароитлар ўзгарган ҳолатларда Марказий банк томонидан кўриладиган чоралар ва пул-кредит сиёсатини юритишдаги ёндашувлар акс эттирилган.

Шунингдек, ушбу лойиҳада пул-кредит сиёсати инструментлари, ички валюта ва пул бозорини такомиллаштириш, таҳлилий-прогнозлаш салоҳиятини ривожлантириш бўйича келгуси йилларга режалаштирилган чоралар ҳам акс эттирилган.

Пул-кредит сиёсатининг 2022 йил ва 2023-2024 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларини ишлаб чиқишда, биринчи навбатда, иқтисодиётда нархлар ва молиявий барқарорликни таъминлаш, инфляция даражасини 2023 йил якунига қадар 5 фоизгача пасайтириш мақсадларидан келиб чиқилган.

Жаҳон иқтисодиёти 2020 йилда коронавирус пандемияси ва унинг таъсирида юзага келган глобал иқтисодий инқироз шароитида қатъий карантин чекловларининг киритилиши сабабли иқтисодий фаолликнинг пасайиши ва таъминот занжиридаги узилишлар ҳамда пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатларининг сезиларли даражада юмшатилишини бошдан ўтказди.

2021 йилда эса пандемия билан боғлиқ вазиятнинг нисбатан яхшиланиши, карантин чораларининг юмшатилиши, иқтисодиёт субъектларининг пандемияга мослашув даражасининг ортиши ҳисобига иқтисодий фаолликнинг сезиларли тикланиши кузатилиб, ялпи талаб ҳажмининг пандемиягача бўлган даражасига етишига хизмат қилмоқда.

Бунда, глобал иқлим шароитларнинг ўзгариши ва таъминот занжиридаги узилишларнинг сақланиб қолиши фонида ялпи таклиф ҳажмининг талабга нисбатан секинроқ тикланиши жаҳон миқёсида инфляцион жараёнларнинг тезлашишига олиб келди.

2020 йилнинг сўнгги чорагидан бошлаб асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва 2021 йил бошидан энергия ресурслари нархларида кузатилган сезиларли ўсиш аксарият давлатларда инфляциянинг мақсадли кўрсаткичидан юқори шаклланишига сабаб бўлди.

2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган 9 ойида мамлакатимизда фискал, монетар ва таркибий иқтисодий ислоҳотлар борасида кўрилган чора-тадбирлар иқтисодий фаолликни ва ялпи талабни рағбатлантирувчи омиллардан бўлди. Натижада, 2020 йил якунлари бўйича реал иқтисодий ўсиш суръати 1,7 фоизни ва 2021 йилнинг дастлабки 9 ойлигида 6,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йил якунида 6,5-7,2 фоизга тенг бўлиши кутилмоқда.

Пандемия шароитида 2020 йилда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш вазифалари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш мақасадида Марказий банкнинг асосий ставкаси 16 фоиздан 14 фоизгача пасайтирилди ҳамда пул-кредит шароитлари бироз юмшатилиб нисбатан қатъий фазага ўтказилди. 2021 йилнинг ўтган 9 ойида эса мазкур пул-кредит шароитлари ўзгаришсиз сақлаб қолинди.

Таъкидлаш лозимки, ташқи ва ички иқтисодий шароитларнинг келгусидаги ўзгариши бўйича ноаниқликлар ҳали ҳам юқори даражада сақланиб қолмоқда. Шу боис ўрта муддатли макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари ташқи ва ички омилларнинг таъсири кўлами ва давомийлигини инобатга олиб асосий ва муқобил сценарийлари ишлаб чиқилди.

Сценарийларни шакллантиришда ташқи иқтисодий шароитларнинг ўзгаришлари, халқаро молия ташкилотларининг жаҳон иқтисодиёти ва асосий экспорт товарлари нархлари бўйича прогнозлари, асосий савдо-ҳамкор давлатларда кутилаётган вазиятлар, ички иқтисодий шароитлардаги эҳтимолий тенденциялардан келиб чиқилди.

Жаҳонда вакцинациялаш жараёнининг бориши ривожланган давлатлар бўйича иқтисодий ўсиш суръатларининг тезроқ тикланиши, ривожланаётган давлатларда эса нисбатан сустроқ тикланишини белгиловчи асосий омиллардан бўлаётган шароитда сценарийлар шартларини белгилашда пандемия билан боғлиқ вазият муҳим омил сифатида қаралди. 

Шунингдек, бу йилги ҳисоб-китобларда иқлим ўзгаришлари ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари таклифи, молиявий барқарорлик кўрсаткичлари, амалга оширилиши кўзда тутилаётган ислоҳотлар ва уларнинг кутилаётган натижалари шартли омиллар сифатида инобатга олинди.

Макроиқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийсида ташқи ва ички иқтисодий шароитларнинг босқичма-босқич яхшиланиб бориши кутилаётган бўлиб, кескин ташқи хатарлар юзага келиши кўзда тутилмайди. Пандемия билан боғлиқ вазият нормаллашиб, инсон ресурслари миграцияси ва трансчегаравий ҳаракатлар бўйича узоқ муддатли чекловлар жорий этилмайди. 

Мазкур сценарийга кўра, иқтисодий фаоллик юқори суръатларда жадаллашиб бориб, инвестицион ва истеъмол талаби пандемиягача бўлган даражага тўлиқ тикланади.

Ушбу сценарий доирасидаги ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми ўзининг потенциал даражасига кўтарилиб, реал иқтисодий ўсиш суръатлари 5,5-6,5 фоизни ташкил этади ва 2023-2024 йилларда 6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. 

Асосий сценарий доирасида иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашнинг муҳим драйвери сифатида хусусий ички ва ташқи инвестициялар ҳамда иқтисодиёт тармоқларида амалга ошириладиган таркибий ислоҳотлар қаралмоқда.

Келгуси йилларда мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш вазифаси 2022 йилдан босқичма-босқич фискал консолидация бошланишини тақозо қилади ва фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбати 2023-2024 йилларда 2,0-3,0 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Юқорида келтирилган омиллар ва тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш даражасидан келиб чиқиб инфляция суръатларининг 2022 йилда 8-9 фоизга ташкил этиши, 2023-2024 йилларда эса 5 фоизгача пасайиши кутилмоқда.

Макроиқтисодий ривожланишнинг муқобил сценарийси шартлари сифатида жаҳонда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг кескинлигича қолиши сабабли ташқи шароитларнинг ноқулай шаклланиши ва иқтисодий фаолликни пасайиши каби эҳтимоллар асос қилиб олинган.

Ушбу сценарий бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажмининг реал ўсиши 2022 йилда 3-4 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Вазиятнинг нормал фазага ўтиши билан 2023 йилдан иқтисодий фаоллик ва ялпи талабнинг тикланиши кузатилиб, 2023 йилда 4,8-5,8 фоизни ва 2024 йилда 5,5-6,5 фоизни ташкил этиши тахмин қилинмоқда.

Бунда, ички иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш учун 2022 йилда ҳам фискал рағбатлантиришлар давом эттирилади ва умумий фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбати 4-5 фоиз атрофида бўлишини тақозо этиши мумкин. Фискал консолидация 2023 йилдан бошланиб,  фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбати 2023 йилда 3-4 фоизгача, 2024 йилда эса 2,0-2,5 фоизгача пасайиши баҳоланмоқда.

Макроиқтисодий ривожланиш шартлари муқобил сценарий бўйича шаклланган ҳолатда тартибга солинадиган нархларнинг эркинлаштирилиши келгуси даврларга кечиктирилади. Натижада, ушбу сценарий шартлари рўй берган шароитда умумий инфляция даражаси 2022 йилда 7,5-8,5 фоизни ташкил этиши ва 2023 йилда эса 5,6-6,6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Юқорида келтирилган сценарийларнинг ҳар бирида пул-кредит сиёсатининг асосий мақсади иқтисодиётда нархлар ва молиявий барқарорликни таъминлаш ҳамда инфляциянинг таргет кўрсаткичига эришишга қаратилади. Бунда, сценарийларда келтирилган вазиятларнинг шаклланишига қараб пул-кредит шароитларининг қатъийлик даражаси белгилаб борилади.

Асосий сценарийда пул-кредит сиёсатини нисбатан қатъий шароитлари сақлаб қолинса, муқобил сценарийда эса пул-кредит шароитларини бироз юмшатиш ҳамда нархлар барқарорлиги ва иқтисодий фаолликни рағбатлантириш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш бўйича чоралар кўрилиши мумкин.

Келгуси йилларда операцион механизмни янада такомиллаштириш ва пул бозорини ривожлантириш билан биргаликда, ички валюта бозорида ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш, таҳлилий-прогнозлаш салоҳиятини ривожлантириш ва пул-кредит сиёсати трансмиссон механизми самарадорлигини ошириш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар Марказий банкнинг диққат марказида бўлади.

Трансмиссион механизм самарадорлигини ошириш вазифаси молия бозорини, хусусан давлат қимматли қоғозлари бозорини ривожлантириш, хусусий капитал бозори кўламини ошириш ва иқтисодиётда банклардан ташқари молиявий воситачилик институтларини ривожлантириш билан боғлиқ ҳисобланади.

Келгуси йилларда алоҳида аҳамият қаратилиши лозим бўлган масала – бу инфляциянинг узоқ муддатли барқарор омилларини бартараф этиш масаласи ҳисобланади. Бу, биринчи навбатда, истеъмол бозорида рақобатни ривожлантириш, истеъмол товарлари
ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, товарлар импортида концентрациялашув даражасини пасайтириш, ҳудудларда савдо ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш каби чораларни амалга оширишни тақозо этади.

Ушбу таркибий ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши инфляциянинг таргет даражасига етганидан сўнг пул-кредит шароитларини босқичма-босқич нейтрал шартларга ўтказиш имконини беради.

Ҳужжат билан танишиш
USD = 10760.27
-6.22
EUR = 12186.01
-8.12
RUB = 145.55
-0.05
GBP = 14334.83
+2.48
JPY = 95.09
+0.2
CHF = 11688.32
-22.02
CNY = 1688.18
-1.58
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X