2020 йил 22 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан биринчи марта “Банклараро интеллектуал лига” ўйинларининг дастлабки тури ўтказилди. Унда 19 та тижорат банкидан 150 нафардан ортиқ банк мутахассислари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилиниши муносабати билан Марказий банк томонидан ёш банкчилар учун “Банклараро интеллектуал лига” лойиҳаси ташкиллаштирилди. Лойиҳа ёшларнинг етакчилик, мантиқий ва танқидий фикрлаш, жамоа билан ишлаш каби қобилиятларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Лиганинг дастлабки турида саволлар банк иши ва молия соҳаси, қонунчиликка оид профессионал билимлар ва бадиий йўналишларга бағишланди.
Илк мусобақа натижаларига кўра, биринчи ўринни “Ипак Йўли” банки, иккинчи ўринни Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳамда учинчи ўринни “Алоқабанк” жамоалари эгаллашди. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи бўйича “Бадиий адабиёт билимдони” махсус номинацияси ғолиблигини Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки вакили Саодат Рўзиева қўлга киритди.