Ички валюта бозорини янада ривожлантириш ва банкларнинг валюта операцияларини амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш доирасида 2026 йил 10 августдан бошлаб валюта биржасидаги савдолар соат 17:00 га қадар давом этади.
Савдо сессиясининг узайтирилиши банкларга кун давомида валюта ликвидлигини янада самарали бошқариш, мижозларнинг тўловларини ўз вақтида амалга ошириш ҳамда хорижий валютадаги тўловларнинг узлуксизлигини таъминлаш имконини беради.
Валюта биржасидаги савдолар якунлари асосида 74 та хорижий валютанинг сўмга нисбатан расмий курслари ҳар бир банк иш куни соат 17:30 да Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Расмий валюта курсларидан бухгалтерия ҳисоби, статистика ва бошқа ҳисоботларни юритишда, шунингдек, божхона ҳамда бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда амалдаги тартибда фойдаланилади.
Расмий курслар Марказий банк веб-сайтининг «Валюталар курслари архиви» бўлимида мунтазам жойлаштириб борилади.










