Шрифт ўлчами: A A A
Масштаб: A A A A
Ранг: A A A A
Расмлар: Ёқиш Ўчириш

Марказий банк бошқаруви 2026 йил 17 июндаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди

Янгиланган сана: 17 Июн 2026, 17:26

Сўнгги ойларда инфляциянинг сезиларли пасайиши ўтган йилги юқори база таъсирларининг чиқиб кетиши билан изоҳланади. Инфляциянинг барқарор таркибий кўрсаткичлари динамикаси, ички талабнинг юқори шаклланиши ҳамда ташқи иқтисодий ноаниқликлар пул-кредит шароитларини қатъий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда.

Май ойида умумий инфляция йиллик 5,5 фоизни ташкил этди ва прогноз траекторияси доирасида шаклланди. Ушбу пасайишга асосан ўтган йилги энергия тарифлари оширилишининг бевосита таъсирлари тугаши ҳисса қўшди.

Шу билан бирга, инфляциянинг барқарор таркибий кўрсаткичлари ўзгаришсиз шаклланмоқда. Хусусан, базавий инфляция 5,7 фоиз даражасида шаклланиб, хизматлар инфляцияси секинлашиши билан бир қаторда озиқ-овқатлар инфляциясида тезлашиш қайд этилди.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этиб, молия соҳаси экспертларининг узоқ муддатли кутилмалари ҳам ижобийлашган.

Иқтисодий фаолликнинг юқори суръатлари сақланиб қолмоқда. Хусусан, чакана савдо, хизматлар соҳаси, туризм ва инвестициялар ҳажмининг юқори ўсиши иқтисодиётда ялпи талабнинг барқарорлигини кўрсатди. Шу билан бирга, сўнгги ойларда бюджет харажатларнинг фаоллашиши келгуси чоракларда ҳам иқтисодий фаоллик ва талаб омилларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Жорий йилнинг июнь ойидан энергия ресурслари тарифларининг оширилиши инфляцияга қисқа муддатли таъсирга эга бўлади. Тарифларнинг бевосита таъсиридан ташқари, транспорт ва ишлаб чиқариш харажатлари билан боғлиқ иккиламчи омиллар ҳам келгуси чоракларда инфляция динамикасида намоён бўлиб боради.

Марказий банк 2026 йил якунлари бўйича инфляциянинг 6,5 фоиз атрофида шаклланиши ҳамда иқтисодий ўсишнинг 7-7,5 фоиз оралиғида бўлиши бўйича прогнозларини сақлаб қолди.

Айни пайтда иқтисодиётда шаклланган реал ижобий фоиз ставкалари аҳоли ва бизнеснинг жамғариш фаоллигини рағбатлантириш, кредитлашнинг мувозанатли ўсишини таъминлаш ҳамда инфляцион босимларни чеклашга хизмат қилмоқда.

Ташқи иқтисодий шароитлардаги ноаниқликлар юқорилигича қолмоқда. Жаҳон бозорларида озиқ-овқат ва энергия манбалари нархларининг ўзгарувчанлиги, логистика харажатлари ошиши билан боғлиқ хатарлар ташқи инфляцион босимларнинг импорт канали орқали ички нархларга ўтиш эҳтимолини оширади. Шунингдек, айрим мамлакатлар марказий банкларининг қатъий пул-кредит сиёсати ташқи молиявий ресурслар нархининг узоқроқ муддат юқори даражада сақланишига олиб келади.

Юқоридаги омилларни инобатга олиб, нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инфляцион кутилмаларни пасайтириш мақсадида қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттириш зарур деб топилди.

Келгусида инфляцион кутилмаларнинг изчил пасайиши, тариф ўзгаришларининг иккиламчи таъсирлари чекланган даражада намоён бўлиб базавий инфляция прогнозининг яхшиланиши билан пул-кредит шароитларини босқичма-босқич юмшатиш учун асослар юзага келади.

Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизлик мақсадли даражагача пасайтириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг харид қобилиятини сақлашга қаратилган бўлиб қолади.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 29 июль кунига белгиланган.

 




Улашиш:

 
USD = 12052.05
+39.93
EUR = 13985.20
+49.94
RUB = 165.30
-0.82
GBP = 16171.44
+55.98
JPY = 75.24
+0.33
CHF = 15226.85
+115.36
CNY = 1783.45
+5.59
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X