Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк бошқаруви 2022 йил 21 апрелдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 17 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди

Янгиланган сана:  21 Апр 2022, 13:20
21 Апр 2022

Ташқи иқтисодий шароитларда март ойида кузатилган ўзгаришлар ички валюта бозорига, инфляцион ва девальвацион кутилмаларга, банклардаги депозитлар динамикасига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Айни пайтда, пул-кредит шароитларини қатъийлаштириш ва валюта бозорида барқарорликни таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзага келган босимларни пасайтиришга ҳамда март ойининг иккинчи ярмидан бошлаб валюта ва пул бозоридаги тенденцияларнинг мувозанатлашувига хизмат қилмоқда.  

Бугунги кунда шаклланган вазият ва келгуси ойларда кутилаётган иқтисодий шароитлар пул-кредит соҳасида кўрилган чоралар таъсири (самараси) тўлиқ юзага чиқмаганлигини ҳамда ушбу жараённинг ҳали ҳам давом этаётганлигини кўрсатмоқда. Шундан келиб чиқиб, пул-кредит сиёсати чораларининг иқтисодиётда тўлиқ акс этишини таъминлаш мақсадида жорий пул-кредит шароитларни сақлаб қолиш бўйича қарор қабул қилинди.

Ташқи иқтисодий шароитлар. Март ойининг охири ва апрель ойининг бошидан бошлаб асосий савдо-ҳамкор давлатларда иқтисодий вазиятнинг, шу жумладан, валюта курсларининг маълум даражада мувозанатлашуви кузатилаётганлигига қарамасдан барча макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича ўрта муддатли истиқболда ноаниқлик ва хатарлар даражаси юқорилигича сақланиб қолмоқда.

Жаҳон хомашё ва энергия манбалари бозорида нархларнинг ўсиши, халқаро логистика билан боғлиқ муаммолар дунёнинг барча давлатларида инфляцион жараёнларнинг тезлашишига ҳамда қарийб барча йирик марказий банклар томонидан фоиз ставкаларнинг оширилишига олиб келмоқда.

Ушбу омиллар ўз навбатида, халқаро молия бозорларида молиявий шароитларнинг қатъийлашиши, импорт инфляцияси ва ташқи савдо оқимларидаги ўзгаришлар орқали мамлакатимизга бирламчи ва иккиламчи таъсирларга эга бўлади.

Ташқи шароитлардаги ўзгаришларга жавобан миллий валюта алмашув курси март ойидаги тебранишлардан сўнг мувозанатлана бошлади (март ойининг ўзида 5 фоизга қадрсизланди) ва йил бошидан девальвация суръати 4,1 фоизни ташкил этмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу девальвация суръатлари қарийб барча қисқа муддатли ўзгаришларни (шокларни) қамраб олганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, март ойининг дастлабки 20 кунида хориждан пул ўтказмалари ҳажми ўртача кунлик 15 млн. долларгача, аҳолининг валюта сотуви 32 млн. долларгача пасайган ва хариди 42 млн. доллардан ошган бўлса, апрель ойининг дастлабки 20 кунида пул ўтказмалари ҳажми ўртача кунлик 40 млн. долларга, аҳолининг валюта сотуви 55 млн. долларга етди ва ўртача кунлик валюта хариди
22 млн. долларгача пасайди.

Шунингдек, ички валюта бозорида юридик шахсларнинг хорижий валютага бўлган талаби мувозанатлашиб, апрель ойининг дастлабки
20 кунида хорижий валютага талаб март ойининг мос даврига нисбатан 13 фоизга қисқарган бўлса, таклиф ҳажми 21 фоизга ошди.

Иқтисодий фаоллик. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йил биринчи чорак якунлари бўйича ЯИМнинг реал ҳисобда ўсиши 5,8 фоизни ташкил этди.

Йил бошидаги базавий прогнозлар бўйича жорий йил иккинчи чораги сўнгида ЯИМ манфий тафовутининг ёпилиши ва иқтисодий ўсиш кўрсаткичларининг салоҳиятли даражасига етиши кутилаётган эди. Ташқи иқтисодий шароитлардаги ўзгаришлар таъсирида ушбу манфий тафовутнинг йил охиригача сақланиб қолиши тахмин қилинмоқда.

Жорий йилда фискал тақчилликнинг йил бошида белгиланган параметрлардан юқорироқ бўлиши ҳамда ижтимоий харажатлар ўсишининг кутилаётганлиги аҳолининг харид қобилияти ва даромадларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Биринчи чорак якунлари бўйича ўтказилган сўровларга кўра, юзага келган ташқи ва ички иқтисодий жараёнлар ҳамда валюта бозоридаги тенденциялар аҳоли истеъмол кайфиятида ҳам маълум даражада акс этиб, жамғаришга бўлган мойиллик ва харажатларга нисбатан эҳтиёткорона ёндашувнинг сақланиб қолишига олиб келди.

Ички нархлар динамикаси ва инфляцион кутилмалар. Жорий йилнинг март ойида инфляция даражаси 1,5 фоизни ташкил этиб, йиллик ҳисобда 10,5 фоизгача ошди ва икки хонали сон даражасига қайтди. Базавий инфляция кўрсаткичи йиллик 9,1 фоизда шаклланиб, унинг умумий инфляциядаги ҳиссаси 6,9 фоиз бандгача ошди.

Нархларнинг ўсувчи динамикаси, асосан, импорт инфляцияси, ташқи бозорларда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсиши бўйича кутилмалар ва анъанавий мавсумий омиллар билан изоҳланади.

Апрель ойида нархларнинг маълум даражада мувозанатлашуви кузатилаётган бўлиб, Марказий банкнинг ҳафталик кузатувлари натижаларига кўра, апрелнинг дастлабки 20 кунида айрим асосий истеъмол товарлари бўйича нархларнинг пасайиши ва мувозанатлашиши кузатилди.

Иккинчи чоракда нархлар динамикасида мавсумий омиллар ҳисобига мева ва сабзавотлар гуруҳининг ҳиссаси пасайтирувчи бўлиши, ташқи омиллар ва таркибий ўзгаришлар таъсирида ноозиқ-овқат товарлари гуруҳининг оширувчи ҳиссасининг кучайиб бориши кутилмоқда.

2022 йил март ойи сўровлари натижаларига кўра, аҳолининг инфляцион кутилмалари 15 фоизни, тадбиркорларники – 15,4 фоизни ташкил этди. Валюта алмашув курсининг нисбатан мувозанатлашуви ва таркибий ислоҳотлар таъсирида келгусида кутилмаларнинг пасайиб бориши тахмин қилинмоқда.

Йил сўнгигача инфляция динамикасига таклиф омилларининг (ишлаб чиқариш, транспорт-логистика, хориждан етказиб бериш, ёқилғи-энергетика нархлари ошиши) таъсири талаб омилларига нисбатан юқорироқ бўлиши кутилмоқда.

Саноат ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра жорий йилнинг март ойида ҳам хомашё (иш, хизматлар) етказиб бериш муддатларининг узайиши кузатилмоқда (март ойида етказиб бериш муддатлари индекси февраль ойидаги 51,4 дан 47,5 гача ёмонлашган).

Пул-кредит шароитлари. Жорий йил 18 мартдан бошлаб асосий ставканинг 17 фоизгача оширилиши қисқа муддатли ресурслар бозори фоиз ставкаларида ҳам ўз аксини топмоқда.

Март ойининг иккинчи ярмида Uzonia индекси ўртача 17,2 фоиз даражасида шаклланган бўлса, апрель ойининг дастлабки ярмида ўртача 18 фоизга тенг бўлди.

Чорак давомида банклараро пул бозорида фаолликнинг ортиши кузатилиб, ўтган йилнинг IV чораги билан солиштирганда 1,3 баробарга кўп, жами 27,7 трлн сўмлик операциялар амалга оширилди. Март ойининг ўзида пул бозорида жами 12,5 трлн сўмлик депозит операциялари амалга оширилди ва бу ликвид маблағларга бўлган талабнинг вақтинчалик ошганлиги билан изоҳланади.

Тижорат банклари томонидан аҳолига таклиф этилаётган муддатли депозитларнинг ставкалари ҳам жорий пул-кредит шароитларидан келиб чиқиб ўртача тортилган фоиз ставкалар март ойи якунлари бўйича 20,9 фоизгача ошди (январь ойида 20,2 фоиз). Бу ўз навбатида, миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўсиш суръатларининг қайта тикланишига хизмат қилмоқда.

Хусусан, апрель ойининг биринчи ярмида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлар ҳажми 5 фоизга ўсди (март ойининг мос даврида 1,3 фоизга пасайган).

Умуман олганда сўмдаги активлар баҳосининг нисбий устунлиги мавжудлиги шароитида 20 апрель ҳолатига аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлар ҳажми йил бошидан 14 фоизга ошди.

Прогнозлар. Ташқи иқтисодий вазиятларда содир бўлаётган ҳолатларни инобатга олиб Марказий банкнинг асосий ва хатарли сценарийлар доирасидаги макроиқтисодий прогнозлари шартли равишда янгиланди.

Асосий сценарий бўйича импорт инфляцияси, ишлаб чиқариш, логистика ва етказиб бериш билан боғлиқ таклиф омиллари таъсирида инфляция даражаси йил якунлари бўйича 12-14 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда (дастлабки прогноз 8-9 фоиз).

Асосий савдо ҳамкорлардаги иқтисодий фаолликнинг пасайиши, миллий валюта курсининг ўзгариши ва миграцион оқимлар жорий йилда трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг ўтган йилга нисбатан 18-25 фоизга камайиши эҳтимолини юзага келтирмоқда.

Ялпи ташқи ва ички талаб динамикасидаги ўзгаришлар, дефляторнинг нисбатан юқори бўлиши ва фискаль шароитлар таъсирида 2022 йил якунлари бўйича мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 3,5-4,5 фоиз доирасида кутилмоқда (йил бошидаги прогноз 5,5-6,5 фоиз).

Умуман олганда ушбу прогнозлар кўплаб шартларга асосланган бўлиб, ташқи иқтисодий вазиятнинг ўзгариб бориши, амалга оширилаётган макроиқтисодий ва таркибий ўзгаришлар натижадорлигини инобатга олиб келгуси йиғилишларда макроиқтисодий прогнозлар қайта кўриб чиқилади.

Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк Бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2022 йил 9 июнь кунига белгиланган.

USD = 12628.05
+7.96
EUR = 13616.83
+17.42
RUB = 136.42
-0.31
GBP = 15927.76
+35.28
JPY = 83.44
+0.11
CHF = 14007.82
+81.44
CNY = 1748.70
+3.28
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X