2019 йилнинг 17 июль – 2 август кунлари давомида Марказий банкка ташриф буюрган Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) пул-кредит ва молиявий статистика бўйича техник кўмак миссияси билан ҳамкорликда ХВЖнинг янги таҳрирдаги “Пул-кредит ва молиявий статистикасини шакллантириш бўйича қўлланмаси” талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси бўйича пул-кредит статистикасини юритиш амалиёти такомиллаштирилди.
Хусусан, Марказий банк томонидан шакллантириладиган пул-кредит статистикаси шарҳлари ва маълумотларига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
1. “Марказий банк шарҳи” бўйича:
- Марказий банк шарҳининг, ундаги молиявий активлар
ва инструментларнинг иқтисодиёт субъектлари (секторлари) ҳамда резидентлик мавқеи бўйича ажратилган ҳолдаги кенгайтирилган янги шакли ишлаб чиқилди;
- тижорат банкларининг Марказий банкдаги чет эл валютасидаги вакиллик ҳисобварағидаги маблағлар пул базаси таркибига киритилди.
2. “Банк тизими (депозит корпорациялари) шарҳи” бўйича:
- фуқароларнинг акциядорлик тижорат Халқ банкида очилган шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлар, улардан маблағ эгаларининг исталган вақтда фойдаланиш имконияти чегараланганлиги сабабли, пул массаси таркибидан чиқарилди;
- Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан иқтисодиёт тармоқларидаги инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун тижорат банкларига берилган кредит маблағлари тижорат банкларининг Ҳукумат олдидаги мажбуриятлари сифатида қайта таснифланди;
- шарҳдаги молиявий активлар ва инструментларнинг иқтисодиёт субъектлари (секторлари) ҳамда резидентлик мавқеи бўйича ажратилган ҳолдаги кенгайтирилган янги шакли ишлаб чиқилди;
- амалдаги шарҳ номи “Депозит ташкилотлари (банк тизими) шарҳи” деб қайта номланди.
3. Пул-кредит статистикаси шарҳларида тижорат банклари бўйича алоҳида “Бошқа депозит ташкилотлари (тижорат банклари) шарҳи”ни шакллантириш йўлга қўйилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2019 йилнинг декабрь ойидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси бўйича пул-кредит статистикаси кенгайтирилган янги шаклда эълон қилиб борилади.
Шунингдек, Марказий банк веб-сайти, ХВЖнинг кенгайтирилган Маълумотларни тарқатишнинг умумий тизими (к-МТУТ) ҳамда бошқа статистик ахборот тизимларида жойлаштирилган пул-кредит статистикаси бўйича тарихий маълумотлар ҳам янгиланган шаклда қайта жойлаштирилиши маълум қилинади.
Юқоридаги Пул-кредит статистикаси билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин