Адлия вазирлигида 2018 йил 19 майда 3014-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг эски намунадаги 50 ва 100 сўмлик тангаларини, шунингдек, 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкнотларини айирбошлаш ҳамда муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан:
- 1997 йил намунасидаги 200 сўмлик;
- 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик банкнотлар 2020 йил 1 июлдан қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади.
Эски намунадаги ушбу пул белгилари 2020 йил 1 июлга қадар барча тижорат банклари бўлинмалари, 2020 йил 1 июлдан кейин эса Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармалари Ҳисоб-китоб касса марказлари томонидан қабул қилинади ва муомаладаги пул белгиларига чекланмаган миқдорда алмаштириб берилади.
Шу муносабат билан, эски намунадаги 200 сўмлик ва 500 сўмлик банкнотларингиз мавжуд бўлса, белгиланган тартибда муомаладаги пул белгиларига алмаштириб олишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.