Пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари Марказий банкнинг жорий макроиқтисодий вазият бўйича таҳлиллари ва ўрта муддатли прогнозларига асосланиб, нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган устувор вазифаларини белгилайди.
Ҳужжатда Марказий банкнинг ўрта муддатли истиқболда кутилаётган макроиқтисодий ривожланиш бўйича қарашлари, эҳтимолий макроиқтисодий хатарлар асосида муқобил сценарийлар, инфляцияни 5 фоизлик таргетгача пасайтириш ва ушбу даражада барқарор сақлаш учун зарур пул-кредит шароитлари ҳамда пул-кредит сиёсати самарадорлигини ошириш чоралари ёритилган.
Марказий банк пул-кредит сиёсатини нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инфляцияни 2027 йил якунлари билан 5 фоизлик мақсадли кўрсаткич доирасида шаклланиши мақсадидан келиб чиқиб амалга оширади. Бунда асосий ставка бўйича қарорлар инфляция прогнозлари, инфляцион кутилмалар, ялпи талаб ва таклиф нисбати, шунингдек, ташқи ва ички макроиқтисодий шароитларнинг ўзгариши асосида қабул қилинади.
2027-2029 йиллардаги макроиқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийси
Асосий сценарий ташқи ва ички иқтисодий шароитларнинг келгусида босқичма-босқич мувозанатлашувига асосланади. Хусусан, ташқи шароитларда геосиёсий можароларнинг пассив босқичга ўтиши ва нефть нархларининг пасайиб бориши ҳамда асосий савдо ҳамкорларда иқтисодий ўсишнинг мўътадил давом этиши назарда тутилган. Шунингдек, ички иқтисодий шароитларда умумий фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбатан 3 фоиз атрофида сақланиши, кредитлаш ва ички талаб ўсишининг мувозанатлашуви, тартибга солинадиган нархлар ислоҳотлари якунланиши ҳамда прогноз даврида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши фараз қилинмоқда.
Ушбу шартлар амалга ошган тақдирда, иқтисодий ўсиш 2027 йилда 7-7,5 фоиз, 2028-2029 йилларда 6,5-7,5 фоиз атрофида шаклланиши ва иқтисодий фаолликнинг потенциал ўсиш суръатларига яқинлашиши кутилмоқда.
Прогнозларга кўра, умумий инфляция 2027 йилнинг иккинчи ярмида 5 фоизлик таргетгача пасаяди, 2028-2029 йилларда эса ушбу даража атрофида барқарорлашади. Базавий инфляциянинг 2027 йилда 4-5 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Бунда аввалги йиллардаги энергия ресурслари ва коммунал хизматлар тарифлари ошишининг бевосита таъсири тугаши, қатъий пул-кредит шароитлари таъсирида ялпи талаб ўсишининг мувозанатлашуви, ташқи нарх босимининг юмшаши ва ички таклиф имкониятларининг кенгайиши муҳим омиллар бўлади.
Пул-кредит сиёсати
Асосий сценарийга кўра, 2026-2027 йилларда пул-кредит шароитларини қатъий даражада сақлаш кўзда тутилган. 2027 йилда пул бозоридаги UZONIA ставкасининг реал ҳисобда 6-7 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда. Бу ички талаб ўсишини мувозанатлаштириш, инфляцион кутилмаларни пасайтириш, миллий валютада жамғаришга рағбатни сақлаш ва нархлар ўсишининг иккиламчи таъсирларини жиловлашга хизмат қилади.
Инфляциянинг мақсадли кўрсаткич атрофида барқарорлашуви ва инфляцион босимларнинг пасайиши учун етарли шарт-шароитлар юзага келган тақдирда, пул-кредит шароитларини босқичма-босқич нейтрал даражага яқинлаштириш имконияти кўриб чиқилади. Пул-кредит шароитларини юмшатиш бўйича қарорлар инфляция динамикаси ва макроиқтисодий шароитларга боғлиқ бўлади. Инфляцион босим кучайган ёки иккиламчи таъсирлар кутилганидан юқори бўлган тақдирда, қатъий пул-кредит шароитлари узоқроқ муддат сақланиши мумкин.
Макроиқтисодий ривожланишнинг муқобил сценарийлари
Асосий сценарийдан четланишга олиб келиши мумкин бўлган ташқи ва ички хатарлар алоҳида баҳоланди. Улар қаторига асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг сезиларли қадрсизланиши, нефть ва жаҳон озиқ-овқат нархларининг кескин ошиши, шунингдек, банк тизимида рақобат кучайиши ҳисобига кредитлашнинг жадаллашуви киритилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур омиллар инфляцияни асосий сценарийга нисбатан ошириши мумкин. Улар рўёбга чиққан тақдирда, пул-кредит сиёсати юзага келган макроиқтисодий шароитларга мувофиқ қайта кўриб чиқилади. Бунда асосий эътибор инфляцияни ўрта муддатли истиқболда 5 фоизлик мақсадли даражага қайтаришга қаратилади.
Пул-кредит сиёсати самарадорлигини оширишнинг устувор йўналишлари
2027-2029 йилларда пул-кредит сиёсати трансмиссиясини кучайтириш ва унинг институционал асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, пул-кредит сиёсатининг узоқ муддатли тамойиллари ва устувор вазифаларини белгилаш учун
Пул-кредит сиёсати стратегияси ишлаб чиқилади. Стратегияда белгиланган мақсад ва вазифаларни амалиётга тўлиқ жорий этиш учун алоҳида Йўл харитаси ишлаб чиқилиб, унинг ижроси мунтазам мониторинг қилиб борилади.
Шунингдек, таркибий ликвидлик профицити шароитида банк тизими ликвидлигини бошқариш ва операцион механизмни такомиллаштириш, фоиз коридорини қайта кўриб чиқиш, гаров активларига нисбатан ягона мезонларни жорий этиш ҳамда UZONIAнинг пул бозоридаги бенчмарк ролини кучайтириш режалаштирилган.
Исломий банклар учун шариат тамойилларига мувофиқ ликвидликни жалб қилиш ва тақдим этиш инструментларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш бўйича ишлар давом эттирилади.
Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш салоҳиятини ривожлантириш мақсадида прогнозлаш ва таҳлил тизими, чораклик прогноз модели модернизация қилинади, эҳтимолий прогнозлаш ёндашувлари ва муқобил сценарийлардан фойдаланиш кенгайтирилади. Бу ноаниқликларни чуқурроқ ҳисобга олиш ва пул-кредит сиёсати қарорларини янада асосли қабул қилиш имконини беради.
Бундан ташқари, пул ва молия бозорлари инфратузилмасини ривожлантириш, деривативлар бозорини ривожлантириш, фоиз ва валюта хатарларини хеджирлаш инструментларини кенгайтириш ҳамда ички валюта бозорининг ликвидлиги ва самарадорлигини ошириш чоралари амалга оширилади.
Пул-кредит сиёсати коммуникациясининг тушунарлилиги, изчиллиги ва ҳисобдорлигини ошириш ҳам устувор вазифалардан бўлиб қолади.
Бу борада Пул-кредит сиёсати коммуникацияси умумий стратегияси ишлаб чиқилиб, уни амалга ошириш бўйича Йўл харитаси шакллантирилади. Унда асосий ставка бўйича қарорларнинг асослари, инфляция прогнозлари ва хатарлари, иқтисодий шароитлар ўзгаришига Марказий банкнинг жавоби ҳамда инфляцион таргетга эришиш бўйича ҳисобдорликни ёритиш масалалари қамраб олинади.
Пул-кредит сиёсатининг 2027 йил ва 2028-2029 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари концептуал лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий веб-сайтида эълон қилинади ва билдирилган таклифлар асосида такомиллаштирилади.
Пул-кредит сиёсатининг 2027 йил ва 2028–2029 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари концептуал лойиҳаси.










