Сўнгги ойларда инфляциянинг пасайиш суръати секинлашиб, айрим таклиф омиллари ҳамда ташқи иқтисодий шароитлар таъсирида нархларга босимлар сақланиб қолмоқда. Ички талабнинг юқори суръатларда ўсиши давом этмоқда.
Марказий банк бошқаруви юқори ички талаб, энергия тарифлари ўзгаришининг иккиламчи таъсирлари ҳамда ташқи иқтисодий муҳитдаги ноаниқликлар шароитида инфляцияни 5 фоизлик мақсадли даражасига эришиши учун қатъий пул-кредит шароитларини давом эттиришни зарур деб топди.
Июнь ойида умумий инфляция тезлашиб йиллик 6,4 фоизни ташкил этди. Инфляциянинг тезлашиши асосан тартибга солинадиган энергия тарифларининг ошиши ҳамда кўмир нархларининг эркинлаштирилиши билан изоҳланади.
Базавий инфляция 5,7 фоизни ташкил этиб, сўнгги ойларда деярли ўзгаришсиз шаклланди. Шу билан бирга, иккинчи ярим йилликда тартибга солинадиган нархлар ошишининг иккиламчи таъсирлари инфляциянинг барқарор таркибий қисмларида намоён бўлиши мумкин.
Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайди. Июнь ойида аҳолининг кутилмалари 10,1 фоизни, тадбиркорлар кутилмалари эса 9,9 фоизни ташкил этди.
Нархлари 5 фоиздан юқори ошган товар ва хизматлар улушининг кўпайиши ҳамда базавий инфляциянинг пасайишдан тўхтагани иқтисодиётда инфляцион босимлар сақланиб қолаётгани билан изоҳланади.
2026 йил якунлари бўйича умумий инфляция прогнози 6,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолинди.
Иқтисодиётда юқори фаоллик давом этмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ялпи ички маҳсулот реал ҳисобда 8,5 фоизга ўсди. Чакана савдо ва хизматлар ҳажмининг юқори ўсиш суръатлари истеъмол фаоллигининг, инвестициялар динамикаси эса инвестицион талабнинг юқорилиги билан ифодаланмоқда.
Мамлакатга жалб этилаётган инвестициялар, жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг барқарор ошиб бораётгани, шунингдек, йилнинг иккинчи ярмида кутилаётган фискал харажатлар иқтисодий фаоллик ҳамда ички талабни давомий қўллаб-қувватлаши кутилмоқда. 2026 йил якунида иқтисодий ўсиш 7,5-8 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Глобал иқтисодиётда геосиёсий зиддиятларнинг кучайиши фонида жаҳон бозорида озиқ-овқат ва хомашё нархларининг ошиши бўйича хатарлар сақланиб қолмоқда. Шунингдек, савдо ҳамкор мамлакатлардаги ёнилғи таклифи билан боғлиқ узилишлар, логистика ва ташиш харажатларининг ортиши билан бирга келгусида импорт нархлари орқали ички инфляцияга қўшимча босим яратиши мумкин.
Шу билан бирга, глобал инфляциянинг пасайиш жараёни вақтинчалик тўхташи ва қатор мамлакатларда пул-кредит сиёсатининг қатъийлаштирилиши ташқи молиявий шароитларнинг аввал кутилганидан узоқроқ муддат қатъий бўлиши эҳтимолини оширмоқда. Бу эса ташқи молиялаштириш шароитлари бўйича ноаниқликларни сақлаб қолмоқда.
Айни пайтда пул-кредит шароитлари қатъий даражада шаклланган. Иқтисодиётда реал ижобий фоиз ставкалари аҳолининг жамғаришга бўлган мойиллигини қўллаб-қувватлашга ҳамда кредитлаш суръатларининг мўтадиллашувига хизмат қилмоқда.
Жорий пул-кредит шароитлари иқтисодиётдаги юқори талаб фонида инфляцион босимларни чеклаш ҳамда тариф ўзгаришларининг иккиламчи таъсирларини жиловлаш учун етарли даражада қатъий деб баҳоланмоқда.
Юқоридаги омилларни инобатга олган ҳолда, асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш инфляцияни таргет даражасигача барқарор пасайтириш ва инфляцион кутилмаларни жиловлаш имконини беради.
Марказий банк инфляция ва инфляцион кутилмалар динамикаси, ички талаб омиллари ҳамда ташқи иқтисодий шароитлардаги ўзгаришларни диққат билан кузатиб боради ва нархлар барқарорлигини таъминлаш учун зарур бўлган пул-кредит шароитларини шакллантиришда давом этади.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 16 сентябрь кунига белгиланган.










