Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида 2026 йил 22–26 июнь кунлари ходимларнинг кундалик иш фаолиятида сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган малака ошириш курси бўлиб ўтди. Беш кун давом этган ўқув дастурида Марказий аппарат ва ҳудудий бош бошқармаларнинг жами 150 нафар ходими иштирок этди.
Курс Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги “Рақамли таълимни ривожлантириш маркази” билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ўқув дастури амалий йўналтирилган бўлиб, 15 та модулдан иборат бўлди ва назарий билимлар билан бирга амалий машғулотларни қамраб олди. Иштирокчилар сунъий интеллект ва катта тил моделлари (LLM) асослари, уларнинг банк секторидаги имкониятлари ҳамда чекловлари билан танишдилар.
Курс давомида қуйидаги мавзуларга алоҳида эътибор қаратилди: банк жараёнларида сунъий интеллектни қўллаш имкониятларини аниқлаш; маълумотлар махфийлиги, комплаэнс ва хавфларни бошқариш; профессионал даражада промт муҳандислиги; ChatGPT ва Claude платформалари билан ишлаш; дастурлашсиз (но-cоде) автоматлаштириш воситалари; шунингдек, сунъий интеллект агентларини лойиҳалаш.
Ўқув жараёнида ходимлар реал банк кейслари асосида ишладилар, гуруҳларда ўз банк жараёнлари учун сунъий интеллектга асосланган ечим концепцияларини ишлаб чиқдилар.
Мазкур ташаббус Марказий банк ходимларининг рақамли компетенцияларини ошириш ва замонавий технологияларни банк амалиётига босқичма-босқич татбиқ этиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг бир қисми ҳисобланади. Сунъий интеллект воситаларидан хавфсиз ва масъулиятли фойдаланиш кўникмалари меҳнат самарадорлигини ошириш ҳамда ички жараёнларни такомиллаштиришга хизмат қилади.